Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш – барқарор ривожланиш гарови

20.08.2020, 16:41

Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш – барқарор ривожланиш гарови

Мамлакатимиз иқтисодиётининг муҳим тармоқларидан бири бўлган қишлоқ хўжалиги аҳолини озиқ-овқат маҳсулотларига, қайта ишлаш саноати тармоқларининг хомашёга бўлган талабини қондиради. Озиқ-овқат маҳсулотларининг 90 фоизга яқини аграр тармоқда тайёрланади. Шунингдек, бу соҳа аҳолининг салмоқли қисмининг бандлигини таъминлаб келмоқда.

Мустақилликдан сўнг қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилди. Ишлаб чиқаришга фан-техника ютуқларини, янги техника ва илғор технологияларни жорий этиш ишлари йилдан-йилга жадаллашмоқда.

Айтайлик, 1990 йилда истеъмол учун зарур бўлган ғалланинг 82 фоизи четдан келтирилган бўлса, айни вақтда юртимизда ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳисобидан аҳолининг ғаллага бўлган эҳтиёжи тўлиқ таъминланишига эришилди.

Истиқлолнинг яна бир муҳим шарти хусусида айтмасак бўлмас. Сўнгги уч йилда пахта ва ғалла етиштиришда давлат буюртмаси бекор қилиниши бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Аграр соҳанинг барча йўналишларида арзон кредитлар берилиши йўлга қўйилмоқда. Жорий йилда 2 миллиард АҚШ долларига тенг, келгуси 5-7 йилда эса бундан 3-4 баравар кўп мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш режалаштирилган. Тўғри, пандемия сабабли жорий йилдаги мазкур режа бажарилишида бир қадар ўзгаришлар бўлгани эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Истиқлолдан кейин республикамизнинг аграр тармоғида олиб борилаётган агроиқтисодий ислоҳотларнинг амалиётга татбиқ этилиши, хусусан, ер ресурсларидан самарали фойдаланиш тамойилларига алоҳида эътибор қаратилиши ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. Бу борада мавжуд суғориладиган ва лалми ерлардан унумли фойдаланиш, уларнинг тупроқ унумдорлигини сақлаш, ошириш ҳамда мақсадли фойдаланишни таъминлашда ҳам ютуқларга эришилмоқда.

Мамлакатимизда ҳамма соҳа вакилларининг байрами бор. Лекин аграр соҳа меҳнаткашларинин аниқ белгиланган айёми йўқ эди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари кунининг белгиланиши ҳаётимиздаги адолатли яна бир қарор бўлди, десам муболаға эмас.

Сўнгги уч йилда фермерлик ҳаракатини ривожлантириш натижасида мамлакатимизда кўп минг сонли фермер хўжаликлари шаклланиб, улар бугун 10 дан ортиқ йўналишларда самарали фаолият юритмоқда. Энг қувонарлиси, 12 мингдан зиёд фермер хўжалиги раҳбарларини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этса, 6 мингдан ортиқ фермер хўжаликларимизга хотин-қизлар раҳбарлик қилмоқда. Республикамизнинг барча ҳудудларида “Томорқа хизмат” лари ташкил қилинди.

Жорий йилда 96 минг гектар ҳосилдорлиги паст майдонларда пахта ва ғалла ўрнига 32 минг гектар ерда карам, турли сабзавот ва кўкатлар экилди ва бу майдонлардан олинган минглаб тонна маҳсулотлар экспорт қилинди. Шунингдек, 11 минг гектарда интенсив боғ ва янги токзорлар, 1 минг 500 гектарда иссиқхоналар барпо этилди. Мамлакатимизда илк бор шафран каби ноанъанавий экин экиш йўлга қўйилди, соя экиш кенгайди.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 132 минг тоннаси қайта ишланиб, 100 миллион долларлик тайёр маҳсулот экспорт қилинди. 724 минг тонна ҳўл мева четга сотилди ва бу юртимизга 856 миллион доллар валюта келтирди. Ҳолбуки, илгари минг-минг тонна турли меваларимиз далада қолиб, исроф бўларди.

Қонунчиликда ҳам аграр соҳага алоҳида эътибор қаратилганини қайд этиш жоиз. 2017 йилнинг ўзида қишлоқ хўжалиги соҳасига оид 5 та қонун, 20 дан ортиқ фармон ва қарор қабул қилинди, 2 та янги қўмита ва 3 та уюшма тузилди. Мазкур кўрсаткичлар жорий йилга қадар бир қадар ўсди. Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги фаолияти тубдан такомиллаштирилди.

Бугун мамлакатимизда аграр соҳада олиб борилаётган давлат сиёсатидан кўзланган мақсад, аввало халқимиз манфаатларини ифода этиш, аҳолимизнинг фаровон турмуш кечиришини таъминлашдан иборатдир. Истиқлол ўзбек заминига, ўзбек деҳқонига чексиз имкониятларни бергани баробарида олдига ердан янада унумли фойдаланиш, ҳосилдор, даромадли экин маҳсулотлари етиштириш, шу орқали иқтисодиёт барқарорлигига ҳисса қўшиш каби долзарб вазифаларни қўйди.

Барно МИРЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

депутати,Аграр ва сув хўжалиги

масалалари қўмитаси аъзоси.

  • Кўрилди
    1258
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Dildora2021-01-24 03:55:31

Qishloq xo'jaligi hodimlari kuni belgilanganligi ajoyib yangilik bo'libdi


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+