Бир коса ошинг увол бўлса, ичинг ачийди – ернинг ҳам сўрови бор...

05.07.2021, 18:21

Бир коса ошинг увол бўлса, ичинг ачийди – ернинг ҳам сўрови бор...

"Одамларнинг дунёқараши, меҳнатга муносабати ўзгармоқда. Дунёқарашни нима ўзгартиради — илм, даромад, манфаат", деган эди давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Навоий вилоятига илк президентлик ташрифи чоғида.

O'zLiDeP Навоий вилояти Кенгаши Аёллар қаноти «Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади!» тамойилини ҳаётга жорий этиш мақсадида белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш, ишбилармонлик салоҳияти, оилавий тадбиркорлик фаолияти турларини кенг оммалаштириш, экин майдонларидан унумли фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтиришга қаратилган «Намунали томорқачи» лойиҳаси доирасида маҳорат дарсларини ташкиллаштирди.  

 Тадбир O'zLiDeP фракцияси раҳбари А.Ҳаитов таклифига асосан Навоий шаҳар Гулистон массивида бўлиб ўтди.  

Маълумки, тадбиркор Малоҳат Сафарова раҳбарлигидаги «Файзиобод гарденс» МЧЖ томонидан «Маҳалла дафтари»га ва рўйхатга киритилган вақтинча ишсиз ёшлар ва кам таъминланган оилалар учун ҳар бири 2 сотихли 40 та иссиқхона қурилиб, бир йиллик синов муддати билан бепул фойдаланишга топширилган эди.  

 Берилган мазкур имтиёздан тўғри фойдаланишлари учун ёшларга тажрибали томорқачиларнинг амалий маслаҳатлари зарурлигидан келиб чиқиб, партиянинг вилоят ва шаҳар кенгаши ҳамкорлик уюштирган ушбу маҳорат дарсида «Намунали томорқачи» кўкрак нишони соҳиби Райҳон Саидованинг амалий тренинги ўтказилди.  

 Донгдор деҳқон Райҳон Саидова ҳар бир иссиқхонани кўздан кечириб, иссиқхона эгаларига ютуқ ва камчиликларини тушунтирди.  

 Жумладан, деярли ҳаммаларида кузатилган асосий хато — ерга экинни аралаш экиш, ўз вақтида суғориш нормаларига амал қилмаслик, шунингдек, ер агротехникаси билан ишламаслик эканлиги қайд этилди. Семинар давомида томорқадан мўл ҳосил олиш технологиялари, маҳсулот рақобатбардошлигини ошириш, ўғитлардан фойдаланиш усуллари ва бошқа томорқачиликнинг кўплаб сир-асрорлари юзасидан ёш ер эгаларига керакли тавсиялар берилди.  

 – Бунақа шарт-шароит ҳамиша ҳам бўлавермайди. Бир коса ошинг увол бўлса, ичинг ачийди. Ернинг ҳам сўрови бор. Ундан унумли фойдаланиш керак. Фойдаланишни билмаган сўрасин, ўргансин. Ерга меҳрини берганга ер нон-насиба қайтаради, – дейди намунали томорқачи Райҳон Саидова.  

 Дарҳақиқат, деҳқоннинг бисоти – Ер! Бир парча томорқаси борнинг хазинаси бор. Бу хазинанинг синоатига етиш учун эса унинг илмини чуқурроқ англамоқ, меҳнатга ҳам фаросат-у фасоҳат билан ёндашмоқ керак.  

М.Пирнафасова,

 O'zLiDeP Навоий вилоят Кенгаши матбуот котиби

  • Кўрилди
    299
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+