Ирмоқлар уммонларга айланажак...

18.08.2020, 15:00

Ирмоқлар уммонларга айланажак...

Кўзингиз олдида ниҳолнинг кундан-кун, йилдан-йил камол топиб, дуркун дарахтга айланиб бораётганини кузатиш қанчалар завқ беради! Ёки, айтайлик, кичик бир жилғанинг теран дарёларга, денгизларга интилаётгани, синовларда тобланиб, ўзанларга қўшилаётганини кўришнинг ўзи шавқ беради инсонга.

Бугун ёшлар ҳам шундай. Изланишлари, интилишлари, ўқиб-ўрганишлари самараси ўлароқ, бутун жаҳонга юзланмоқда, дунёга боқмоқда. Раҳбарлик лавозимларида ҳам аксарият ёшларни учратяпмиз. Уларнинг эл-юрт равнақи йўлидаги фаолияти янги ташаббуслар билан намоён бўлмоқда. Айниқса, бандлик ва ижтимоий ҳимоя масалаларидаги тадбирлар, замонавий касб-ҳунарлар бўйича маҳорат дарсларидан сўнг йигит-қизлар мустақил ҳаётда ўз йўлларини танлаб олишмоқда.

Хўш, кеча ва бугунни қиёслаб кўрайлик. Яқин тарих бизга кўп лавҳаларни ойдинлаштиради. Машъум урушнинг талатўпларидан сўнг Ватан тараққиёти учун аксар умрини далада, машаққатли меҳнатларда ўтказган ўзбек ўғил-қизларини кўз олдингизга келтиринг. Бунинг устига қарамлик, мустамлакачилик тақдири билан эркидан маҳрум бўлган ёшлар эди улар... Ҳатто ўз эркин фикрини айта олмаслик қийинчилик эди аслида...

Бугунчи, қаранг, қандай фаровон ҳаётимиз бор. Ёшларнинг имкониятлари тошни ёради. Ташаббуслари жаҳонга бўйлашларига, дунё минбарларида бонг уришларига етади.

Тўғри, бу йил коронавирус пандемияси туфайли режалаштирилган ишлар ва тадбирлар муайян даражада ўзгарди. Фуқаролар соғлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қатъий эҳтиёт чоралари, карантин тартиби жорий этилди. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус ижроси шундай вазиятда ҳам тўхтаб қолмади. Ноанъанавий онлайн тарзда ташкил этилаётган китоблар тақдимоти, спорт, маданият, санъат соҳаси вакиллари, давлат идоралари ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари билан мулоқотлар кутилган натижаларни бермоқда. Муҳими, ёшларимизнинг шижоати баланд.

Ерни севишни, меҳнатни қадрлашни болалигимиздан ўргатишади. Камбағал оилалар рўйҳатига киритилган хонадонлардаги ёшлар ўзларига ажратилган ер майдонларида полизлар, боғлар барпо этишмоқда. Оғир ижтимоий аҳволдаги оилалар фарзандларига қизиқишларидан келиб чиқиб, тикув машиналари, эчки ва қуёнлар, чорва ҳайвонлари берилиши ўзини-ўзи банд қилишнинг бир кўриниши сифатида намоён бўлмоқда.

Айниқса, пандемия шароитида келажак эгалари орасида бирдамлик, ҳамжиҳатлик янада ортди. Тенгдошнинг тенгдошга кўмаги, ўз фикрини эркин ифода этиш, ишбилармонлик ҳар бир ҳаракатларида намоён бўлмоқда.

Ёшлар эртанги куннинг муносиб ворислари. Уларнинг истиқлолга ҳамоҳанг ташаббусларига қанот беришдан чарчамайлик.

Мадинахон БАРАТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати.

  • Кўрилди
    568
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+