“Аёллар дафтари”га киритилган 40 нафар миришкорлик касб-ҳунарга ўқитилиб, сертификат берилди

15.03.2021, 17:48

“Аёллар дафтари”га киритилган 40 нафар миришкорлик касб-ҳунарга ўқитилиб, сертификат берилди

Қишлоқда гап ётмайди. Ойбаҳор опа Ҳасанованинг “Мўътабар аёл” кўкрак нишонига сазавор бўлгани бир зумда Миришкор туманидаги Чаманзор қишлоғига етиб борди. Бу хушхабардан эл қувонди. “Ўзимизнинг Ойбаҳор опамиз шундай эъзозга муносиб кўрилибди, бундан қувонмай бўладими?” дея бир-бирини қутлашди қишлоқдошлар. Бу Ойбаҳор Ҳасанованинг элда обру эътибори, ҳурмати юксаклигидан далолат бериб турибди.

Тўғрида, у Қашқадарёнинг энг чекка ҳудуди Миришкор туманига кўчиб келганида эндига 18 ёшга тўлган, ёшгина келинчак эди. Чўл ҳудудининг “туф” десангиз ерга тушмай музлаб қоладиган совуқларию, ёз чилласининг тандир ҳовуридек  гармсел шамоллари ёшгина, навниҳол келинчакни Самарқандга қайтиб кетишга қанчали ундамасин, у бу қийинчиликларни сабр-бардоши, матонати билан енгди. Турмуш ўртоғи билан муштни бир жойга ўриб, чўлда пахта экди, ғалла парваришлади, ҳ\аёт синовларини мардонавор енгди.

-Ўзингнинг меҳнатинг сингган жой қадрдон бўлиб қолар экан,- дейди Миришкор туманидаги “Чаманзор” МФЙ раисининг хотин-қизлар ва маънавий-ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари, тумна Кенгаши депутати  Ойбаҳор Ҳасанова.- Ҳозир мен учун шу қишлоқнинг ҳар бир сўқмоғи, кўчалари, одамлари шу қадар  кўнглимга яқинки, уларсиз ҳаётимни тасаввур ҳам қила олмайман. Икки ўғлим шу ерда дунёга келди. Улар Ватан деган тушунчани шу ердан бошланади деб билишади.  Бундан ташқари мени бу ерга боғлаб турган яна бир муҳим жиҳат бу – ёшлигим, навқиронлик давримни эслатиб туради бу ерлар.

Ойбаҳор опада куюнчаклик бор. Бу куюнчаклик элнинг ҳамжиҳатлиги, фаровонлиги ва бағрикенглиги билан чамбарчас боғлиқ. Айниқса у ёш оилаларни мустаҳкам бўлиши учун қайғуради. Шундан бўлса керак, маҳаллада ҳозир ажримлар деярли йўқ. 2705 нафар хотин-қизнинг ҳаммаси Ойбаҳор опани ҳурмат қилади, сўзини икки қила олмайди, изидан эргашади. Шунинг ўзи уни  маҳаллада хотин-қизларга бош бўлишида муҳим омилдир.

-17 йилдан буён маҳаллада хотин-қизлар бўйича ишлайман, - дейди О. Ҳасанова.  –Қишлоқдаги ҳамма аёлни номма-ном биламан. Тўғри, 57 нафар хотин-қиз “Аёллар дафтари”га киритилган бўлса, уларнинг 40 нафарини касб-ҳунарга ўқитиб, сертификат бердик. Ҳозирги кунда 8 нафар хотин-қизга банкдан 20 миллион сўмдан кредит олишига кўмаклашаяпман. Ойимхол Аталикова 20 миллион сўм кредит олиб, тикувчиликни  йўлга қўйган бўлса, Гулшода Салаева 20 миллион сўм кредит эвазига паррандачиликни йўлга қўйди. Гулҳаё Хўжаева 20 миллион 800 минг сўм кредит олиб, 20 нафар хотин-қизни гиламчиликка ўқитишга киришди. 21 нафар боқувчисини йўқотган, 4 нафар нотурар жойда яшаб турган аёллардан ҳам кўмагимизни аямаяпмиз.

-Қишлоқ аёлларига бош бўлиш, уларнинг дарду ҳасратларини тоқат билан эшитиш, кўмаклашиш бу жудаям оғир масала,- дейман Г. Ҳасановага.

-Ҳақиқатда оғир юмуш, аммо мен муаммоси ҳал этилган аёл юзида табассум кўрсам, яйраб кетаман, ҳаёт кўзимга янада ёрқинроқ намоён бўлади. Бошқа аёлни билмадиму мен қишлоқда бирорта нотинч, ноаҳил оилани кўрсам, то улар ярашмагунча ётиб уйқум келмайди. Партиямиз “Аёллар қаноти”нинг “Бир депутат – 100 аёлга кўмакчи” лойиҳаси туман Кенгаши депутати сифатида менга янада куч бахш этмоқда. Енгни шимариб, бор куч билан ишлашга даъват этаяпти.

Бир сўз билан ифодалаганда, Ойбаҳор опанинг  кўксида порлаб турган “Мўътабор аёл” кўкрак нишони ҳақиқий маънода унинг Қашқадарёнинг энг мўътабар аёлларидан бири эканидан далолат бериб турибди. Зеро, аёллари эъзоз топган юрт файзли, қут-баракалидир. 

  O’zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    521
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+