Аграр соҳада ислоҳотлар изчил давом этади

15.02.2024, 17:42

Аграр соҳада ислоҳотлар изчил давом этади

Бу ҳаммамизга аён ҳақиқат аслида. Қайси соҳа вакили бўлмасин, шу юрт, шу халқ тинчлиги, фаровонлиги йўлида ҳалол хизмат қилмоғи шарт. Шу маънода Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитовни камдан кам ҳоллардагина пойтахтда учратиш мумкин. Ундаям ўзи раҳбарлик қилаётган парламент қуйи палатасидаги йирик фракцияда жиддий сиёсий муҳокамалар ё  ялпи йиғилишлар жараёнида иштирок этиш учун етиб келади.

Хуллас, ўтаётган ҳафтада ҳам партия лидерининг иш вақти ўта тиғиз эканига қуйидаги жонли мулоқотлар, учрашувлар мисол бўла олади. Оролбўйидаги Хоразм, Қорақалпоғистон Республикаси қаерда-ю, водийнинг Фарғона, Андижон вилоятлари қаерда? Лекин ҳаммасига улгуриш керак.

ХОРАЗМ вилояти Хива туманига қарашли Истиқлол маҳалласидаги хонадонларда ташкил этилган иссиқхоналар таърифига тил ожиз. Масалан, ўз ҳовлисидаги 10 сотих жойда иссиқхона қурган Шукуржон Отажонова айни қиш палласида помидор, булғор қалампири, бодринг ва бошқа маҳсулотлар етиштириб, ички бозорга сотиб даромад топаётир.

Яна бир оила бекаси Ҳажарбийи Қурёзова ўзларига тегишли уйни оилавий меҳмонхона сифатида ташкил қилиб, маҳаллий ва хорижий меҳмонларни Хиванинг гўзал табиати, ноёб обидалари ва қадамжолари билан таништиришда беминнат хизмат кўрсатаётгани кўпчиликни қувонтирмоқда. Қолаверса, улар ҳам қўшниларига ҳавас қилиб, ўн сотихли иссиқхона қуриб, турли хил кўкатлар, исмалоқ, картошка етиштиришмоқда.

Актам Хаитов ўзаро мулоқотда бундай оилаларнинг иш тажрибаси билан яқиндан танишиш баҳонасида партия ва маҳалла фаоллари бу борада аҳолининг барча қатламлари иштирокида фойдали маҳорат дарсларини кўпроқ уюштириш лозимлигини таъкидлади. Ва экин турларини кўпайтириш, йилига тўрт мартагача ҳосил олишни йўлга қўйиш бўйича тавсиялар берилди. “Нуржаҳонгир Мирзо” фермер хўжалиги аъзоларининг фаолияти ҳам кўпчиликка манзур бўлди.

Шу тумандаги Парчанхос маҳалласи аҳли асосан гул, манзарали ва мевали дарахт кўчатлари етиштириш бўйича воҳада довруқ таратган. Маҳаллани ривожлантиришнинг асосий драйвери иссиқхона хўжалиги, гулчилик, кўчатчилик йўналишлари ҳисобланади. Бу ҳудудда икки гектарлик майдонни эгаллаган иссиқхонани рамзий маънода ўзига хос аграр мактаби дейиш ҳам мумкин.

Тажрибали тадбиркор Оллаберган Оллаберганов ташаббуси билан қурилган иссиқхонада айни пайтда 50 минг тупдан ортиқ гул кўчатлари парваришланяпти. Асосан япон сафораси, шафран, виола, филаргония каби гул навлари етиштирилмоқда. Қувонарли жиҳати, ўн нафар хотин-қиз бу ерда доимий иш билан таъминланган.

– Гул кўчатлари етиштириш нозик, машаққатли, лекин сердаромад иш, – дейди гулчилар устози Оллаберган оға мамнунлик билан. – Кўчатлар мавсумга қараб етиштирилади. Ҳар бир кўчат турига қараб турлича ишлов берилади, парваришланади. Тажриба бўлмаса қийин иш бу. Ишлаётганлар, аввало, бу нозик соҳанинг сир-асрорларини пухта ўзлаштиришлари шарт. Аксинча, даромад олиш жуда қийин кечади.

– Маҳалламизда гулчилик ва кўчатчиликни ривожлантириш, асосийси, бандликни таъминлаш, оилалар даромадини ошириш энг машаққатли вазифа, – дейди “Парчанхос” МФЙ раиси Ибрагим Атаев. – Бизда деярли ишсиз аёллар қолмади. Хусусан, бир нафар эҳтиёжманд аёлга субсидия асосида тикув машинаси олиб берилди, 85 нафар аёлга деҳқончилик қилиш учун 15 сотихдан ер ажратилди. Қолганлари эса маҳаллада иш олиб бораётган гулчиларга бириктирилди.

