Янги Конституцияда ёшларни қўллаб-қувватлашга оид янги нормалар хусусида маълумотлар берилди

07.12.2023, 18:04

Янги Конституцияда ёшларни қўллаб-қувватлашга оид янги нормалар хусусида маълумотлар берилди

O’zLiDeP Оҳангарон туман Кенгаши ташаббускорлигида Ўзекистон Республикаси Конституциясининг 31 йиллик байрамига бағишланган тарғибот тадбири ташкил қилинди.

“Ёшлар маркази”да ўтказилган тадбирда Оҳангарон тумани Нуробод шаҳарчасидаги ҳарбий қисмда хизмат ўтаётган ҳарбий зобит ва аскарлар, 1-сонли касб-ҳунар коллежи педагог ва ўқувчилари иштирок этишди.

Тадбирда сўзга чиққан партия Оҳангарон туман Кенгаши аппарат раҳбари Мадхия Нишанова йиғилганларни Асосий Қомусимиз қабул қилинган сана муносабати билан табрикларкан, янги таҳрирдаги Конституцияда ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларга қўшимча имкониятлар яратиш борасида қандай янги нормалар киритилгани ҳақида батафсил маълумотлар берди.

Янгиланган Конституциямизнинг 78 ва 79-моддалари ёшларга оид алоҳида нормалар билан тўлдирилди.

Хусусан, давлат ва жамият болаларда ҳамда ёшларда миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқликни, мамлакатидан ҳамда халқнинг бой маданий ва маънавий меросидан фахрланишни, ватанпарварлик ва Ватанга бўлган меҳр-муҳаббат туйғуларини шакллантириш тўғрисида ғамхўрлик қилади, деган норма киритилди. Ушбу норма жамиятнинг тинчлиги, якдиллиги ҳамда давлатнинг барқарор ривожи учун муҳимдир, ва аксинча, айнан ушбу вазифага эътиборсизлик жамият, миллат ва халқнинг таназулига, давлатнинг парчаланишига йўл очади.

Давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантиради, деган норма мустаҳкамланди. Биз демократик, ҳуқуқий давлат қуришга интилар эканмиз, бунга келажагимиз бўлган ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилмасдан туриб, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирокини таъминламасдан туриб, ҳеч қачон эриша олмаймиз.

Давлат ёшларнинг маънавий, интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олишга, соғлиғини сақлашга, уй-жой, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароит яратади, деган норма киритилди.

Мазкур нормалар, нафақат ёшларимиз манфаати, балки бутун жамиятимиз ва мамлакатимизнинг фаровон тақдири учун муҳимдир.

Тадбирда ёшлар вакиллари ҳам сўз олиб, юртимизда ёшларга яратиб берилаётган имкониятларни алқашаркан, янгиланган Конституцияда ҳам алоҳида боб ажратилгани хусусидаги ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашишди. Ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоблар олишди.

Зухро Мирзоҳамдамова,

O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши бўлим мудири

  • Кўрилди
    285
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+