Фуқаролар хавфсизлиги ва хотиржамлиги энг катта бойлигимиздир

17.03.2021, 18:43

Фуқаролар хавфсизлиги ва хотиржамлиги энг катта бойлигимиздир

Хотиржамликка не етсин. Фарзандларидан, яқинларидан кўнгли тинч одам бахтлидир. Бинобарин, инсон ҳаёти, умр йўллари бир текис эмас. Гоҳида фавқулодда ҳолатлар, ҳалокат ва табиий офатлар юз бермаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Ана шундай кўнгилсизликларга биз доим тайёр туришимиз, иродамиз ва матонатимиз билан қатъий курашишимиз лозим. 

Албатта, бу соҳада Ўзбекистон Республикасининг “Фавқулодда ҳолат тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилиб, депутатларимиз томонидан қизғин муҳокама қилинди. Бунда бирорта жиҳат ҳам эътибордан четда қолмаслиги, қонуннинг мукаммал ва тўлақонли бўлиши учун астойдил иш олиб борилди.

Ҳозирги кунда биласиз, дунё мамлакатлари билан бир қаторда, мамлакатимизда ҳам коронавирус инфекцияси (COVID-19) кенг тарқалиб, Ўзбекистон Республикасида фавқулодда чора-тадбирлар кўришни тақозо этди. Бу эса ўз навбатида миллий қонунчилик базасини такомиллаштириш заруратини юзага келтирмоқда.

Шу сабабли, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ ва хорижий тажрибадан келиб чиқиб, миллий қонунчилигимизда қонун даражасида тегишли ҳуқуқий асослар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия ва Давлат хавфсизлик хизмати масъул ходимлардан иборат ишчи гуруҳ томонидан лойиҳа ишлаб чиқилди.

Лойиҳада фавқулодда ҳолатни жорий этишда вужудга келадиган муносабатларни тартибга солишга қаратилган нормалар акс эттирилган. Жумладан, фавқулодда ҳолатни жорий этиш ҳолатлари ва тартиби, фавқулодда ҳолатда қўлланиладиган чоралар ва чеклашлар, фавқулодда ҳолат амал қиладиган давр учун жорий этиладиган махсус давлат бошқарув органлари, фавқулодда вазият шароитида жисмоний ва юридик шахсларнинг, шунингдeк мансабдор шахсларнинг ҳуқуқлари кафолатлари, фавқулодда ҳолат шароитларида судларнинг фаолиятини тартибга солувчи ва бошқа махсус қоидалар мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

Албатта, мазкур Қонуннинг қабул қилиниши, давлат бошқаруви тизими орқали самарали ва тезкор фавқулодда чораларни қўллашга, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини муҳофаза қилишда ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишга, Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштиришга имкон яратади. Зеро, халқимизнинг хавфсизлиги, хотиржамлиги  ва тинч-тотувлиги энг катта бойлигимиздир.

Ҳазратқул Хўжамқулов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси.

  • Кўрилди
    394
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+