Касалликни даволаш ва ташхис қўйишда хусусий клиникалар фаолиятига чеклов қўймаслик керак

26.08.2020, 15:46

Касалликни даволаш ва ташхис қўйишда хусусий клиникалар фаолиятига чеклов қўймаслик керак

Айни дамда мамлакатимизда коронавирус юқтирганлар сони 39 641 мингдан ошди, шундан 35 869 мингдан зиёди ёки 90 фоизи соғайди. Бундай натижалар албатта, юртимиз тиббиёт ходимларининг буюк хизматидир.

Негаки, соғлиқни сақлаш соҳасида касалликни даволашда давлат тиббиёт ташкилоти бўладими ёки нодавлат тиббиёт ташкилоти, иккаласида ҳам бирдай жавобгарлик мавжуд. Чунки бу ерда инсон ҳаёти ва тақдири ётади.

Тиббиёти ривожланган давлатларда турли касалликларни даволаш бўйича протокол стандартлар ишлаб чиқиш бўйича шуғулланадиган, мамлакатда алоҳида ягона давлат ташкилоти мавжуд. Бу ерда ҳар бир йўналишнинг энг яхши мутахассислари танлаб олиниб, улар томонидан касалликлар бўйича даволаш протоколлари стандартлари ишлаб чиқилади. Ушбу протоколлар интернетда жойланиб, барча шифокорларга етказилади. Боиси, шифокорлар ана шу стандартлар асосида иш кўриши керак.

Стандартдан четга чиққан шифокорларнинг лицензияси олиб қўйилиши мумкин, бунга жуда жиддий қаралади. Шу сабабли фуқаролар марказдаги ёки энг чекка ҳудуддаги поликлиникагами, давлат тиббиёт муассасасими ёҳуд нодавлат тиббиёт муассасасигами мурожаат қилса, бир хил дори воситалари яъни, протокол бўйича исботланган тиббиётдан ўтган дори воситалари тавсия қилинади.

Афсуски, бизда касал бўлиб шифокорларга мурожаат қилсангиз, бир хил касаллик учун улар томонидан турли даволаш дори воситалари ёзиб берилади. Бу ҳолат коронавирус касаллиги кенг тарқалган бир пайтда яққол билиниб қолди. Аҳолимиз нажот истаб шифокорларга мурожаат қилганда турли дори воситалари тавсия қилинди, натижада бу ўзининг салбий оқибатларини кўрсатди.

Энг ёмони, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари осма уколлар олмаслик хақида ОАВ орқали қайта-қайта таъкидлашига қарамай, лекин айрим шифокорлар осма уколларни тавсия қилаверди. Ёки қайсидир шифокор бир дори воситасини самарали деса, иккинчиси самарасиз деди.

Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси “Covid-19”га чалинган беморларни даволаш бўйича вақтинча тавсиялар” палата экспертизасига тақдим қилинмагани ҳақида маълум қилгани тўғрисидаги хабар ва бунга жавобан “Covid-19”га чалинган беморларни даволаш бўйича вақтинчалик кўрсатмалар”нинг олтинчи нашри эса, амалдаги қонун ҳужжатларига кўра, норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланмаслиги ва шунинг учун ҳам экспертиза учун Миллий палатага жўнатилмагани катта муҳокамаларга сабаб бўлди.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда Соғлиқни сақлаш вазирининг “Коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволаш мезонларини тартибга солиш ва ретро-проспектив таҳлил ўтказиш тўғрисида”ги буйруғи билан хусусий тиббиёт ташкилотларининг коронавирусга чалинган беморларни даволаш билан боғлиқ фаолияти бўйича қатъий чоралар кўриш, шу жумладан, уларнинг лицензияларини бекор қилиш бўйича судларга даъво аризаларини киритилиши белгиланди.

Ушбу ҳолат эса жамоатчилик, жумладан, хусусий клиникалар ўртасида кўплаб эътирозлар ва баҳс-мунозараларни келтириб чиқармоқда. Аксинча тиббиётимиз бугунги оғир бир вазиятда турганда давлат бюджетини иқтисод қилишга ёрдам берадиган бўғин бу биринчиси тиббиётнинг бирламчи бўғини яъни, поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари бўлса, иккинчиси хусусий нодавлат тиббиёт муассасаларидир. Шундай экан, бугун давлат ва нодавлат тиббиёт муассасалари аҳолимиз саломатлиги муҳофазаси учун бирдай жавобгар бўлиши ва бир-бирини қўллаб-қувватлаши лозим. Бу борада қуйидаги таклифларни ўртага ташламоқчиман.

Биринчидан, соғлиқни сақлаш соҳасида ҳар қандай касалликларнинг даволаш протоколлари, стандартлари билан шуғулланадиган ягона давлат ташкилоти фаолиятини йўлга қўйиш керак. Токи республиканинг исталган жойида шифокорлар томонидан тегишли касалликларга бир хил даво муолажаси тавсия қилинсин ва бунинг учун жавобгарлик масаласи белгилансин.

Иккинчидан, соғлиқни сақлаш тизимида бирламчи тизим фаолиятини қайта кўриб чиқиш лозим. Республика бўйича ёпилиб кетган қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятини тўлиқ тиклаш ҳамда патронаж шифокорлар ва патронаж ҳамширалар сонини кўпайтириш зарур. Шу билан бирга, уларнинг ойлик маошини қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқдир.

Учинчидан, касалликни даволаш ва ташхис қўйишда хусусий клиникалар фаолиятига чеклов қўймаслик даркор.

Хулоса қилиб айтганда, ҳар бир фуқаронинг соғлиғи ва ҳаёти биз учун муҳим. Демак, халқимизни коронавирус балосидан асраб қолиш учун барча куч-имкониятларни ишга солиш ҳозирги пайтда ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.

 Нигора ҚУТЛИМУРАТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    847
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+