Ўзбекистон Президенти “Российские железные дороги” компанияси бош директорини қабул қилди

21.05.2021, 10:03

Ўзбекистон Президенти “Российские железные дороги” компанияси бош директорини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 19 май куни “Российские железные дороги” компанияси (“РЖД” ОАЖ) бош директори – бошқаруви раиси Олег Белозёровни қабул қилди.

Темир йўл алоқалари соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги йўналишлари ҳамда бутун минтақанинг транзит салоҳиятини самарали ишга солишга қаратилган муҳим инфратузилмавий лойиҳаларни илгари суриш йўллари кўриб чиқилди.

Давлатимиз раҳбари мамлакатларимиз темир йўл маъмуриятлари ўртасида, шу жумладан халқаро тармоқ тузилмалари доирасида анъанавий яқин ва сермаҳсул ишбилармонлик алоқалари қарор топганини мамнуният билан қайд этди.

Пандемия шароитида, кенг ривожланган ва ўзаро интеграциялашган транспорт коммуникациялари, энг аввало темир йўллар коронавирус оқибатларига муваффақиятли қарши курашиш ҳамда Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг жадал суръатини сақлаб қолишга хизмат қилгани таъкидланди.

Амалий шерикликни кенгайтириш, жумладан, мамлакатимизда темир йўллар тизимини такомиллаштириш бўйича ҳамкорлик қилиш, юк ташишлар ҳажмини кўпайтириш учун қулай шароитларни шакллантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташиш механизмларини йўлга қўйиш, йўловчи поездларининг қатновини қайта тиклаш ва юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Халқаро молиявий институтларни жалб қилган ҳолда “Мозори Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўлини қуриш лойиҳасини биргаликда илгари суриш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Лойиҳани ҳар томонлама тайёрлаш, шу жумладан техник ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қурилишни тез фурсатда бошлашга қаратилган ишларда иштирок этиш юзасидан келишувга эришилди.

“РЖД” раҳбари Олег Белозёров тармоқ компаниялари темир йўллар соҳасидаги шерикликнинг устувор вазифаларини амалга оширишда кенг кўламда ҳамкорлик қилишга тайёр эканини таъкидлади.

  • Кўрилди
    678
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+