Президентимиз ишончига муносиб бўламиз

20.02.2024, 15:09

Президентимиз ишончига муносиб бўламиз

Бугунги кунда теварак-атрофга теран нигоҳ ташлаган ҳар бир юртдошимиз ижтимоий ҳаётимиздаги улкан ўзгаришларни, кишилар онгу тафаккуридаги янгиланишларни яққол ҳис этади. Тезкор ва шиддат билан ўтиб бораётган бугунги кунда ўлкамизнинг ҳар бир гўшасида, чекка-чекка маҳаллаларда замонавий, кўп қаватли уй-жойлар, кўркам иморатлар, ишлаб чиқариш корхоналар қад ростлаётгани, кенг ва равон йўллар, боғлар бунёд этилаётганлиги қалбларимизга ўзгача сурур ва қувонч бахш этади.  

Буларнинг бари давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган оқил ва халқчил сиёсатнинг, ҳамжиҳат халқимизнинг самарали меҳнатлари натижасидир. Айниқса, Президентимиз юртимизнинг порлоқ келажаги, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида, аввало, халқимиз тинчлиги ва фаровонлигига алоҳида эътибор қаратмоқда. Юртбошимизнинг ҳар бир саъй-ҳаракати, ташаббус ва ғоялари замирида халқимизни рози қилиш, йиллар давомида одамларни қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этишдек эзгу ва хайрли мақсадлар ётади.  

Буни Президентимизнинг 15-16 февраль кунлари вилоятимизга ташрифи, амалга оширилган ишларга берган баҳоси, вилоятни янада ривожлантириш бўйича берган топшириқ ва вазифалари мисолида ҳам яққол кўришимиз мумкин.  

Юртбошимизнинг жорий йилда мамлакатимиз ҳудудларига қилган илк ташрифи Андижонга бўлганлиги бежиз эмас. Чунки Андижон вилояти кейинги йилларда саноат, энергетика, қурилиш, енгил саноат, туризм, қишлоқ хўжалиги, қўйингки, бошқа қатор соҳаларда юқори натижаларга эришаётганлиги, андижонликлардаги шижоат, интилиш, эртанги кунга ишонч ва умид давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида, десам, асло муболаға бўлмаса керак.  

Ташриф доирасида вилоятимиз ижтимоий ҳаётининг барча жабҳалари қамраб олинди. Бирорта тармоқ Президентимиз эътиборидан четда қолмади. Энг қайноқ ва долзарб тизимларнинг ичига кириб, муаммо ва ечимини кутаётган масалаларга тўхталди. Ҳудудлар салоҳияти ва маҳаллий  шароитларига мос лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ таклиф ва тавсияларни берди. Ўз навбатида андижонликларнинг ҳаёти, яшаш, меҳнат шароитлари билан яқиндан танишди, уларга кўтаринки руҳ ва аъло кайфият улашди.  

Қатор объектларда хорижий ҳамкорлар билан биргаликда амалга оширилаётган лойиҳаларни кўздан кечирди. Хорижий инвесторлар ҳамда аҳоли вакилларининг фикр-мулоҳазаларини, келгуси режаларини эшитди. Айниқса, Асака, Андижон туманларидаги саноат корхоналари, Марҳамат тумани, Андижон шаҳридаги таълим, спорт муассасалари ва бошқа қатор объектларда бўлиб, тадбиркорлар, педагоглар, ишчи-хизматчилар, спортчилар, ёшлар билан ўтказган суҳбат ва мулоқотлари ҳар бир андижонликнинг қалбини тўлқинлантирди.  

Давлатимиз раҳбари Андижон аҳлига муносиб турмуш шароитлари яратиш учун янг-янги лойиҳаларни ишга тушириш, янги иссиқлик тармоғини қуриш, кўп қаватли, замонавий турар-жойлар барпо этиш масалаларига алоҳида тўхталди.  

Хонобод  шаҳрида вилоят фаоллари билан ўтказган йиғилишида кенг кўламли масалаларга тўхталди. Ижтимоий соҳаларни ривожлантириш, Андижон инфратузилмаси ва хизмат кўрсатиш соҳаларини янгидан модернизация қилиш, иқтисодиётнинг асоси бўлган саноатни,  мебелсозлик  драйверини яратиш, тиббиёт ва фармацевтика, IT соҳаларини ривожлантириш, аҳолини камбағалликдан чиқариш, бандлигини таъминлаш, кластер корхоналар ташкил этишга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш, маҳаллани қўллаб-қувватлаш, бунинг учун зарур маблағ ажратилиши бўйича берган топшириқ ва кўрсатмалари, таклиф ва ташаббуслари барчамизни беҳад қувонтирди.  

Президентимиз андижонликларнинг мўъжизалар яратишга қодир, изланувчан, ташаббускор, ҳар қандай мураккаб ишларнинг ҳам уддасидан чиқа оладиган, бунёдкор эканлигига катта ишонч билдирди. Биз андижонликлар ана шу ишончга муносиб бўлишга интилиб, Президентимиз қўйган вазифаларни амалга ошириш учун астойдил ҳаракат қиламиз.  

Хуршидахон Халилова,

O'zLiDeP Андижон вилояти Кенгаши раиси, Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати.

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    141
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+