Мақсадлар улкан, вазифалар жиддий

13.12.2023, 12:28

Мақсадлар улкан, вазифалар жиддий

O‘zLiDeP Андижон вилояти кенгашида партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) кенгашлари депутатлари, партия  ҳудудий кенгашлари аппарат раҳбарлари, фахрийлар, ёшлар парламенти аъзолари, фаоллар иштирок этди.

Тадбирда партия етакчиси сўзга чиқиб, янги таҳрирдаги Конституциямизга киритилган ўзгартишлар, хусусан, можаритар ва пропорционал сайловлар ҳақида тушунча берди. Шунингдек, ҳозирги кунда долзарб бўлиб турган тўртта асосий масалага атрофлича тўхталди.  Жумладан,  “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган мақсадлар ижроси бўйича ишчи гуруҳлар томонидан жамоатчилик назорати тадбирларини тизимли ташкил қилиб бориш ғоят долзарб эканини таъкидлади. Бу борада барча ҳудудларда бўлгани каби Андижон вилоятининг туман ва шаҳарларида ижтимоий соҳа объектлари, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари, озиқ-овқат захиралари ҳамда фармацевтика йўналишида олиб борилаётган ишлар атрофлича ўрганилиб, партия депутатлик гуруҳи томонидан мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари эшитувлари ўтказилаётгани қайд этилди.

Ишчи гуруҳлар фаолияти самарадорлигини ошириш борасида  стратегиядаги мамлакатимиз барқарор ривожланиши истиқболини кўзлаган 100 та мақсадни амалга ошириш бўйича партия томонидан “Ҳар бир оила –  тадбиркор”, “Ишбилармон аёл”, “Бир депутат 100 аёлга кўмакчи”, “Бунёдкор аёллар”, “Менинг бизнес лойиҳам” каби лойиҳалар асосида ишлар олиб борилаётгани таъкидланди.

Ушбу тизимли ишларни янада жадаллаштириш бўйича давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг тўғри сарфланиши юзасидан жамоатчилик ва парламент назоратини янада ошириш кераклиги айтилди. Ўз навбатида аҳолини камбағалликдан чиқариш бўйича янги лойиҳа, таклиф ва режаларни ишлаб чиқиб, қонунчилик ва партиямиз сайловолди дастурларида белгиланган тадбиркорлар фаолияти йўналишларини мустақил равишда танлаш ва ривожлантириш борасидаги  ҳаракатларини  қўллаб-қувватлаш бўйича ўз тавсия ва таклифларини бериб ўтди.

Шунингдек, жорий йилнинг 21 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ер ҳисобини юритиш ҳамда кадастр хизматларининг сифатини яхшилаш ҳамда 29 ноябрь куни қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва йўқотишларни камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида ўтказган  видеоселектор йиғилишида қўйилган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан “Сувни тежаш – бурчимиз” лойиҳаси доирасида жамоатчилик назоратини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди. Дарҳақиқат, сиёсий куч сайловолди дастурида ҳам кўрсатиб ўтилганидек, сув ресурслари муаммоси келгуси ўн йилликда минтақамиз ва мамлакатимиз учун энг долзарб масала бўлиб қолаётгани қайд этилди.

Шу ўринда партия раҳбари сайлов қонунчилигидаги янгиликлар хусусида, қонунчилик нормалари, сайлов тизимидаги янгиликлар бўйича ҳам маълумотлар бериб ўтди. Ушбу йўналишда давомли равишда амалий семинарлар ташкил этиш мақсадга мувофиқлигини қайд этди.  

Партия фаолларидан Манзурахон Эгамова ва  Ўктам Ахунов ҳам сўзга чиқиб, йиғилиш кун тартибига киритилган муҳим масалалар юзасидан жойларда олиб борилаётган ишлар ва эришилаётган натижалар хусусида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдиришди.

Йиғилиш якунида барча партия фаоллари олдида турган муҳим вазифалар ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясидаги устувор мақсадларни амалга ошириш борасидаги ишлар белгилаб олинди.

                                               O‘zLiDeP Андижон вилоят кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    225
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+