Контрактга кирган қизлар хафа бўлманг, сизни давлат ўқитади

09.03.2022, 17:13

Контрактга кирган қизлар хафа бўлманг, сизни давлат ўқитади

Аёл бенуқсон яратилмишдир. Чунки фақат угина ҳам оила, ҳам бола тарбияси билан шуғулланиш билан бирга, ўқишни ва ёки иш жойидаги вазифаларини ҳам тиндириб қўйишга ўзида куч топа олади. У шу кўйи бошига тушган ташвишу мусибатларни, ҳаётдаги қийинчиликларни ҳам нозик елкасида кўтариб юриб, унга ечим, йўл ахтаради. Яқинларининг қайсидир ишидан кўнгли тўлмаса-да, айрим пайтлар унга ортиқча босим ўтказилса-да, аёл бардошига суянади, сабр қила олади. Аслида айтаётганларимнинг бари бошқалар учун одатий ҳол, “шунчаки бу аёлнинг вазифаси, керак бўлса қилади-да, чидайди-да...” деган тушунча бўлиб кўринса-да, бу чинакам матонатдир!

Ҳа, ҳатто давлат раҳбари “Ҳам, оила, ҳам бола тарбияси билан шуғулланиш билан бирга, ўқиш, иш ёки тадбиркорликни олиб бориш катта матонат талаб қилади”, дея бекорга таъкидламади.

Қувонганим эса, давлатимиз раҳбари шу йилнинг 1 март куни хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими ҳамда уларнинг жамиятдаги мавқейини янада мустаҳкамлаш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам, “Халқаро хотин-қизлар куни” муносабати билан ўтказилган байрам тадбиридаги нутқида ҳам бугун оғриқ нуқтамизга айланиб бораётган кўплаб муаммоларга ечим бўладиган қатор ўзгаришлар ҳақида айтиб ўтди.

Биргина ўтган 2021 йилда 39 мингга яқин хотин-қизлар оилада эри, қайнонаси, келини томонидан зўравонлик ва тазъйиқларга дуч келган. Бу 2020 йилга нисбатан 2,5 бараварга кўпдир. Ваҳоланки, бу рақамлар бизнинг бугунги турмуш-тарзимиздаги ҳақиқий ҳолатни кўрсатади. Албатта, бу ачинарли. Тўғри, республикамизда жорий қилинган ҳимоя ордерлари бу каби зўравонликнинг олдини олишга қайсидир маънода ёрдам бераяпти. Ушбу масалада мурожаат қилган аёлларнинг аксарияти 30 кун ичида ҳимояга олинаяпти, бироқ, 30 кундан кейинги тақдири нима бўлади, деган савол кўндаланг турибди. Шу боис, энди аёлларнинг тазйиқ ва зўравонликдан ҳимояси суд томонидан таъминланади ва алоҳида ҳимояга олиш бир йилгача белгиланиши мумкин.

Чекка ҳудудларда, қишлоқларда кўплаб илмга чанқоқ, билимли қизларни кўрганман. Улар орасида олий таълим олиш учун ўқишга контрактга кирганларининг қанча-қанчаси ўқий олмагани мени жуда қийнарди. Афсуски, бирининг оилавий шароити тўғри келмаса, бирининг ота-онаси “қиз болага шунча пул сарфлаб ўқитмаймиз” деган фикр билан рухсат беришмасди. Бундан бир неча йиллар олдин магистратурага контрактга ўқишга кирганимда ҳам қариндош-уруғлар “қиз болани ҳам магистратурада ўқитадими. Яна контрактга-я” дея отамга иддао қилишгани ҳали кўз олдимда. Ҳатто, туғишганларим ўқитмайсиз дея, қаршилик кўрсатишгани, ўзим ишлаб, ўзим тўлайман, фақат рухсат беринглар деб ялинганимдан кейингина рози бўлишгани кечагидай эсимда. Бир мен эмас, кўпчилик қизларимизни қийнайдиган мана шу каби вазиятларга ҳам енгиллик, имконият яратилиши айни муддао бўлди. 2022-2026 йилларга мўлжалланган “Хотин-қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш дастури” қабул қилиниб, дастур доирасида янги ўқув йилидан бошлаб олийгоҳ, техникум ва коллежларда ўқиётган қизларга таълим контрактларини тўлаш учун, илк маротаба, 7 йил муддатга фоизсиз кредит бериш жорий қилиниши, магистратурада ўқиётган қизларнинг контракт пуллари тўлиқ бюджетдан қоплаб берилиши, эҳтиёжманд оила вакиллари, ота ёки онасини йўқотган талаба қизларнинг таълим контракти эса маҳаллий бюджетдан тўланишини энг катта янгилик бўлди.

Қолаверса, пойтахтда асосан хотин-қизларни ўқитиш учун давлат-хусусий шерикчилик асосида тўқимачилик соҳасида алоҳида университет ташкил этилади. Жойларда унинг техникумлари ҳам очилади. Ҳар йили 50 нафар қизлар нуфузли хорижий олийгоҳларга бакалавр ва 10 нафари магистратурага юборилади. Ёш фарзанди бор талаба-қизларга эса масофавий ўқишга шароит яратилади. Ҳар йили мактаб ва коллежларни битираётган 20 минг нафар қиз IT соҳасида давлат буюртмаси асосида ўқитилади.

Боласини боғчага беришга иқтисодий шароити йўқ, эҳтиёжманд ёлғиз аёлларнинг фарзандлари учун давлат боғчалари тўловлари бюджетдан қоплаб берилиши ҳам ҳам хотин-қизларга, ҳам мактабгача таълим ёшидаги болаларга фойдали бўлади.

Бундан ташқари, 2022 йилда ипотека кредитлари бўйича ажратиладиган субсидияларнинг камида 40 фоизи хотин-қизларга йўналтирилиши, ижтимоий уйларнинг 700 таси уй-жойга муҳтож ёлғиз аёлларга ижарага берилиши, хусусий секторда ишлайдиганларга 4 ой учун 2 миллион сўмдан бир марталик ҳомиладорлик нафақаси давлат томонидан тўлаб берилиши ҳам бу имкониятларни давоми сифатида аёлларимизни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.

Аёл тадбиркорлар сафи кундан кунга кенгайиб бормоқда. Давлат раҳбари бу ҳаракатни янада жадаллаштириш ниятида 6 ой давомида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланган хотин-қизларга 300 миллион сўм, 2 йиллик фаолиятга эга хотин-қизларга эса 1 миллиардгача, 3 йиллик фаолиятга эга тадбиркор аёлларга 2 миллиардгача имтиёзли кредитлар ажратиш таклифини билдирди. Айниқса, докторантурада ўқиш учун хотин-қизларга ҳар йили 300 тадан мақсадли квота, давлат бошқаруви академияда ўқиши учун эса 100 та квота ажратилиши илм ўрганишга аҳд қилган олима қизларимиз учун ҳам яна бир қулайлик бўлди.

Албатта, хотин-қизларимизни қўллаб-қувватлаш учун шунча ўзгариш, шунча имтиёз берилиши барчамизни қувонтиргани рост. Муҳими, буларнинг бари аёлларни рози қилиш, шу орқали оилалардаги муҳитни яхшилаш кўзда тутилган. Зеро, жамиятнинг тараққий этиши ҳам айни шу кўзланган мақсадга бевосита боғлиқдир.

Феруза Раҳмонқулова,

O'zLiDeP фаоли

  • Кўрилди
    478
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+