Мустақиллик юртдошларимиз ҳаётига янгича мазмун, турмушига фаровонлик олиб кирди

08.09.2020, 17:03

Мустақиллик юртдошларимиз ҳаётига янгича мазмун, турмушига фаровонлик олиб кирди

Мустақиллик эълон қилинганидан буён ўтган давр мобайнида халқимиз ва давлатимиз тарихида гоят катта ижтимоий-сйёсий ва иқтисодий ўзгаришлар юз берди. Миллий давлатчилигимизни қайта тиклашда, кўп асрлик беқиёс маънавий меросимиз, тариху маданиятимизнинг янада қад ростлашида сезиларли қадамлар қўйилди.

Айниқса, сўнгги тўрт йилда давлат ва жамият бошқаруви, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, мамлакатимизнинг мудофаа қудратини мустаҳкамлаш, ҳақиқий бозор иқтисодиётига ўтиш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилди.

Мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга кўтариш мақсадида 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинди.

Ушбу Стратегияда давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсатни изчил давом эттириш каби масалалар тараққиётимизнинг асосий йўналишлари сифатида белгилаб олинди.

Ҳаракатлар стратегиясида “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойил давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айлангани албатта бежиз эмас.

Негаки, бугунги кунда барча бўғиндаги раҳбарлар, депутат ва сенаторлар бевосита жойларга чиқиб, ўз фаолияти бўйича халқ олдида ҳисобот бермоқда. Маҳаллама-маҳалла, уйма-уй юриб, одамларнинг ҳаётий муаммоларини ўрганмоқда, уларни қонуний асосда ҳал қилиш учун амалий ёрдам кўрсатмоқда.

Қувонарли жиҳати, бугунги кунда Ўзбекистон ўз фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини, улар қаерда бўлишидан қатъи назар, ҳимоя қилишга қодир мамлакат сифатида ўзини намоён этмоқда. Чет элларда ишлаётган ва таълим олаётган ватандошларимиз билан алоқалар мустаҳкамланиб, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланмоқда. Ўзбекистонга қайтиб, иш ёки ўқиш фаолиятини давом эттириш истагида бўлган фуқароларимиз учун зарур шароитлар яратиляпти.

Булардан ташқари, кейинги тўрт йилда мамлакатимизда қанчадан-қанча адашганларга имконият берилди. Эътиборлиси, бу борада инсонпарварлик тамойили асосида мутлақо янги амалиёт жорий этилмоқда. Натижада, жиноят йўлига адашиб кириб, қилмишига чин дилдан пушаймон бўлган минглаб инсонлар жазодан озод қилинди.

Айтинг-чи, бундай адолат тантанасидан инсон қалби ларзага келмайдими? Айниқса, ноҳақ айбланиб ҳибсда ўтирган кишиларнинг оқланиши ортидан улар оиласидаги шод-у хуррамлик, давлат ва жамиятга бўлган ишончнинг ортганини нима билан ўлчаб бўлади?!

Сир эмаски, дунёда катталиги бўйича қачонлардир етакчи ўринда турган Орол денгизи собиқ иттифоқ даврида сув ресурсларидан нооқилона фойдаланиш оқибатида ҳалокатга юз тутди. Минтақада ўнглаб бўлмас экологик ва ижтимоий муаммолар юзага келиб, одамлар бу ерлардан бош олиб кетишга мажбур бўлишди.

Бугун давлат раҳбарининг ташаббуси билан бу ердаги экологик ҳолатни юмшатиш, халқнинг дардига дармон бўлиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Оролбўйидаги энг оғир ҳудуд – Мўйноқ тумани қизғин меҳнат ва улкан бунёдкорлик майдонига айланди. Ҳудуддаги кўплаб овуллар “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурларига киритилди. Туман марказида кўп қаватли уй-жойлар, таълим муассасалари, дам олиш масканлари қурилди.

Хулоса қилиб айтганда, мустақиллик ҳар бир юртдошимиз ҳаётига янгича мазмун, турмушига фаровонлик олиб кирди. Энг муҳими, бугун юртимиздаги ўзгаришларни бутун дунё кузатмоқда. Зеро, бугун Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги босқичига дадил қадам қўймоқда.

Бахитбай АЛДАМУРАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси 

  • Кўрилди
    522
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+