Тежамлининг иши бежамлидир

05.12.2023, 12:12

Тежамлининг иши бежамлидир

Сув – ҳаёт манбаи. Оддий истеъмолдан тортиб, қишлоқ хўжалигида етиштириладиган ноз-неъматларгача, бунёд бўлаётган осмонўпар бинолар-у, энг замонавий технологияларгача, барча-барчасини сувсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бироқ, афсуски, табиат томонидан ато этилган бебаҳо неъмат ҳисобланувчи – сув заҳиралри йилдан йилга камайиб бормоқда.  

Айни пайтда дунёдаги кўплаб давлатлар ўзларида мавжуд ресурсларнинг деярли барчасидан максимал даражада фойдаланмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича ўтган асрнинг 60 йилларига қиёслаганда дунёда сувга талаб икки баравар кўпайган. Бунга аҳоли сонининг ортиши, қишлоқ хўжалиги ва саноатнинг ривожланиши таъсир кўрсатди. Иқлим ўзгариши сабаб, дунёнинг кўплаб мамлакатларида аҳоли тоза ичимлик суви етишмаслигидан азият чекмоқда. Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертларининг таъкидлашларича ҳозирда Ер юзида қарийб 1,1 миллиард киши турли даражадаги сув танқислигидан азият чекмоқда.

Президентимиз раислигида жорий йил 29 ноябрь куни қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва йўқотишларни камайтириш чора-тадбирлари юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ҳам айнан шу масала муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, мамлакатимиздаги сув ресурсларининг 20 фоизи ўзимизда, катта қисми қўшни давлатларда шаклланади. Иқлим ўзгариши оқибатида сув манбалари йил сайин камайиб бормоқда. Трансчегаравий дарёларни бошқариш бўйича вазият ҳам жиддий. Буларнинг таъсирида    2030 йилга бориб юртимиздаги сув танқислиги 15 миллиард куб метрга етиши прогноз қилинаяпти.

Йиғилишда таъкидланганидек, мамлакатимиздаги жами сув ресурсининг 90 фоизи фойдаланиладиган қишлоқ хўжалигида юртимизда бир гектар пахта майдонини суғориш учун йилига 10-11 минг кубметр сув сарфлангани ҳолда, иқлими ва ери бизникига ўхшаш мамлакатларда бундан 2-3 баравар кам сув ишлатилаяпти. У ҳам бўлса, сувни тўғри бошқариш, исроф қилмаслик ҳисобига. Сув хўжалигига ҳар йили ўртача 1 миллиард доллар маблағ йўналтирилмоқда. Бу соҳа бюджетдан маблағ олиш бўйича таълим, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалигидан кейин 4-ўринда туради. Аммо тизимда ҳисоб-китоб тўғри йўлга қўйилмагани, сув ресурсларини бошқаришда эскича ёндашувлар сақланиб қолгани учун самара кам. Умуман, сув йўқотишлари оқибатида иқтисодиётимизда йилига 5 миллиард доллар даромад бой берилаяпти.

Шунингдек, мажлисда соҳадаги муаммолар, янги ташаббус ва вазифалар муҳокама қилинди. Давлатимиз раҳбари бир йил давомида сувни тежаш бўйича фавқулодда иш тизимига ўтилишини таъкидлади.

Жумладан, канал ва ариқларни бетонлаш, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, сувни етказиш харажатларини қисқартириш борасидаги ишлар танқидий таҳлил қилиниб, бу борада амалга ошириладиган долзарб вазифалар белгилаб берилди. Бу вазифаларнинг молиявий-ташкилий жиҳатлари бўйича кўрсатмалар берилар экан, сув тежаш жорий этилган майдонларни ҳар йили кенгайтириб бориш, Туркия, Испания ва Хитойнинг бу бўйича тажрибасини ўрганиш муҳимлиги таъкидланди. Сув хўжалиги вазирлигига халқаро молия ташкилотлари билан бирга, насосларни модернизация қилиш бўйича уч йиллик дастур ишлаб чиқиш топширилди. Соҳада замонавий бошқарувни жорий этиш, сув ҳисобини юритиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Видеоселекторда муҳокама қилинган масалалар ҳақида мушоҳада юритар эканман, сувни тежаш, уни исроф қилмасдан фолйдаланиш ҳар биримиз учун ҳам қарз, ҳам фарзлиги аён бўлади. Шукрким, сўнгги йилларда мамлакатимизда Инсон ва унинг манфаатлари энг олий қадрият деб қаралаётган ислоҳотлар сабаб, бугунги кунда тоза ичимлик суви билан таъминланган маҳаллалар, хонадаонлар сони йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Яшириб нима қилдик, яқин яқингача ичимлик сувини фалон пулга сотиб олаётган маҳаллларда бугунги кунда жўмраклардан оқиб ётган сув, ўйламасдан исроф қилинмоқда. Боиси, том маънода юртимизда, бошқа мамлакатларга солдиштирганда “сув текин”.

Биргина мисол, Жиззах вилоятидаги кўплаб аҳоли масканлари тоза ичимлик суви билан таъминланди. Бироқ, бугун мазкур ҳудудлардаги маҳаллаларда сувга бўлган муносабатни кўриб, ичингиз ачийди. Кўчалардаги сув қувурлари жўмраклари ишдан чиққанлиги сабабли, сув исрофгарчилиги катта. Тоза ичимлик суви сарфланаётган машина ювиш шахобчалари ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Афсуски, бундай ҳолатни вилоятнинг барча ҳудудларида кузатиш мумкин.

Очиғини айтиш керак, тоза ичимлик суви нархининг арзонлиги ҳам баъзи ҳолларда исрофгарчиликка сабаб бўлаяпти. Олдимизда оқаётган сувнинг қадри бўлиши учун, уни хонадонларимизгача етиб келишида сарфланаётган маблағ, соҳада ишлаётган одамларнинг меҳнатини қадрлаш, уларнинг ҳаққини тўлиқ узишимиз ҳам қарз, ҳам фарз.

Сув ўз номи билан бебаҳо, У текин эмас. “Қандай неъматни хор қилсанг, унга албатта зор бўласан”, – дейди доно халқимиз. Шундай экан, сувни тежаш, унинг ортиқча исроф бўлишига йўл қўймаслик сув танқислиги муаммосига ечим топишдаги ҳар биримизнинг қўшган ҳиссамиз эканлигини унутмайлик. Зеро, тежамлининг иши бежамлидир.

Шерзод МАМАТҚУЛОВ

O`zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши аппарат раҳбари

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    262
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+