Ўқиш билан бирга уқиш ҳам керак

23.05.2019, 15:33

Ўқиш билан бирга уқиш ҳам керак

Ислоҳотларнинг янги босқичида партиямиз халқ орасига янада чуқурроқ кириб боряпти, том маънода одамларга ҳамнафас, ҳамдард бўлишга интиляпти. Ана шу жараёнда партия ташкилотлари ходимларига, қуйи бўғин етакчиларига турли саволу масалалар юзасидан мурожаатлар ҳам кўп бўлади, албатта. Бинобарин, партиямиз ходимлар, фаолларнинг билими ва савиясини янада оширишга йўналтирилган ишларга алоҳида эътибор қаратяпти.

Шу кунларда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси Сиёсий таълим маркази саъй-ҳаракатлари билан пойтахтимиздаги партия туман бўлимлари ижрочи котиблари, бошланғич ташкилотлар раислари ҳамда партия ҳудудий кенгашлари қошида шакллантирилган тарғибот гуруҳлари аъзолари учун ўқув-семинарлар ўтказиляпти.  O‘zLiDeP Яккасарой, Мирзо Улуғбек, Юнусобод, Миробод, Яшнобод туман ташкилотларида олиб борилган ўқувлар ниҳоясига етди. Эътиборлиси, илгари ташкил қилинган шундай машғулотлардан фарқли равишда мазкур курсларда тингловчиларнинг  амалиётда асқотадиган билимларни эгаллашига урғу берилди, ўқув дастури тайёрланишида ходимлар фаолиятида кузатилган камчиликлар, шунингдек, уларнинг хоҳиш-истаклари  ҳам инобатга олинди.

Ўқув дастурларидан талай долзарб мавзулар ўрин олгани эътиборга молик.  “Обод маҳалла”, “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз” давлат дастурлари ва Президентимизнинг ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча шароитлар яратиш, хотин-қизлар бандлигини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган 5 та ташаббусини амалиётга жорий этишда партия фаоллари олдида турган вазифалар, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 28 декабрда Олий Мажлисга Мурожаатномасида баён этилган устувор вазифаларни амалга ошириш бўйича партия томонидан бажариладиган комплекс чора-тадбирлар дастурининг бошланғич ташкилотлар томонидан ижро этилиши, аҳоли орасида партия ғояларини тарғиб қилишда БПТларнинг ўрни, ҳудудий партия ташкилотлари билан ишлаш механизмлари, сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш жараёнида қуйи тузилмаларнинг ҳамда тарғиботчилар гуруҳининг асосий вазифалари каби мавзулар шулар жумласидандир.

 Тингловчилар биз билан суҳбатда ўқувлар ҳар жиҳатдан маъқул бўлганини, маърузачилар томонидан партиявий ишда қўл келадиган кўплаб ахборотлар берилганини билдирдиларки, бу дарслардан кўзланган мақсадга эришилганини англатади.    

— Партия салоҳиятимиз ўсиши учун  барча имкониятларни яратиб бераётган, хусусан, мунтазам равишда юқори савиядаги ўқувларни ташкиллаштираётган экан, бундан унумли фойдаланишимиз керак, — дейди Олмазор туманидаги “Машҳура” хусусий ўқув марказида фаолият юритаётган БПТ етакчиси Анвар Юсупов. — Шу боис ўқувларга жиддий тайёргарлик кўриб келдим. Жумладан, ўзимни қизиқтираётган саволларни, фаолиятимда учраётган қийинчиликлар ҳамда партиявий ишни такомиллаштиришга тааллуқли таклиф-мулоҳазаларимни тартибга келтириб, қоғозга туширдим. Дарслар чоғида уларни мутахассислар эътиборига ҳавола қилдим. Кўпгина масалалар бўйича мутахассислардан ҳам, тингловчилардан ҳам маслаҳатлар, йўл-йўриқлар олдим. Таъкидлашни истардимки, шу йилнинг биринчи чораги мобайнида  туманимиздаги партия қуйи тузилмалари фаоллари “Обод маҳалла” дастурига киритилган маҳаллаларда бўлиб, аҳоли билан бевосита мулоқотга киришдилар, муаммоларни қайд этиб, уларнинг ечимини топиш бўйича депутатлар билан биргаликда иш олиб бордилар. Маслакдошларимиз “Обод маҳалла” дастурига киритилган “Юқори Себзор”, “Ғалаба”, “Тепагузар”, “Қичқириқ” маҳаллаларидаги 254 та хонадонга кириб бордилар. Ўрганишлар натижасида 225 та турли муаммо аниқланиб, 220 таси ҳал этилди. Шу аснода 39 нафар ёш иш билан  таъминланди. Айни пайтда БПТлар томонидан аҳолига “Ҳар бир оила — тадбиркор”  Давлат дастурининг мазмун-моҳияти ва унинг аҳамияти юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди. Сафдошларимиз томонидан “Хусусий клиникалар тўғрисида”, “Якка тадбиркорлик тўғрисида”ги ва бошқа қонун лойиҳаларига 37 та таклиф берилди. Ана шу жараёнларда баъзи масалаларда билимларимиз етарли эмаслигини ҳис қилдик. Бинобарин, ўтказилаётган ўқув-семинарлар биз учун айни муддао бўлди. Кўплаб саволларимизга жавоб топдик. Бизга Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз аъзолари, Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси бўлим мудирлари сабоқ беришди. Бу ўқувлар нафақат билимларимизни бойитди, балки келгусида ўз устимизда ишлаш йўналишларини ҳам аниқ-равшан кўрсатиб берди.

Теглар
БПТ
  • Кўрилди
    1170
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+