O'zLiDeP депутатлари “Аёллар дафтари”дагиларни ишга кириш ва ўқитишга кўмаклашмоқда

16.02.2021, 16:53

O'zLiDeP депутатлари “Аёллар дафтари”дагиларни ишга кириш ва ўқитишга кўмаклашмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2 февраль куни мамлакатимиздаги сиёсий партиялар раҳбарлари билан учрашган чоғида бугунги кунда хотин-қизларнинг сиёсий фаоллиги уларнинг жамиятда ўз ўрнини топишда сиёсий партияларнинг роли ва ўрни сезилмаётганлиги, “Аёллар дафтари”  ва “Ёшлар дафтари”га кирган аёллар билан бевосита ишламаётганликларини танқид қилгандилар. Бундан кейин партия ходимлари ҳам депутатлар билан биргаликда маҳаллама-маҳалла юриб, аёлларнинг муаммолари билан қизиқиши, оилаларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, тадбиркорликни йўлга қўйишда ёрдамлашиш орқали  жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича ишлаш кераклиги тўғрисида топшириқ ҳам бердилар.

“Аёллар дафтари”даги рўйхатни холисона ёндашган ҳолда шакллантириш, чиндан моддий-маънавий, психологик кўмакка муҳтож хотин-қизларимизни аниқлаб, уларнинг оёққа туриб олишлари, ўзларини жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида ҳис қилишлари учун ҳаракат қилиш айни пайтда муҳим саналади. Шу боис, бугун хотин-қизларимизнинг хонадонларига ташриф буюрган ҳолда улар билан яқиндан мулоқотга киришилаётир.

Биргина ўтган йилнинг октябрь-декабрь ойларида Сурхондарё вилоятида “Аёллар дафтари”ни шакллантириш бўйича 432 330 нафар хотин-қиз билан мулоқотлар ўтказилган ва 28 928 нафар аёл рўйхатга киритилган.  2020 йил якуни бўйича 49 778 нафар ишсиз хотин-қизнинг бандлиги таъминланган. Бугунги кунда эса вилоятда ишсиз хотин-қизлар 12 950 нафарни, яъни 4.7 фоизни ташкил этади.  Йил бошидан буён “Аёллар дафтари”га кирган аёлларнинг 71 нафари доимий иш билан, 11 нафари эса мавсумий иш билан банд қилинган.

Албатта, бу жараёнда O’zLiDeP ҳам ўз олдига бир нечта вазифаларни белгилаб олди. Унда “Аёллар дафтари”га  кирган хотин-қизлар билан ишлаш, уларнинг тиббий саводхонлигини ошириш, ижтимоий соҳада қўллаб қувватлаш, тадбиркорликка кенг жалб қилиш, шунингдек, янги лойиҳаларни  ҳаётга тадбиқ этиш каби режалар кўзда тутилган. 

Бу режаларни амалга оширишда партиямиз депутатлари ҳам ишга киришишган. Мисол учун, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Гуласал Умбарова Қизириқ туманидаги аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда 45 нафар дафтарга кирган хотин-қизни тикувчилик ва пазандачилик йўналишида ўқишига ёрдам беришди. Айни пайтда ўқув жараёнлари олиб борилмоқда. Шунингдек, депутат томонидан дафтарга кирган яна 7 нафар хотин-қизнинг бандлиги ҳам таъминланди.

Халқ депутатлари Узун тумани Кенгаши депутати Сафаргул Ражапова эса ўзи сайланган ҳудуд — “Янгийўл” маҳалласида яшовчи 6 нафар аёлни ишга жойлаштириб, 3 нафар ижтимоий аҳволи оғир, ёлғиз оналарни  Узун туманидаги педагогика коллежига имтиёзли ўқишга киришига ёрдам берди.

O'zLiDeP депутатларининг бундай саъй-ҳаракатлари давом этмоқда.

Матлуба  Жўраева,

O'zLiDeP Сурхондарё вилоят Кенгаши

аёлларнинг сиёсий фаоллиги,

жамиятдаги ўрни ва мавқеини

ошириш бўлими мудири.

  • Кўрилди
    804
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+