Ҳар бир маҳаллада “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилига асосланган янги тизим жорий этилади

27.02.2020, 16:39

Ҳар бир маҳаллада “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилига асосланган янги тизим жорий этилади

Бугуни кунда мамлакатимизда аҳоли осойишталигини таъминлаш, оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш, нуронийлар ижтимоий фаоллигини ошириш, маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантиришда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари роли ва мавқеини янада мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Буни биргина Президентимиз томонидан “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилингани ҳам маҳалла тизимини тубдан янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим ҳужжатлардан бири деб баҳолаш мумкин.

Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) бўлинмалари ташкил этилиши белгилаб берилди.

Фармонга мувофиқ, ҳар бир маҳаллада “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилига асосланган янги тизим жорий этилади. Мазкур тамойилининг тўлақонли ва самарали жорий этилишида ҳар томонлама кўмаклашиш, оилалар ва маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан яқин ҳамкорлигини ўрнатиш вазирликнинг асосий вазифа ва фаолият йўналишларидан бири ҳисобланади.

Бунда энг аввало, “Соғлом оила – соғлом жамият” ғоясини ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган ягона давлат сиёсатини олиб бориш, нотинч ва муаммоли оилаларга манзилли кўмаклашишни ташкил этиш; хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш масалаларига алоҳида этибор қаратилади.

Шу билан бир қаторда хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, аёлларни, айниқса, қишлоқ жойлардаги ёш қизларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш масалалари ҳам устувор вазифалардан бири ҳисобланади.

Мазкур ҳужжатда белгилаб берилган бу каби устувор вазифалар партия ва унинг жойлардаги барча бўғинлари олдида ҳам улкан масъулият юклайди.

Партия фракцияси аъзолари маҳалла тизими билан ҳамкорликда “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз”, “Ҳунармандчилик” дастурларини тўлиқ ижросини таъминлашда фаоллик кўрсатади ва бу борада депутатлик назоратини йўлга қўяди.

Мазкур ҳужжат билан Олий Мажлис палаталари ва қатор вазирликларнинг 22 март санасини “Маҳалла тизими ходимлари куни” деб эълон қилиниши тўғрисидаги таклифлари маъқулланди. Шу кунларда парламентда “Маҳалла тизими ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилаётганлиги ҳам бу йўналишда қўйилган яна бир аҳамиятли қадам бўлди.

Бундан кўзланган мақсад маҳалла институти ва маҳалла тизими ҳодимлари фаолиятига кенг жамаотчилик эътиборини жалб этиш ҳамда уларнинг обрўси ва мавқини янада мустаҳкамлашдан иборатдир.

Барнохон МИРЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

 O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    2395
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+