Бухоро шаҳридаги ишбилармон аёллар аниқланди

11.10.2020, 06:25

Бухоро шаҳридаги ишбилармон аёллар аниқланди

O'zLiDeP Бухоро шаҳар Кенгаши ишчи гуруҳи аъзолари “Ишбилармон аёл - 2020” кўрик-танловининг ғолибини аниқлаш мақсадида тадбиркор, фермер, ишбилармон хотин-қизлар билан учрашдилар.

Умида Кабирова 15 йилдан буён тадбиркор-дизайнерлик билан шуғулланади. У Қозоғистон, Ҳиндистон, Будапешт, Туркия, Германия сингари ўнлаб давлатлардаги танловлар, кўргазма ва фестивалларда қатнашган. Шунингдек 6 тилда бемалол гаплаша олади. Умида Кабирова миллий ва замонавий услубдаги либослар тикиш бўйича малакали устоз даражасига етгани боис, у яратган ўзгача услубдаги кийим-кечакларни чет элдаги машҳур инсонлар харид қилишади. Айни пайтда Умида Кабирова 20 кишини иш билан таъминлаган. Унинг янги лойиҳаси амалга ошса, яна 50 нафар хотин-қизларнинг бандлиги таъминланади.

Мадина Сирожова ҳар хил турдаги тайёр либослар тикишни ҳадисини олган. У яратган янгича дизайндаги кийим-кечаклар Россия федерациясига ҳам экспорт қилинган. Мадина ёш бўлишига қарамай, 1000 дан ортиқ шогирд етиштирган. У фаолиятини йўлга қўйганига эса 12 йил бўлди. Истеъдодли дизайнер ҳозирда 3 та йўналишда шогирдлар етиштирмоқда.

Шунингдек, Мадина Сирожова ҳам халқаро фестиваллар ғолибаси саналади. У яратган янгича услубдаги ижодий ишлари ички ва ташқи бозорда харидоргирлиги билан ажралиб туради. Мадина шогирд етиштириш билан бирга улар орасидаги энг истеъдодлиларини ўзи ишга қабул қилиб,  уларнинг бандлигини ҳам таъминлаб келаяпти.

Вазирабону Атоева каштачилик саънати бўйича 4-сулола вакиласи. У қадимий, миллий каштачилик санъатини ривожлантиришда катта ҳисса қўшмоқда. Иш фаолияти давомида қадимги тикиш, шу билан бирга миллий каштачилик санъатида бажариладиган композициялар устида ишлаб, турли хилдаги чокларни, нақшли услубларни ва 10 дан ортиқ қадимги миллий сўзаналарнинг нусхаларини  тиклади.

Вазира ўз йўналишидаги 40 дан ортиқ тадбирларда фаол қатнашиб, диплом, cертификат ва қимматбаҳo coвғалар билан такдирланган.

 Унинг фаолияти билан боғлиқ маълумотлар ўнлаб чет эл сайтлари ва даврий нашрларида ёритиб келинмоқда. Ҳозирда Вазиранинг 20 дан ортиқ шогирдлари бор,  улардан 6 нафари  мустақил фаолият кўрсатмоқда.

Асила Муқимова эса 2002 йилдан буён чеварлик ва патдўзлик билан жиддий шуғулланиб келади. Бундан 4 йил муқаддам ўз цехини очиб, мустақил фаолият юрита бошлади. Айни пайтда Асиланинг ҳам 20 дан ортиқ шогирдлари бор.

Ўрганишлар натижасида, биринчи ўринга Умида Кабирова сазовор бўлди. Иккинчи ўрин Мадина Сирожовага насиб қилган бўлса, учинчи ўринга Асила Муқимова лойиқ деб топилди. Танловда рақобатчиларидан анча ёш бўлса-да, ишчи гуруҳи аъзоларининг меҳрини ўз изланишлари билан қозонган Вазирабону Атоева “Энг ёш ишбилармон аёл” номинацияси ғолибаси сифатида эътироф қилинди.

O'zLiDeP Бухоро вилоят кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    932
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+