O‘zLiDeP делегацияси Туркий давлатлар ташкилоти сиёсий партиялари конференциясида қатнашди

20.06.2024, 10:05

O‘zLiDeP делегацияси Туркий давлатлар ташкилоти сиёсий партиялари конференциясида қатнашди

Шу йилнинг 13-16 июнь кунлари O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов бошчилигидаги партия делегацияси “Янги Озарбaйжон” партияси ташаббуси билан Шуша шаҳрида ташкил этилган “Турк давлатлари ташкилоти: замонавий геостратегик реалликлар ва глобал бўҳронлар даврида янги стратегик мақсадлар сари” мавзусидаги халқаро конференцияда қатнашди.

Анжуманда Туркия, Озарбaйжон, Қозоғистон, Венгриянинг етакчи сиёсий партиялари вакиллари, бир неча давлатларнинг фавқулодда ва мухтор элчилари иштирок этишди.

Жаҳон сиёсатида вазият ниҳоятда мураккаблашиб бормоқда, шундай шароитда қардош туркий халқларнинг етакчи сиёсий партиялари муаммоларга биргаликда жавоб излаши муҳим аҳамият касб этади. Озарбaйжон Президенти Илҳом Алиев анжуман иштирокчиларига йўллаган табригида ҳам ҳозирги замонда глобал катаклизмлар халқаро муносабатлар тизимининг геосиёсий воқеликларидан бирига айланиб улгурганига урғу берилди. Дунёнинг турли бурчакларида этник ва диний низолар, сиёсий қарама-қаршиликлар, тартибсизлик ҳамда анархия ҳолатлари кўзга ташланмоқдаки, бу алоҳида давлатлар ва умуман халқаро хавфсизлик тизимига жиддий хавф туғдирмоқда.

Туркий давлатлар ташкилотига кирувчи мамлакатларнинг ҳар бири бугун дунё сиёсатида мавқеи ошиб бораётган таъсир марказларига айланаётир. Дунё­да ўзаро ишончсизлик ҳукм сураётган бир даврда бундай кучга тўлган ҳамда навқирон давлатлар ўртасида шаклланган дўстлик ва биродарликка асосланган алоқалар халқаро муносабатларнинг янги модели сифатида баҳоланмоқда, дунё ҳамжамияти эътиборини жалб қилмоқда. Илҳом Алиев ўз табригида Туркий давлатлар ташкилотига бирлашган давлатлар сиёсий партияларининг ўзаро манфаатли ҳамкорлиги муштарак мақсадларни амалга оширишда муҳим ўрин тутишига ишонч билдирди.

Анжуман ташкилотчилари томонидан тайёрланган “Биргаликда биз катта кучмиз!” видеофильмида ташкилот доирасида амалга оширилаётган кўп томонлама ҳамкорлик тарихи очиб берилди. Эътиборли жиҳати, ушбу видеофильмда Ўзбекистон Республикасининг ташкилот доирасида тутган алоҳида нуфузи, давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган фикрлар ва тавсияларга марказий ўринлардан бири берилган.

Конференция иши “Туркий давлатлар ташкилоти: глобал хавфсизликка минтақавий ҳисса”, “Қадриятлар ҳамда замонавийликни бирлаштириш: партия дипломатияси янги мулоқот майдони сифатида” мавзуларида икки қисмдан иборат бўлди. Туркиянинг “Адолат ва тараққиёт” партияси раиси биринчи ўринбосари, Туркия Буюк Миллат мажлиси депутати Э. Ала, “Янги Озарбaйжон” партияси раисининг ўринбосари – партия марказий аппарати раҳбари Т. Будагов, Озарбaйжон Миллий Мажлиси депутати Р. Хасан, Қозоғистоннинг “Аманат” партияси ижроия котиби Д. Карибек, Туркия Буюк Миллат мажлиси депутати
Ш. Айрим, Озарбaйжон Республикаси Бош вазири ўринбосари, “Янги Озарбaйжон” партияси раиси ўринбосари
А. Ахмедов, Туркиянинг “Адолат ва тараққиёт” партияси раисининг халқаро масалалар бўйича ўринбосари, Туркия Буюк Миллат мажлиси депутати З. Сарикая, Венгрия парламенти вакили, Фидес партияси аъзоси А. Тилки ва бошқалар диққатга сазовор таклиф ва фикрларни ўртага ташладилар.

Ўзбекистон делегацияси раҳбари, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси раиси Актам Хаитов конференциянинг ўз вақтида ўтказилаётгани ва ҳамма учун долзарб бўлиб турган мавзуга бағишланганига алоҳида урғу берди. Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар аҳолиси 200 миллионга қараб бораётгани ҳисобга олинса, бу масалаларни ҳал этиш масъулияти салмоғи янада яққолроқ кўринишини таъкидлади. Конференция доирасида кўтарилаётган муаммоли масалалар Ўзбекистон раҳбарияти, хусусан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ҳам доимий эътиборида тургани эътироф этилди.

Кейинги йилларда халқаро сиёсатда жиддий нотинчликлар юз бермоқда, иқтисодий жараёнлар, қадриятлар тизими, ижтимоий-сиёсий қарашларда чуқур ўзгаришлар кузатилмоқда. Шундай бир шароитда айнан Туркий давлатлар ташкилоти глобал хавфсизликка муносиб ҳисса қўша олиши мумкин. Ўзбекистон ташкилотга аъзо бўлган барча давлатлар билан стратегик ҳамкорлик муносабатларини ўрнатгани алоҳида айтиб ўтилди.

