Хатирчининг энг чекка ҳудудида ўтказилган тиббий кўрикда...

02.02.2021, 18:29

Хатирчининг энг чекка ҳудудида ўтказилган тиббий кўрикда...

Хатирчи туманининг Уйшун қишлоғи туман марказидан анча олисда. Уйшунликлар учун кўп нарса муаммо. Йўл босиб туман марказига бориб тўлиқ тиббий кўрикдан ўтишга кимда имкон бору, кимда йўқ.

O'zLiDeP Навоий вилоят Кенгаши “Аёллар қаноти”  мазкур шарт-шароитни ҳисобга олиб, Хатирчининг “Гулистон”  маҳалласида “Соғлом оила—мустаҳкам оила” лойиҳаси доирасида бепул тиббий кўрик ташкил этди.

“Соғлом авлод учун” Халқоро Хайрия Жамоат фонди Навоий вилояти бўлими билан ҳамкорликда аҳолининг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш, чекка ҳудудларда яшаётганларда учрайдиган турли касалликларни вақтидан кечиктирмай аниқлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни зарурий дори-дармонлар билан таъминлаш мақсадида малакали мутахассисларни жалб этган ҳолда ташкил этилган тиббий кўрикда 200 га яқин уйшунликлар  ўз саломатликларини текширувдан ўтказди. Айниқса,  уйи, иши ёки турмуш ташвишидан ортмайдиган 120 нафар аёллар учун окулист, гинеколог, терапевт, педиатр кўриги ҳамда УЗД, кардиограмма ва  қон таҳлилини аниқлаштиришга қулай имконият яратилганлиги халқимиз саломатлиги йўлида мунтазам амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг бир намунаси бўлди.

-Бугунги тиббий кўрикда 15 йилдан буён фарзанд кўрмай юрган аёлда эгизак ҳомила борлиги аниқланди. Аёлнинг қанчалик хурсанд бўлганини сўз билан ифодалаб бўлмайди. Кўрикда мутахассис бўлиб қатнашганимдан ҳам қувониб кетдим. Тиббий кўрикларнинг олис ҳудудларда ташкил этилиши шифокорларимиз учун бир оз қийинчилик туғдирса-да, аҳоли орасида кутилмаган юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олибгина қолмай, балки одамларимизда соғлом жамият ривожи учун ўз саломатлигини назоратга олиши кераклигини ҳам уқтиради, - дейди олий тоифали шифокор О. Қаюмов.

Кўриш қобилияти пасайганлар учун кўзойнаклар тарқатилиши айрим сабаблар билан бекор қилинган бўлса-да, Уйшун аҳлига ҳомиладор аёллар, болалар ва қариялар, шунингдек, сурункали касалликка чалинган беморлар учун бир неча турдаги бепул дори-дармонлар тарқатилди.

O'zLiDeP Навоий вилояти кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1027
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+