Маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг фаолияти самарадорлигини янада ошириш давр талаби

09.02.2024, 15:55

Маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг фаолияти самарадорлигини янада ошириш давр талаби

 Жорий йил 2 февраль куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг фаолияти самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларнинг ваколатларини кенгайтириш, уларнинг назорат фаолиятини кучайтиришга қаратилгани билан алоҳида аҳамиятга эга ҳужжат бўлди.

Хусусан, маҳаллий ижроия ҳокимияти органларининг халқ депутатлари Кенгашлари олдидаги ҳисобдорлиги ва масъулиятини ошириш мақсадида маҳаллий вакиллик органларига 10 дан ортиқ қўшимча ваколатлар берилди.

Мазкур ваколатларни тўлақонли рўёбга чиқариш учун 2021 йилда маҳаллий Кенгашларда доимий асосда фаолият юритувчи котибиятлар ташкил этилиб, улар томонидан бугунги кунда 6,5 минг нафардан ортиқ депутатларга ташкилий, ахборот-таҳлилий жиҳатдан кўмаклашиб келинмоқда.

Таъкидлаш жоизки, маҳаллий Кенгашларнинг ушбу ваколатларини амалга оширишда депутатлар ва котибият ходимларидан мустаҳкам сиёсий-ҳуқуқий билимлар талаб этилади.

Албатта, бугунги кунда ҳам Олий Мажлис Сенати вакиллик органлари фаолиятига услубий-амалий жиҳатдан кўмаклашиб, маҳаллий Кенгашлар котибиятларининг фаолиятини самарали ташкил этиш, назорат-таҳлил тадбирларини ўтказиш бўйича амалий семинарлар ўтказиб борилмоқда.

Ушбу амалиётни изчил давом эттириш айни муддао бўларди.

Фармонда ушбу масалага ҳам эътибор қаратилган, маҳаллий Кенгаш депутатлари ва котибиятлари ходимларининг сиёсий-ҳуқуқий билимларини юксалтиришга қаратилган ўқувларни ташкил этиш бўйича муҳим вазифалар белгиланган.

Бу борада амалга ошириладиган тадбирлар натижасида Янги Ўзбекистон маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг фаолияти янги босқичга олиб чиқилади.

 Фармонда маҳаллий Кенгашлар биноларига ва уларни моддий-техника жиҳатидан жиҳозлашга доир минимал талабларни ишлаб чиқиш белгиланган.

Маҳаллий Кенгашлар фаолиятининг дастлабки даврларида депутатлар, доимий комиссияларнинг фаолияти учун хона, тегишли жиҳозлар ажратилмаган бўлиб, зарурий шароитлар яратилмаган эди.
Бу эса, ўз навбатида уларнинг фаолияти самарадорлигига салбий таъсир кўрсатган.

Охирги йилларда айниқса маҳаллий кенгашлар фаолиятини ташкилий -техник таъминлаш мақсадида котибиятлар ташкил этилгандан кейин Олий Мажлис Сенати ҳамда маҳаллий ҳокимликлар томонидан Кенгаш ҳамда унинг котибиятлари фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратилди.

Янги Конституцияда жорий йилги сайловлардан кейин вилоятлар ва Тошкент шаҳрида, 2026 йилдан эса туман ва шаҳарларда ҳокимларнинг кенгашга раҳбарлик қилиш амалиётининг бекор қилиниши белгиланди. Шу билан бирга, Кенгашларнинг ваколат ва функцияларининг кенгайиши, уларнинг фаолияти учун қўшимча шароитлар яратилиши лозимлигини кўрсатмоқда.

Нодира Каримова,
Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгаши
котибият мудири,
O’zLiDeP фаоли

  • Кўрилди
    190
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+