Наманганда фаол ўқувчиларга O'zLiDeP депутати бир марталик стипендия берди

15.03.2021, 19:15

Наманганда фаол ўқувчиларга O'zLiDeP депутати бир марталик стипендия берди

Мамлакатимизда ёш авлодни ақлу заковатли, билимдон этиб тарбиялаш, эртамиз эгаларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг илм сари интилишларини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бунинг натижаси ўлароқ умумтаълим ва ихтисослашган мактаб интернати ўқувчилари дунёнинг нуфузли олий таълим муассасаларига талабаликка қабул қилиниб, грантларга сазовор бўлаётганлиги, турли танлов ва конференцияларда иштирок этиб, муваффақият қозонаётгани кўпчиликни қувонтиряпти.

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, “Art Soft Holding” компанияси кузатув кенгаши раиси, O’zLiDeP фаоли Олимхон Бобохонов ташаббуси билан Наманган шаҳридаги 1-сонли Давлат ихтисослашган мактаб интернати ўқувчилари иштирокида ўтказилган мулоқотда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”  Давлат дастурида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда келажагимиз ворисларининг билим олиш ва касб-ҳунар эгаллашлари учун яратилаётган имкониятлар, зарур шароитлардан оқилона фойдаланиш лозимлиги ҳақида сўз юритилди. Ўқувчи ёшларни қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан батафсил жавоб берилди.

Эътиборлиси шундаки, учрашув якунида Ҳиндистоннинг Шарда университетига имтиёзли қабул қилинган, мазкур мактаб интернатнинг 11-синф ўқувчиси Самандар Уматалиев ва 7-8-синфлар ўртасида математика бўйича ўтказилган фан олимпиадасининг вилоят босқичи ғолиби, 7-синф ўқувчиси Сардор Бахриддиновга депутат стипендияси ва ўқувчиларнинг ота-оналарига ташаккурнома топширилди.

Иқтидорли ўқувчиларнинг улкан зафарларидан қувонган депутат Олимхон Бобохонов ўзи сайланган “30-Ғишткўрик” сайлов округи ҳудудида жойлашган 4, 15, 22, 43 ва 46-сонли умумтаълим мактабларининг ўқувчиларини шундай муваффақиятларга эришишга ўзига хос мотивация бериш мақсадида юқори синф ўқувчиларига бир марталик стипендия беришни режалаштирди.

  • Кўрилди
    689
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+