Марҳаматда O’zLiDeP депутатлари “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари ижросига муносиб ҳиссаларини қўшмоқда

26.04.2021, 17:04

Марҳаматда O’zLiDeP депутатлари “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари ижросига муносиб ҳиссаларини қўшмоқда

Марҳамат туманидаги “Шаҳноза текстиль” хусусий корхонаси 2018 йилда “Барҳаёт Нозимжон файзи” қўшма корхонаси негизида барпо этилган. Тадбиркор, OzLiDeP фаоли Мавлудахон Шодмонова ташаббуси билан тумандаги бўш турган ер майдони “ноль” харид қийматида олиниб, тадбиркорлик объекти қурилди. Тез фурсатда 18 миллиард сўм маблағ қийматидаги лойиҳада кўрсатилганидек трикотад маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхона фаолиятини бошлади. Мазкур корхона ишчиларини айни вақтда тумандаги “Аёллар”, “Ёшлар” ва “Темир дафтар”га киритилган аҳоли вакиллари ташкил қилади. Дастлаб 130 нафар ишчи билан фаолият бошлаган корхонада бугунга келиб 150 нафар бичувчи, тикувчи, қадоқловчилар томонидан тайёрланган 10 турдан зиёд трикотаж маҳсулотлари ички бозорга харидорларга етказиб берилмоқда.

O’zLiDeP Марҳамат туман Кенгаши ташаббуси билан “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари ижросини таъминлаш мақсадида мазкур корхонада “Мустақилликнинг 30 йиллигига O’zLiDeP тадбиркорлари билан!” шиори остида ташкил этилган бизнес-экскурсияга партия фаоллари, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлардаги партия депутатлари вакиллари жалб этилдилар. Корхона фаолияти билан яқиндан танишиш асносида ишбилармон ўзбек аёлининг ютуқлари, тажрибалари билан ҳам ўртоқлашилди. Тадбир давомида мазкур корхона қошида бошланғич партия ташкилоти тузилиб, янги сафдошларга партияга аъзолик гувоҳномалари топширилди.

Партия туман Кенгашининг “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари доирасидаги тарғибот тадбири “Жасмина қувноқ болажон” давлат хусусий-шерикчилик асосидаги мактабгача таълим муассасасида давом этди. “Шаҳноза текстиль” корхонаси раҳбари ташаббуси билан бундан икки йил аввал бунёд этилган мазкур боғчада рус ва инглиз тиллари чуқур ўргатилади. 150 ўринга мўлжалланган мактабгача таълим муассасасида айни вақтда 36 нафар тарбиячи ва педагоглар болажонларга таълим-тарбия бериб келмоқдалар. Гимнастика, спорт-соғломлаштириш, мусиқа тўгараклари фаолияти самараси ўлароқ бугун тарбияланувчилар туман, вилоят миқёсидаги турли тадбирларнинг фаол иштирокчиларига айланганлар. Тадбир давомида ушбу боғчада ҳам партиянинг қуйи бўғинига асос солиниб, бир гуруҳ ходимлар тантанали равишда партия сафига қабул қилиндилар.

Достонбек Камолов туманнинг “Тўлға” маҳалласида истиқомат қилади. Оиланинг ёлғиз боқувчиси. Бир неча йилдан буён хорижда ёлланма ишчи сифатида меҳнат қилиб пул топарди. Пандемия сабабли юртга қайтган йигит бир муддат мавсумий ишлар билан шуғулланди. Бироқ қўл билан берганга қуш тўймас... O’zLiDeP депутатлари кўмаги билан “Ёшлар дафтари”га киритилиб, яшаш хонадони томорқасига субсидия асосида 1 сотихлик иссиқхона қуриб берилди. Айни кунда томорқада парваришланаётган помидор ва бодринг ҳосилга кирай деб қолгани қувончли.

Халқ ноиблари ва партия фаолларидан иборат тарғибот гуруҳининг дастурлар доирасидаги ўрганиш тадбирлари давомида бандлиги таъминланган Достонбек Камолов сингари ёшларнинг фикрлари тингланди.

-Бугунга келиб, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари доирасидаги тарғибот ҳамда амалий кўмак тадбирларимиз билан туманнинг энг чекка ҳудудларигача кириб боришга ҳаракат қиляпмиз, -дейди халқ депутатлари Марҳамат туман кенгаши депутати Хайрулло Ашуров. – Ҳудуд мослашган шароит ва имкониятдан келиб чиқиб, тадбиркорлик ва ҳунармадликнинг турли йўналишларида “Аёллар”, “Ёшлар” дафтарларидаги сайловчиларимизга амалий кўмак бериш ишларини йўлга қўйдик. Масалан, мана шу гувоҳ бўлганингиз “Тўлға” маҳалласида субсидия асосида асосан томорқачилик билан бандлик муаммосига ечим топишга эътибор қаратган бўлсак, “Қорқўрғон”, “Бозорбоши” маҳаллаларида юқоридаги дафтарларга киритилган фуқаролар учун касаначилик йўналишларида фаолият бошлашларига кўмаклашдик. Бу билан нафақат аҳолининг ишсиз қатлами бандлиги таъминланяти, шу билан бирга, оиласига даромад киряпти, рўзғори бутланяпти.

Марҳамат туманидаги эзгуликка ҳамоҳанг бундай хайрли тадбирлар давлат дастурлари ижросини ўзида яққол ифода этмоқда.

Муҳаррамхон ГУЛМАТОВА, 

O’zLiDeP Марҳамат туман Кенгаши ижрочи котиби

  • Кўрилди
    580
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+