Андижонда “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг туман босқичи ғолиблари аниқланмоқда

07.10.2020, 10:50

Андижонда “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг туман босқичи ғолиблари аниқланмоқда

Соҳибахон Худойбердиева Балиқчи туманидаги “Коинот” фермер хўжалиги раҳбари.  Йилнинг тўр фаслида ердан самарали фойдаланишни йўлга қўйган илғорлардан. Хўжаликнинг 20 нафардан зиёд аъзоси томонидан етиштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари дастурхон кўрки, ички бозорда харидорларига эга. Фермернинг изланувчанлиги, тиришқоқлиги унча-мунча ёш қизникидан қолишмайди. Фермер хўжалигидан олган даромадларини яхшилик йўлида йиққани фойда бўлди. Туман марказида “Камалак” хусусий нодавлат мактабгача таълим муассасасини ташкил қилди. Муассаса фаолиятини аъло бошлади. Бу ерда замонавий таълим шакллари асосида мактабгача таълим тизими йўлга қўйилди. Инглиз, рус тиллари чуқур ўргатилади.

Фермер энди тадбиркорлик билан ҳам узвий боғланди. Аҳолига маиший хизмат кўрсатиш маркази ташкил қилганидан сўнг чинакам ишбилармонлик муҳитининг фаолига айланди-қўйди. Ахир 200 нафарга яқин ишчи ўрни яратган тадбиркор жамият фаоли бўлмаслиги мумкинми?

Шунинг учун ҳам O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши томонидан жойларда ўтказилаётган “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг Балиқчи туман босқичида Соҳибахон Худойбердиева томонидан амалга оширилган ишлар юқори баҳоланди. Фермер, тадбиркор аёл танловнинг вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритди.

Таманнохон Рахимова ҳам кўрик-танловнинг Улуғнор туман босқичида ғолиб бўлиб, вилоят босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритганлардан. Туманнинг “Обод” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган “Гул босилган газламалар ва чокли буюмлар” фирмаси раҳбари бўлган тадбиркор ва ҳунарманд айни вақтда келин сарполар тайёрлаш билан шуғулланмоқда. Маҳалладаги бандлиги таъминланган 5 нафар хотин-қизнинг фаолиятидан кўз қувнайди. Жорий йил якунига қадар яна беш нафар янги иш ўрни яратиш режаси бўйича аллақачон фаолиятни кенгайтириш ишларини бошлаб юборган. Фирма томонидан тайёрланган маҳсулотлар савдосини шу ернинг ўзида ҳам ташкил қилиш мақсадида савдо маркази қурилиши бошланган.

Танловнинг вилоят босқичига сараланганлар орасида хонободлик Эркиной Абжамилова ҳам бор. “Алтин Ордо” маъсулияти чекланган жамияти раҳбари бўлган бу тадбиркор аёл илк бор Хонобод шаҳри марказида “Эркиной” гўзаллик салони фаолиятини йўлга қўйиш билан ишбилармонлик муҳитига дадил кириб келди. Ўшанда мустақиллик йиллари эди. Истиқлол туфайли хусусий тадбиркорликка кенг йўл очилди. Албатта, бу Эркиной Абжамилова учун керагича шарт-шароитларни яратишга хизмат қилди. Дастлаб мўъжазгина гўзаллик салони кейинроқ кенг ва кўркам тадбиркорлик объектига айлантирилди. Кейинроқ Хонободнинг сўлим адирликларида қардош халқнинг миллий анъаналарини ўзида мужассам этган ўтовларни бунёд этди. Қариийб 10 сотих майдонга қурилган 6 та ўтов ҳамда ҳордиқ хоналари чинакам дам олиш масканини ўзида ифода этди. Ўтган 2019 йилнинг декабрь ойида халқ депутатлари маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтган сайловларга тайёргарлик жараёнида номзоди 12 –сайлов округидан халқ депутатлари Хонобод шаҳар кенгаши депутатлигига кўрсатилди. Билдирилган ишонч туфайли бугун халқ ва давлат ўртасидаги кўприкка айланди.

Андижонлик аёлларнинг шижоатида олов бор. “Ишбилармон аёл” кўрик-танлови эса уларнинг энг сараларини саралашга хизмат қилмоқда.

Умидахон ИСАЕВА,

O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши

Аёллар қаноти бўлими мудири

  • Кўрилди
    789
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+