Ўзбекистон ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳамкорлигида сезиларли натижаларга эришиш муҳим

23.05.2021, 11:24

Ўзбекистон ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳамкорлигида сезиларли натижаларга эришиш муҳим

Албатта, Президнтимиз Шавкат Мирзиёев 21 май куни видеоанжуман шаклида ўтган Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этар экан, бу нуфузли анжуманда Ўзбекистон аниқ ва сезиларли натижаларга эришишни кўзлаётганини таъкидлади. Ҳақиқатда Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлигимиз қандай самара бераётгани ҳар бир кишини қизиқтириши табиий. Шу жиҳатдан олганда ўтган даврда Евроосиё иқтисодий комиссияси билан ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум ва уни амалга ошириш бўйича уч йиллик Чора-тадбирлар режаси имзоланганини айтиб ўтиш ўринлидир. Бундан ташқари мамлакатимиз вакиллари ЕОИИнинг кўп томонлама тадбирларида иштирок этаётгани, хусусан, жорий йил апрель ойида Тошкент шаҳрида бирлашманинг Саноат сиёсати бўйича кенгаши йиғилиши ва халқаро “Иннопром” кўргазмаси ўтказилгани ҳам бунга аниқ мисол бўла олади.

Бу галги йиғилишда давлатимиз раҳбари нутқ сўзлар экан, ҳал этилиши ўзаро мувофиқлашган ёндашувларни талаб этувчи энг муҳим вазифаларга алоҳида тўхталди. Бу борада савдо муносабатларини, шу жумладан тўсиқларни бартараф этиш ва савдони нотариф тартибга солиш чораларини яқинлаштириш орқали янада кенгайтириш учун салмоқли салоҳият мавжудлиги, мамлакатларимизнинг етакчи корхоналари ва ҳудудларнинг саноат кооперациясини мустаҳкамлаш, Евроосиё тараққиёт банкини жалб қилган ҳолда иқтисодиётнинг реал сектори тармоқларида ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича лойиҳаларни илгари суриш муҳим аҳамиятга эгалигини айтиб ўтди.

Президентимиз транспорт-транзит соҳасидаги долзарб масалаларни ҳал қилиш ва юк ташиш ҳажмини ошириш мақсадида ўзаро имтиёзларни кенгайтириш, эпидемиологик вазиятнинг барқарорлашуви ва аҳолини эмлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни ҳисобга олиб, минтақа мамлакатлари ўртасидаги мунтазам ҳаво ва темир йўл қатновини қайта тиклаш таклифини ҳам илгари сурди.

Муҳими шундаки, бу Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилишида Президентимиз томонидан Ўзбекистон манфаатлари учун муҳим бўлган масалалар кўтарилгани ва бу масалалар келгусида мамлакатлар ўртасидаги ўзаро муносабатларни янги босқичга олиб чиқишига ишонамиз.

Ҳазратқул Хўжамқулов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси.

  • Кўрилди
    458
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+