Ишчи гуруҳ аҳолининг томорқадан самарали фойдаланиш ҳолатини ўрганди

06.03.2020, 22:55

Ишчи гуруҳ аҳолининг томорқадан самарали фойдаланиш ҳолатини ўрганди

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Ўртачирчиқ туман ҳокимлиги вакилларидан таркиб топган ишчи гуруҳи аҳолини томорқадан самарали фойдаланиш ҳолатини ўрганиш мақсадида “Галабатир” МФЙда бўлишди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O‘zLiDeP фракцияси раҳбари А.Хаитов бошчилигидаги ишчи гуруҳ ҳудуддаги ўрганишларини мазкур маҳалладаги Тошкон қишлоғидан бошлади. Қишлоқ хўжалиги ходимлари, фермерлар билан мулоқот қилиб, уларни қийнаётган муаммоларни ўрганди, ердан самарали фойдаланиш бўйича зарур тавсиялар берди.

–Мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз турмуш фаровонлиги таъминланиши, экспорт салоҳияти ошишида иқтисодиётнинг етакчи тармоғи бўлмиш қишлоқ хўжалигининг роли ниҳоятда катта. Шу боис, кейинги йилларда қишлоқ хўжалигини жадал ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди ишчи гуруҳ раҳбари А.Хаитов.– Бинобарин, Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ташкил этилишидан кўзланган мақсад ҳам томорқадан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш, аҳолига деҳқончилик йўналишида ташкилий, ҳуқуқий ҳамда таъминот масаласида яқиндан кўмаклашишдан иборатдир. Айниқса, ҳар дақиқаси ғанимат саналган экин-тикин мавсумида.

Таъкидлаш жоизки, бугун туманда томорқачиликда ўзига хос мактаб яратилган. Аҳоли ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиб, яхши даромадга эга бўлмоқда. Очиғи, бу ерда томорқа ер майдонларининг бир қаричини ҳам бўш турганини кўрмайсиз. Фуқаролар турли усулларни қўллаб, кўпроқ даромад олиш пайидан бўладилар.

Ишчи гуруҳ аъзолари шунингдек, туманда ташкил этилган 45 сотихлик иссиқхона фаолияти билан танишиб, у ерда етиштиралаётган маҳсулотларни кўздан кечирди.

Мулоқотлар давомида аҳоли фаровонлигини ошириш, доимий ва мавсумий иш ўринлари очишда муҳим ўрин тутадиган бундай иссиқхоналар тармоғини янада кенгайтириш, томорқадан йилига уч маротаба ҳосил олиш зарурлиги таъкидланди. 

 Шунингдек, ишчи гуруҳ аъзолари вилоятнинг бошқа туманларида ҳам бўлиб, ўз хонадонида иссиқхона қуриб, йилига икки-уч марта ҳосил олиш ҳаракатида юрган аҳоли вакилларига “Аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, ёпиқ ва очиқ майдонларда маҳсулот етиштириш” номли китоблар тўпламини тақдим этди.

O'zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1272
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+