Мулоқотлар давомида “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари”да турувчиларга кўпроқ эътибор қаратилаётгани айтилди.

Хонқа туманидаги “Naturella” бренди остида сут ва сут маҳсулотлари, ун маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ёш тадбиркор Шоҳрух Қаландаров ташкил этган кўп тармоқли корхонада бугунги кунда 200 нафардан йигит-қизлар иш билан таъминлангани бошқалар учун ибрат намунаси эканини алоҳида таъкидлаш керак. Оддий мисол, бу корхонанинг сифатли маҳсулотлари аллақачон ўз мижозларига эга. Италия технологияси асосида кунига 10 тоннагача сут қайта ишланиб, 28 турдаги сут маҳсулотлари халқимиз дастурхонига ҳамда тумандаги мактабгача таълим ташкилотларига етказиб бериляпти. Келгусида тажрибали тадбиркор ўз иш фаолиятини янада кенгайтириб, маҳсулотларини хорижга экспорт қилиш ва қўшимча тармоқларни ишга тушириш орқали 250 нафар иш ўрни яратишни мақсад қилган.

Ушбу гигант корхонада ташкил этилган суҳбат ҳам кўпчиликда катта тассурот қолдирди.

Мамлакатимизда экин ерларидан самарали фойдаланиш, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқда фуқароларнинг бандлиги ва фаровонлигини ошириш бўйича олдинда турган долзарб масалалар ҳам ўзаро мулоқотлар ва Янгибозор, Хонқа ва Боғот туманларида ўтказилган семинарларда муҳокама қилинди.

Тадбирлар доирасида “Бир ҳудуд – бир маҳсулот” тамойили асосида деҳқон хўжаликлари фаолиятини ташкил этиш борасидаги ишлар, экспортбоп маҳсулотларни етиштириш тажрибалари намойиш этилди.

Таъкидлаш жоизки, Ер кодекси ҳамда “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартириш ва қўшимчага кўра, деҳқон хўжалиги юритиш учун чорва озуқаси экинларини етиштириш мақсадида Президент қарори билан белгиланган айрим ҳудудларга 0,06 гектардан 5 гектаргача бўлган ўлчамда ер участкалари берилади. Мулоқот давомида қонунчиликдаги янгиликлар, Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 1 февралдаги деҳқон хўжаликлари кооперациясини ривожлантиришга оид қарори мазмун-моҳияти билан таништирилди.

ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН Республикасининг  Беруний туманида фаолият кўрсатаётган фермерлар билан кечган жонли мулоқот муҳокамаларга бой бўлди. O‘zLiDeP фракцияси раҳбари, ўз навбатида, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси сифатида ҳам тадбир иштирокчиларига мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлиги ва ички бозорларда нархлар барқарорлигини таъминлаш ҳамда аграр соҳада аҳолининг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш орқали даромадини ошириш, “Бир ҳудуд – бир маҳсулот” тамойили асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кенгайтириш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш юзасидан олиб борилаётган ислоҳотлар хусусида сўзлаб берди.

Эътиборлиси, тумандаги “Озод интенсив боғ” фермер хўжалигида семинар ҳам ташкил қилинди. Президентимизнинг “Деҳқон хўжаликлари ташкил этишни қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли даромадларини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ берилаётган имтиёзлар хусусида иштирокчиларга энг муҳим маълумотлар етказилди.

ФАРҒОНА вилояти ҳақида гап кетганда, аввало, бу ҳудуд аҳлининг боғдорчилик, зироатчилик бобида, шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилаётган улкан ислоҳотларда ўз ўрни, беқиёс улуши алоҳида тилга олинади. Ва табиийки, давлатимиз раҳбари раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ҳам аграр тармоқнинг бир бўлаги бўлган  мева-сабзавот етиштириш ва бу борада экспорт салоҳиятини янада ошириш масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилингани бежиз эмас. Ушбу мақсадлар учун аҳолига яна 60 минг гектар ерларни тарқатишга қарор қилингани, натижада 1,5 миллион тонна қўшимча маҳсулот олиб, экспортни яна 200 миллион долларга ошириш кўзда тутилгани баробарида ёшларнинг деҳқончилик соҳаси бўйича тажриба ва малака ошириши учун барча имкониятлар ишга солиниши лозимлиги қайд этилди.

