Республикада картошка етиштиришни кенгайтириш ва уруғчилигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида

12.05.2020, 14:20

Республикада картошка етиштиришни кенгайтириш ва уруғчилигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

қ а р о р и

Республикада истеъмол ва уруғлик картошка етиштиришни ошириш, картошкачилик соҳасида кластер ва кооперация механизмларини кенгайтириш ҳамда замонавий технологияларни жорий этишни давлат томонидан янада қўллаб-қувватлаш, шунингдек, картошкага бўлган ички бозор талабини тўлиқ қондириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Картошка етиштирувчилар уюшмасининг картошкачиликка ихтисослаштириладиган туманларда картошкачилик кластерлари ва кооперацияларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Қуйидагилар картошкачилик кластерлари ва кооперациялари фаолиятининг асосий йўналишлари эканлиги маълумот учун қабул қилинсин:

инновацион ва ресурс тежамкор технологиялар асосида яхлит майдонларда истеъмол ва уруғлик картошка етиштириш ҳамда соҳада қўшилган қиймат занжирини яратиш;

уруғлик картошканинг супер элита ва элита авлодларини етиштиришни кенгайтириш, уруғликлар тайёрлаш ҳамда замонавий картошка плантацияларини барпо этиш;

истеъмол ва уруғлик картошкага бўлган ички бозор талабини қондириш, шунингдек, унинг экспортини кенгайтириш;

картошка экиш учун мўлжалланган экин майдонининг камида 50 фоизида уруғлик картошканинг супер элита ва (ёки) элита авлодларини етиштиришни йўлга қўйиш;

уруғлик картошкани сақлаш, саралаш, етказиб бериш ва қайта ишлашни йўлга қўйиш;

картошкачилик соҳасига илғор технологиялар, инновацион ечимлар (ноу-хау) ва илм-фан ютуқларини жорий этиш.

2. Қуйидагилар:

Истеъмол ва уруғлик картошка, жумладан, унинг супер элита, элита авлодларини етиштиришга ихтисослаштириладиган туманлар ҳамда ҳудудлар рўйхати 1 ва 1а-иловаларга мувофиқ;

2020-2021 йилларнинг қиш-баҳор мавсумида аҳолини ва ижтимоий соҳа муассасалари эҳтиёжларини кафолатли таъминлаш мақсадида истеъмол картошкасини захирага жамғариш ҳажмлари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ў.И.Барноевга, зарур ҳолларда, ушбу бандда назарда тутилган иловаларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилсин.

3. 2020 йил 1 майдан бошлаб картошка етиштирувчи фермер хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги корхоналари, шунингдек, картошкачилик кластерлари ва кооперацияларининг уруғлик картошка харид қилиш харажатларини молиялаштириш учун уларга 12 ой муддатгача тижорат кредитлари ажратилади. Бунда:

миллий валютада ажратиладиган тижорат кредитлари бўйича фоиз ставкасининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий ставкасидан ошадиган, лекин 10 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисми;

хорижий валютада ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз ставкасининг 30 фоизигача, лекин 3 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисми Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.

4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

а) Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ва Картошка етиштирувчилар уюшмаси билан биргаликда ҳар йили 1 декабрга қадар кластер ва кооперациялар таклифлари ҳамда истеъмол меъёрлари асосида келгуси йил учун картошка экин майдонлари ва ялпи ҳосили прогноз кўрсаткичларини, шунингдек, уруғлик картошкага йиллик талабни ва унинг етишмайдиган миқдорини аниқлайди;

б) 2023 йил 1 июлгача бўлган муддатга четдан олиб кирилаётган уруғлик картошка божхона божидан озод этилади. Бунда имтиёзлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекциясининг карантин кўрик далолатномаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг мувофиқлик сертификати асосида берилади.

