Ўзбекистон-Корея муносабатларида юқори технологик ва инновацион шерикликнинг янги даври бошланмоқда

15.06.2024, 11:52

Ўзбекистон-Корея муносабатларида юқори технологик ва инновацион шерикликнинг янги даври бошланмоқда

1992 йилда Корея Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида  дипломатик муносабатлар ўрнатилди, 2019 йилда эса, ҳамкорлик  мақоми  алоҳида стратегик  шериклик  даражасига кўтарилди.

Дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан сўнг, инвестиция соҳасидаги ҳамкорлик катта муваффақиятларга эришганини алоҳида таъкидлаймиз. Бугунги кунда Корея сармояси ҳажми 7,5 миллиард доллардан ошди. Айни дамда, 9,6 миллиард долларлик янги лойиҳалар портфели шакллантирилган.

Мамлакатимизда энергетика, кимё, автомобилсозлик, электротехника, тўқимачилик, озиқ-овқат ва бошқа соҳаларда 726 та қўшма корхона фаолият юритмоқда.  2017  йилдан буён мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 1,4 млрд доллардан 2,5 млрд долларгача ошиб, 1,7 баробар ортди. 2023 йилда Ўзбекистон товар айланмасида Корея Республикасининг улуши 3,7 фоизни ташкил этди. 2024  йилнинг январь-апрель ойларида товар айирбошлаш ҳажми 695 млн. долларга етди. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 736 та инвестиция компанияси, жумладан LOTTE Chemical, POSCO International Textile, KT, GKD, Банк KDB, Lotte Hotel, Samsung Electronics ва бошқа компаниялар фаолият кўрсатмоқда. Соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида катта ютуқларга эришилди, хусусан Болалар миллий тиббиёт маркази, КOICA касбий таълим  марказлари очилди.

2023 йил ноябрь ойида Корея Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида иқлим ўзгариши бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди. Ҳужжат иқлим ўзгаришига ўз вақтида жавоб бериш  мақсадида қайта тикланувчи энергия манбалари ва яшил иқтиодиётни  ривожлантириш  соҳасида  қўшма ишларни рағбатлантиришга қаратилган.

Таълим соҳаси ҳам Корея-Ўзбекистон ҳамкорлигининг тобора кенгайиб ва чуқурлашиб бораётган муҳим  соҳаси сифатида алоҳида ажралиб туради. Масалан,Ўзбекистонда «Инха», «Аджу» ва «Пучхон» каби учта  корейс университети самарали фаолият юритмоқда. Ўз навбатида, Корея Республикасида «Ханкук» чет тиллари университети, Тэгу шаҳридаги  «Кемён» ва  Пусан чет тиллари университетида минтақамиз билан боғлиқ  факультетлар фаолият кўрсатмоқда.

2022 йилдан буён Тэгу шаҳри  ва  Бухоро вилояти ўртасида (2022 йил август), Инчон шаҳри ва Фарғона вилояти ўртасида (2022 йил декабрь), Чуннамдо  провинцияси ва Фарғона вилояти ўртасида (2023 йил март), Пусан ва  Самарқанд шаҳарлари ўртасида (2023 йил август), Кёнсан ва  Наманган шаҳарлари ўртасида (2023 йил август), Кванджу ва  Самарқанд шаҳарлари ўртасида (2023 йил октябрь) дўстона ҳамкорлик  тўғрисида 6 та битим  имзоланди.

Ўзбекистон-Корея муносабатларини ривожлантиришда корейс диаспораси алоҳида ўрин тутади. Ўзбекистонда 170 мингдан зиёд корейс истиқомат қилади, бу Марказий Осиёда яшаётган корейслар умумий сонининг энг катта кўрсаткичидир.  Мамлакатимиз юксак бағрикенглик ва давлат бошқарувининг  дунёвийлиги билан ажралиб туради. Ўзбекистондаги корейс миллати фуқаролари ўзбек жамиятида тинч-тотув яшаб, 2030 Стратегиясини амалга  оширишга  муносиб ҳисса қўшишмоқда. Ишончимиз комилки, 2027 йилда Ўзбекистонда корейс диаспораси истиқомат қилаётганининг 90 йиллиги кенг нишонланади. 

Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёльнинг  Ўзбекистонга амалга оширган давлат  ташрифи  давомида бу ва бошқа масалалар муҳокама қилинди. Дастлаб Корея Республикаси Президенти Бош вазир Абдулла Арипов ҳамроҳлигида пойтахтимиздаги "U-ENTER" инновацион тадбиркорлик марказида бўлди. 

Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги ва Корея ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш агентлигининг қўллаб-қувватлови билан ташкил этилган "U-ENTER" инновацион тадбиркорлик маркази Жанубий Кореянинг илғор тажрибаси асосида ўзбекистонлик ёш тадбиркорларга ўз бизнес лойиҳаларини амалга оширишлари учун ҳар томонлама кўмак беришга мўлжалланган.

Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Юн Сок Ёль билан турли йўналишларда, жумладан, энергетика ва инфратузилма, соғлиқни сақлаш ва тиббиёт, иқлим ва атроф-муҳит, фан-техника, таълим каби соҳаларда икки томонлама муносабатларни янада ривожлантиришни муҳокама қилинди. Президентлар келгуси уч йилга Ўзбекистон-Корея алоҳида стратегик шериклигининг янги юқори технологияли кун тартибини шакллантириш муҳимлигини таъкидладилар.

Хусусан, давлатимиз раҳбари буни “Икки мамлакатнинг юқори технологияли ва инновацион ҳамкорлигининг янги даври” деб эълон қилиш ташаббуси билан чиқди. Шу муносабат билан ҳукуматларга Ўзбекистонда минтақавий юқори технологик хаб яратиш бўйича стратегик дастурни тайёрлаш топширилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёль ўртасида бўлиб ўтган самарали музокаралар якунлари бўйича икки томонлама ҳужжатларнинг салмоқли тўплами қабул қилинди. Давлат раҳбарлари fлоҳида стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш ва ҳар томонлама кенгайтириш тўғрисидаги Қўшма баёнотни имзоладилар, шунингдек,  Иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик жамғармаси билан ҳукуматлараро битим; Тезюрар электр поездларини харид қилиш ва етказиб бериш тўғрисида битимлар;  «Тошкент Фарма Парк» инновацион фармацевтика кластери лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида битим; Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум ва бошқа ҳужжатлар имзоланди.

Умуман олганда,  бўлиб ўтган ташриф икки мамлакат ўртасида  савдо ва инвестицияларни фаоллаштириш ҳамда соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа соҳалардаги ҳамкорилкни ривожлантириш йўлидаги навбатдаги қадам бўлди.  Ахборот технологиялари,  Ўзбекистоннинг озиқ-овқат хавфсизлигини  таъминлашга ёрдам берадиган қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик соҳаларидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш учун янги имкониятлар яратилади. Шу тариқа, Корея Республикаси бундан кейин ҳам Ўзбекистоннинг жадал ва инновацион ривожланишида асосий шериги бўлиб қолади.

Актам ХАИТОВ,

ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси

 

 

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    169
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+