Узунлик хотин-қизлар ҳунарли бўлмоқда

04.04.2024, 11:17

Узунлик хотин-қизлар ҳунарли бўлмоқда

Узун туман Кенгашидаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Сафаргул Ражабова ташаббуси билан тумандаги “Янги йўл” маҳалласида истиқомат қилаётган 8 нафар ишсиз хотин-қизлар тикувчилик цехида ўқишди.

Тикув цехи раҳбари Барно Обидова уларга тикиш сирларини, бичиш техникасини ўргатди. Шундан сўнг, уларга субсидия асосида тикув машинкалари олиб берилиб, тадбиркорлик қилишлари учун имконият яратилди.

O`zLiDeP Сурхондарё вилояти Кенгаши "Аёллар қаноти", партиянинг  Узун тумани Кенгаши депутати С.Ражабова бошчилигида  “Бунёдкор аёллар” лойиҳаси доирасида “O`zLiDeP - тадбиркор аёллар манфаатлари ҳимоячиси”  мавзусида  ташкил этилган бизнес-турда Барно Обидованинг цехига ташриф буюрилди. У ерда ҳунар ўрганаётган аёллар билан суҳбатлашилди. Жараёнда маҳалладаги бошқа ишсиз хотин-қизларнинг ҳам ҳунар ўрганишга иштиёқи ортди.

-  Мен ҳам бошқа аёлларга ўхшаб, нимадир ҳунар билан шуғулланишни жудаям истардим,— дейди Хосият Чўпонова. — Тикувчиликни ўрганганим ва ўқув курсини тамомлагач, тикув машинкали бўлганим менинг бу орзуимни амалга оширишга туртки бўлди. Эндиликда маҳалладаги хотин-қизларнинг оғирини енгил қилиш учун уйда ўтириб, уларга турли либослар тикишни йўлга қўймоқчиман. Бир ҳунарнинг бошини тутганим учун жудаям хурсандман.

-  Тадбиркор Б.Обидова маҳалладаги тикувчиликка  қизиқиши бор “Аёллар дафтари”, “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари”да ишсизлик бўйича рўйхатда турган, аммо ишлаш истаги бор меҳнатга лаёқатли аёлларни ўқишга таклиф қилганида жуда хурсанд бўлдим, — дейди O`zLiDeP Узун туман Кенгаши раисининг аёллар масалалари бўйича ўринбосари, депутат С.Ражабова. — Тезда 8 нафар аёлни тадбиркорга бириктирдик, мана бугун улар ҳам ҳунарли, ҳам машинкали бўлишди. 

Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобида келтирилган “хотин-қизларнинг меҳнат шароитини яхшилаш, уларни, айниқса, қишлоқ жойлардаги ёш қизларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармадчиликка кенг жалб этиш масалаларида ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш керак”лиги тўғрисидаги фикрлар бугун ҳаётга татбиқ этилаётир. Муҳими, бунда ишсизлик, камбағалликни қисқартиришга эришилмоқда.

O`zLiDeP Сурхондарё вилояти Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    116
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+