Туркий мамлакатлар олдида турган энг муҳим вазифалар биринчи навбатда иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга тааллуқлидир. Замонавий технологиялар, машинасозлик, тўқимачилик, рангли металларни қазиб олиш ва бошқа соҳаларда давлатларимиз ўртасида саноат кооперациясини ривожлантириш, савдо-иқтисодий муносабатларни, ўзаро инвестициялар оқимини кенгайтириш, савдо тўсиқларини бартараф этиш, электрон тижоратни кенг жорий қилиш, ишбилармон доиралар салоҳиятидан янада тўлиқроқ фойдаланиш лозим.

Бугунги глобал вазият озиқ-овқат хавфсизлиги масалаларини биринчи ўринга олиб чиқмоқда. Албатта, ушбу йўналишдаги ҳамкорликни кучайтиришни ҳам давлатларимиз эътибор бериши керак бўлган устуворликлар қаторида кўрамиз. Яна бир муҳим йўналиш транспорт-транзит салоҳиятини оширишдек стратегик масала билан боғлиқ. Глобал логистика занжирлари ва транспорт йўлакларини ривожлантириш ҳамда диверсификация қилиш, ягона транспорт тармоғини шакллантириш асосий вазифалардан биридир. Марказий Осиё орқали йирик жаҳон бозорлари, хусусан, Хитой, Ҳиндистон ва Осиёнинг бошқа мамлакатлари, шунингдек, Озарбойжон ҳамда Туркия орқали Европа давлатларига чиқишни таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон экология бўйича ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор. Иқлим ўзгариши натижасида юзага келаётган муаммолардан бутун инсоният азият чекмоқда. Бу барчамиздан кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўришни талаб қилади. Туризм соҳаси мамлакатларимизни ўзаро яқинлаштиришда катта салоҳиятга эга. Зиёрат ва маданий мерос объектларига янги саёҳат маршрутларини ишлаб чиқиш яхши натижалар бериши мумкин. Чунки бундай тарихий обидалар барча туркий давлатларда мавжуд ва улардан унумли фойдаланиш ҳам иқтисодий, ҳам маданий яқинлашиш нуқтаи назаридан катта имконият эшигини очади.

Халқларимизнинг дунё илм-фани ривожига қўшган бебаҳо ҳиссаси ва бой маданий меросимизни чуқур ўрганиш, турли тадқиқотлар ўтказиш ва бутун дунёда кенг тарғиб этиш алоҳида эътибор талаб қилади. Бугун мамлакатларимиз ўртасида ўтказилаётган маданият кунлари ҳам ўзаро маданий алмашувда катта ўрин тутади. Шу кунларда Ўзбекистонинг барча шаҳар ва қишлоқларида Озарбойжон маданияти кунлари юқори даражада бўлиб ўтмоқда. Маданиятларимиздаги яқинлик, озарбойжонлик қардошларимизнинг юксак маданий асарлари ўзбек халқида ҳамиша катта қизиқиш уйғотиб келган. Ҳозирда бўлиб ўтаётган маданият кунлари ушбу йўналишдаги ўзаро таъсирни янги босқичга олиб чиқди, десак тўғри бўлади. Бундай алмашинувлар туркий халқлар ёш авлод вакилларининг ўзаро маданий яқинлашувига имкон беради.

Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатларнинг ҳозирги мураккаб глобал шароитда ўзаро яқинлашувига хизмат қилиши мумкин бўлган йўналишлардан яна бири партиявий алоқаларни кучайтиришдан иборатлиги таъкидлаб ўтилди. Конференция арафасида икки давлатнинг йирик партиялари – O‘zLiDeP ва “Янги Озарбойжон” ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзолангани айни муддао бўлди. Худди шундай келишувларни тайёрлаш борасида Туркиянинг “Адолат ва тараққиёт” партияси ҳамда Қозоғистоннинг “Аманат” партияси билан ҳам ҳамкорлик олиб борилмоқда.

Туркий давлатлар сиёсий партиялари бугун ўзаро алоқаларда янги даражага чиқишга тайёрлиги яққол кўринмоқдаки, бу эса кўпроқ ҳамкорлик қилиш ҳамда тажриба алмашиш, ташкилий масалалар бўйича ўзаро муҳокамалар ўтказиш, турли даражадаги делегациялар билан самарали фикр алмашиш, экспертлар учрашувларини ташкил этиш, қолаверса, минтақавий халқаро даражада партиялараро мулоқотни ривожлантириш, иккитомонлама ва кўптомонлама семинарлар, конференциялар ҳамда давра суҳбатлари уюштириш, томонларнинг ишбилармон доиралари ўртасида алоқаларни кучайтириш имконини бериши турган гап.

Анжуманда А. Хаитов ўз нутқини Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил
ноябрда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти саммитидаги сўзлари билан якунлади: “Ўз тарихи давомида кўп-кўп синовларни бошидан кечирган ва уларга биргаликда ечим топган қардош халқларимиз келгусида ҳам буюк ишларни амалга ошириши шубҳасиз”.

Бу каби улкан ишларни амалга оширишда сиёсий партияларимиз ҳам муносиб ҳисса қўшишлари лозим.

O‘zLiDeP матбуот  хизмати

  • Кўрилди
    188
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+