“Агар улар қатағон қилинмаганида, буюк ишларни амалга оширган бўлар эди”

03.09.2020, 17:41

“Агар улар қатағон қилинмаганида, буюк  ишларни амалга оширган бўлар эди”

Мустақиллик бизга ўзлигимизни, эркимизни берди. Унутилаёзган она тилимизни, энг катта бойлигимиз бўлган миллий қадриятларимизни қайтарди. Эркин ва озод ўзбек халқи ўз ҳаёти ва келажагини  мустақил барпо этди. Халқаро майдонда Ўзбекистон мустақиллиги тан олинди. “Ҳақ берилмас, ҳақ олинур!” деб миллат озодлиги йўлида жонини фидо қилган улуғ аждодларимизнинг буюк мақсади ҳам шу эмасмиди?

Эл-юртимизнинг  озодлиги ва эркинлиги йўлида, халқимизнинг қадр-қиммати, ор-номусини, миллий қадриятларимиз ва урф-одатларимизни ҳимоя қилишда, босқинчи ва ёвуз кучларга қарши машаққатли курашларда қурбон бўлганлар хотираси ёдимизда абадий сақланиб қолади. Мустабид тузум даврида миллион-миллион бегуноҳ инсонларнинг умри хазон бўлганини, қанчадан-қанча оилалар хонавайрон бўлиб, қанчадан-қанча гўдаклар етим қолганини тарих, бугунги ва келажак авлод ҳеч қачон унутмайди.

Ҳар йили қатағон қурбонларини ёд этиб Мустақиллик байрами арафасида пойтахтимиздаги «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуасида хотира маросими ўтказилиши, сўнгги йилларда Исҳоқхон Ибрат, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Қодирий сингари маърифатпарварлар хотирасига бағишлаб музейлар, муаззам ҳайкаллар яратилиши шаҳидлар хотираси ўчмас хотира эканини, доимо ёдимизда, қалбимизда эканини исботлайди.

Жорий йил 31 август куни Президентимиз Шаҳидлар хотираси хиёбонига ташриф буюриб, нуронийлар, уламо ва зиёлилар билан мулоқот қилди. Давлатимиз раҳбари қатағонга учраган 100 минг одамнинг ҳар бири бўйича изланиш, жойларга чиқиб, қариндошлари билан учрашиб, номларини тиклаш зарурлигини таъкидлади. Буларнинг ҳаммаси – одамларга тарихий адолатни, ҳақиқатни етказиш учун, халқимиз у кунларни билиши ва ҳеч қачон унутмаслиги, бугунги кунларнинг қадрига етиши учун эмас-ми?

Президентимизнинг давлат раҳбари сифатида қатағонга учраган ҳар бир ватандошимизнинг номини тиклаш масаласини илгари суриши мамлакатимиз мустақиллиги, бугунги тинч ҳаётимиз учун жонини фидо қилган аждодларимиз хотирасига бўлган ҳурмат-эҳтиром рамзидир.

Қатағон қурбонига айланишларига сабаб улар ҳақиқий етакчилар, илғор зиёлилар, адабиёт, маданият намоёндалари, бошқача айтганда, миллатимизнинг, халқимизнинг энг сара вакиллари бўлган. Агар улар қатағон қилинмаганида Ватанимиз ривожи, илм-фан, иқтисодиёт, маданият ва адабиётимиз учун қандай буюк ишлар қилган бўлар эдилар.

Шундай экан, бугун ҳар биримиз ҳозирги тинч-дориломон кунларни қадрига етишимиз лозим. Бошқача айтганда, “Янги Ўзбекистон” дея аталмиш жаннатмакон юртимизда ҳар бир соҳада янгича фикрлаш, янгича ёндашув билан олға боришимиз, Мустақил Ўзбекистонимизнинг гуллаб яшнаши, янада ривожланиши учун давлатимиз раҳбари атрофида жипслашимиз керак.

Нигора  ҚУТЛИМУРАТОВА,

   Олий  Мажлис  Қонунчилик

 палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси 

  • Кўрилди
    593
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+