Айниқса, аҳолига бўлиб берилган ер майдонлари ҳамда томорқа ерларига саноат ва кооперацияни кенг олиб кириб, қўшимча 1 миллиард долларлик маҳсулот етиштириш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди. Бу каби имкониятларни кенгроқ ишга солиш учун 1 триллион сўм кредит учун ресурс ажратилиши ва бу кредитлар кооперация асосида маҳсулот етиштириш, техника, айланма маблағ учун 100 миллион сўмгача гаровсиз, 150 миллион сўмгача гаров таъминоти 50 фоизга пасайтирилган ҳолда берилиши соҳада жиддий ислоҳотлар бошланаётганидан дарак беради.

Президент ўша кунги йиғилишда мамлакат миқёсида муҳим тармоқлардан бири бўлган иссиқхона хўжаликларини кредитлаш механизмини қайта кўриб чиқиш борасида ҳам соҳа мутасаддиларига жиддий топшириқлар юклади. Масалан, ёқилғисиз иситиладиган, ихчам иссиқхоналарни барпо қилиш тажрибасини қўллаб-қувватлаб, тайёр ҳолда топшириш шарти билан 10 сотихли 200 тагача ихчам иссиқхона қуриш вазифаси қўйилиб, “Оилавий тадбиркорлик” дастури доирасида 100 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратилиши таъкидланди.

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов Фарғона вилоятига уюштирган сафарида айнан юқорида белгилаб берилган долзарб вазифалар доирасида “Илясов” масъулияти чекланган жамияти томонидан қурилган иссиқхона фаолияти билан танишди. Фарғона шаҳридаги “Бешбола” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли деҳқончилик хўжалигида  бўлиб ўтган йиғилишда ҳам айнан Президентимиз томонидан мазкур селекторда кўрсатиб ўтилган топшириқлар ижроси юзасидан фикр алмашилди.

Эътиборли жиҳати, иссиқхоналар ва ижтимоий объектлар учун  замонавий иситиш қозонлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган Фарғона шаҳридаги “АLTER  HEATING” МЧЖ ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти кўпчиликнинг эътиборини тортди.

АНДИЖОН вилоятида тадбиркорликни ривожлантириш,  саноат ва қишлоқ хўжалигида илғор технологияларни жорий қилиш, меҳнат  унумдорлигини ошириш,  ер, сув ва бошқа табиий ресурслардан тежамкор  фойдаланиш, ишлаб чиқаришда сифат  ва самарадорликка эришиш,  экспортбоп  маҳсулотлар етиштиришда ўзига хос тажриба мактаби  яратилган, десак муболаға бўлмайди. Айниқса, Асака тумани ўзининг  нафақат саноати, балки қишлоқ хўжалигида узумчилик, боғдорчилик, кўчатчилик ва шахсий томорқа хўжалигидан унумли фойдаланиш борасида ҳам катта ислоҳотлар майдонига айлангани сир эмас.

O‘zLiDeP раиси Актам Хаитов Асака тумани “Отиш” МФЙга қарашли Қўрғонча  кўчасида истиқомат қилувчи  Бозорбой ака ва Азизахон опа Собировлар хонадонидаги ўттиз сотихлик каттакон иссиқхонани кўздан кечирар экан, асакаликлар чин маънода ишнинг кўзини билиши, ер билан тўрт фаслда ҳам тиллаша олишига алоҳида урғу берди.

“Биламан, Бозорбой акага ўхшаган андижонлик қўлигул инсонлар бир йилда уч мартагача ҳосил олмаса, тинчимайди. Сизнинг тимсолингизда ҳақиқий деҳқон, миришкор қандай бўлмоғини бошқалар ҳам англаб етиши керак. Агар имкони бўлса, бу каби тажрибаларни туманнинг 77 та маҳалласига ёйиб, оммалаштирсак, ғоят  савобли иш бўлмайдими?” деди А.Хаитов.

Шундан сўнг партия вилоят кенгаши фаоллари, фермер ва томорқачилар иштирокида ўтказилган тадбирда, энг аввало, 12 февраль куни Президентимиз раислигида аграр соҳадаги устувор вазифа ва режалар ҳамда қишлоқ хўжалигида янги захираларни ишга солиш, унумдорликни ошириш, соҳани тизимли ривожлантириш, сув, ер ресурслари ва замонавий технологиялардан  оқилона фойдаланиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган долзарб вазифаларнинг мазмун-моҳиятига батафсил тўхталинди.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    269
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+