70 ёшли фермер “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг Пахтакор туман босқичи ғолиби деб топилди

09.10.2020, 16:44

70 ёшли фермер “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг Пахтакор туман босқичи ғолиби деб топилди

O`zLiDeP  “Аёллар қаноти” гуруҳининг истиқболли лойиҳаларидан бири – “Ишбилармон аёл” кўрик-танлови Жиззах вилоятида тадбиркорлик, фермерлик фаолияти билан шуғулланаётган хотин-қизлар ўртасида ҳам анчагина оммавийлашиб улгурган. Ҳозиргача вилоятнинг бир қатор ҳудудларда бўлиб ўтган кўрик-танловнинг туман босқичи ўз соҳаларида юқори натижаларни қўлга киритган аёллар иштирок этмоқдалар.

Улар орасида бу йил 70 ёшни қоралаган Рима опа Собирова ҳам бор. Рима опа Пахтакор туманидаги "Оқбулоқ" кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари. Мазкур фермер хўжалигида фаолият олиб бораётган 10 нафардан ортиқ доимий ва 30 нафарга мавсумий ишчилар 31 гектарга  майдонда ғалла , 25 гектар майдонда  пахта етиштириш билан машғул. Айни пайтда фермер хўжалиги қошида  балиқчилик, иссиқхона ва чорвачилик тармоқларини ҳам ташкил этган. Бу эса нафақат қўшимча даромад, балки янги иш ўринлари дегани ҳамдир.

Рима опа Собирова “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг туман босқичида иштирок этган 10  нафардан зиёд фаол тадбиркорлар орасида ғолиб, деб топилди.

- Эсимни танибманки ҳаёт мазмунини меҳнатда деб биламан, - дейди Рима опа. - Мамлакатимизда аёлларимиз ўртасида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлардан мамнунмиз. Кўрик-танлов давомида туманимиздаги бошқа тадбиркор, фермер аёлларнинг ютуқ ва муваффақиятлари билан яқиндан танишдик, тажриба алмашдик. Насиб қилса, кўрик-танловнинг вилоят босқичида ҳам муносиб иштирок этишга ҳаракат қиламиз.

Табиатида ёшларга хос шижоат, кайвониларга хос ширинсуханлик  уйғунлашиб кетган Рима опанинг фаолияти, ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаётган опа-сингилларимизга ибрат бўлса ажаб эмас. Ахир, “Ишбилармон аёл” танловидан кутилган мақсадлардан бири ҳам айнан шунда-да, тўғри эмасми?  

  Шоира ҒОЗИБЕКОВА,

       O`zLiDeP  Жиззах вилоят Кенгаши

Аёлларнинг сиёсий фаоллиги,

 жамиятдаги ўрни ва мавқеини

ошириш бўлими мудири

  • Кўрилди
    798
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+