5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2020 йил 1 августга қадар ресурс солиқларини такомиллаштириш ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг норматив қийматини аниқлаш, шунингдек, сув тежовчи технологияларни, шу жумладан, ёмғирлатиб суғориш тизими жорий қилинган ерларни 2021 йил 1 январдан ер солиғидан озод қилишни назарда тутувчи “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги 2020 йилнинг 1 июлига қадар ахборот технологияларини жорий этган ҳолда фойдаланилган сув ресурслари ҳисобини юритиш, уларнинг ҳажмини аниқлаш тартибини, шунингдек, қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш учун фойдаланиладиган сув ресурслари меъёрини қайта кўриб чиқиб, тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтига:

истеъмол ва уруғлик картошка етиштиришнинг илмий назарий асосларини такомиллаштириш, картошка уруғликларини тайёрлаш ва илғор агротехнологияларни қўллаш бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш;

истеъмол ва уруғлик картошканинг янги ҳамда серҳосил навлари коллекциясини яратиш, илмий ишланмаларни амалиётга жорий этиш;

халқаро молия институтлари, хорижий донорлар грантлари ҳамда ташаббускорлар маблағлари ҳисобидан уруғлик картошканинг супер элита ва элита авлодларини етиштириш, замонавий картошка плантацияларини барпо этиш, “in vitro” лабораторияси ташкил этиш, уруғликлар тайёрлаш ва картошка етиштирувчиларга етказиб бериш;

сабзавот ва полиз экинларининг юқори ҳосилдор, қурғоқчиликка, шўрга ва касалликларга чидамли, мева сифати юқори бўлган навлари ва дурагайларини яратиш ва уларнинг бирламчи уруғчилигини ташкил этиш, шунингдек, ноанъанавий сабзавот экинларини интродукция қилиш ишларини олиб бориш;

истеъмол ва уруғлик картошка етиштиришда илғор агротехнологияларни қўллаш ҳамда картошка плантацияларини ташкил этиш бўйича тавсияларни ишлаб чиқиш ҳамда маҳсулот етиштирувчиларга етказиш вазифалари юклатилсин.

Институтга юқоридаги вазифаларни хусусий ташаббускорлар иштирокида амалга ошириш ҳуқуқи берилади.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги билан биргаликда 2020 йил 1 декабрга қадар Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтига мазкур қарорда юклатилган вазифаларни амалга оширишмоддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда “in vitro” лабораторияси фаолиятини ташкил этиш учун грант маблағларини жалб қилиш чораларини кўрсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Фанлар академиясининг Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Илмий изланишлар ва инновацион ишланмаларни молиявий қўллаб-қувватлаш, картошка навлари селекцияси ва уруғчилигини ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Белгилаб қўйилсинки:

а) қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар;

институт тизимидаги тажриба хўжалиги ва илмий-тажриба станцияларининг хўжалик фаолиятидан олинган соф фойданинг 20 фоизи миқдоридаги ажратмалари;

халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий донорлар грантлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар;

б) Жамғарма маблағлари қуйидаги мақсадлар учун сарфланади:

сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик соҳасидаги илмий изланишлар ва инновацион ишланмаларни молиялаштириш учун грантлар ажратиш;

картошка навлари селекцияси ва уруғчилигини йўлга қўйиш бўйича тажриба-синов ва бошқа лойиҳаларни молиялаштириш;

сабзавот, полиз экинлари ва картошканинг яратилган навлари муаллифларини рағбатлантириш.

8. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда:

Илмий изланишлар ва инновацион ишланмаларни молиявий қўллаб-қувватлаш, картошка навлари селекцияси ва уруғчилигини ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги;

Сабзавот, полиз экинлари ва картошканинг яратилган навлари муаллифларини рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқласин.

9. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва Тошкент вилояти ҳокимлигининг:

Фанлар академияси Биоорганик кимё институти тасарруфидаги, Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани, “Сойлиқ” МФЙ ҳудудида жойлашган 17,2 гектар ер майдонини картошканинг маҳаллий навлари бирламчи уруғчилигини йўлга қўйиш мақсадида Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти тасарруфига ўтказиш;

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Бурчмулло” давлат ўрмон хўжалигининг “Писком” массиви ҳудудидаги бўш турган ер майдонларида юқори авлодли уруғлик картошка етиштиришни йўлга қўйиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда ушбу бандда назарда тутилган тадбирларни амалга оширишни ташкил этсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги:

Фанлар академияси, Тошкент, Самарқанд, Наманган ва Қашқадарё вилоятлари ҳокимликлари, Картошка етиштирувчилар уюшмаси билан биргаликда 2020 йил 1 ноябрга қадар маҳаллий инвесторлар маблағлари ҳамда халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг соҳага жалб қилинган кредит маблағлари ҳамда грантлари ҳисобидан ҳудудларда “in vitro” лабораторияларини ташкил этиш чораларини кўрсин;

Уруғчиликни ривожлантириш маркази, Картошка етиштирувчилар уюшмаси билан биргаликда уруғчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарининг уруғлик майдонларини сифатли синовдан ўтказиш чораларини кўрсин.

11. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Картошка етиштирувчилар уюшмаси билан биргаликда:

такрорий майдонларга экиш учун етишмайдиган уруғлик картошка ўз вақтида импорт қилинишини ва тўлиқ экилишини таъминласин;

истеъмол ва уруғлик картошка етиштиришни кўпайтириш, шунингдек, уруғлик картошкани фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига ўз вақтида етказиб бериш ишларини тизимли ташкил этсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги:

а) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари, “Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси, Картошка етиштирувчилар уюшмаси билан биргаликда жорий йилнинг 1 сентябрига қадар:

истеъмол ва уруғлик картошкани давлат захирасига харид қилиш ҳамда ушбу тадбирларни молиялаштириш тизимини жорий этиш;

картошка сақланадиган омборхоналарни хатловдан ўтказиб, аҳолининг қиш-баҳор мавсумида картошка истеъмоли ва сақланадиган уруғлик ҳажмидан келиб чиққан ҳолда, қўшимча омборхоналар ташкил этиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

б) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва “Ўзагротехсаноатхолдинг” акциядорлик жамияти билан биргаликда бир ой муддатда илғор хорижий тажриба асосида картошкачиликда фойдаланиладиган махсус техникалар, жумладан, картошкани экиш, йиғиб-териб олиш ва саралаш техникалари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги:

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Картошка етиштирувчилар уюшмаси билан биргаликда Халқаро картошкачилик маркази (CIP) билан ҳамкорликни йўлга қўйиш чораларини кўрсин;

илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида картошканинг турли стресс омилларга чидамли эрта, ўрта ва кечпишар маҳаллий навларини яратиш, картошка селекцияси ҳамда уни етиштириш технологиясига оид илмий-тадқиқот лойиҳалари танловини ташкил этсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси:

четдан олиб кирилаётган уруғлик картошка учун бериладиган кўрик далолатномасини тақдим этишни тезлаштириш чораларини кўрсин;

четдан олиб кирилаётган уруғлик картошканинг сифати, ҳудудларда уруғлик картошканинг фитосанитар тоза ҳолда ва карантин объектларидан ҳоли етиштирилиши устидан доимий назорат ўрнатсин.

15. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси:

четдан олиб кирилаётган уруғлик картошка учун бериладиган мувофиқлик сертификатинининг берилишини тезлаштириш чораларини кўрсин;

уруғлик картошка етиштириш, ундан мақсадли ва оқилона фойдаланиш, уруғлик картошканинг сифатли сақланишини таъминлаш ва нобуд бўлишининг олдини олиш;

уруғлик учун картошка экилган майдонларда синовларни белгиланган талаблар асосида ўтказилиши, шунингдек, жойларда мувофиқлик сертификати мавжуд бўлган уруғлик картошка экилиши устидан тизимли назорат ўрнатсин.

16. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ў.И.Барноев:

ўн кун муддатда 2020 йил ҳосили учун ғалладан бўшайдиган майдонларга экиш мақсадида импорт қилинадиган уруғлик картошка ҳажмини ва ҳудудлар кесимидаги тақсимотини тасдиқласин;

фаолият юритаётган ва янги ташкил этиладиган картошкачилик кластерлари ва кооперациялари томонидан картошка экиш учун мўлжалланган экин майдонининг камида 50 фоизида картошканинг супер элита ва (ёки) элита ва авлод уруғларини етиштиришни йўлга қўйилишини таъминласин;

мазкур қарорда назарда тутилган чора-тадбирларнинг амалга оширилишини тизимли назорат қилиш, картошкачилик кластерлари ва кооперациялари ўз вақтида ташкил этилишини таъминлаш, истеъмол ва уруғлик картошкага бўлган ички бозор талабини қондириш билан боғлиқ ишларни самарали ташкил этсин.

17. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

18. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Ў.И.Барноев ва Ж.А.Қўчқоров зиммаларига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

        Президенти                     Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2020 йил 6 май

  • Кўрилди
    952
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+