Дабдаба бизни дабдала қилмаяптими?

15.03.2018, 15:50

Дабдаба бизни дабдала қилмаяптими?

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши бошқаруви ва “Нуроний” жамғармаси ҳамкорлигида тўйлар, оилавий тантаналар ва бошқа маросимларни ортиқча сарф-харажатсиз ва дабдабасиз ўтказиш бўйича халқимизга фаоллар мурожаати қабул қилинган эди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳам бу оғриқли муаммога муносабат билдириб, зўрма-зўраки одатлар ортидан оилаларда жуда катта ғам-ташвишлар келиб чиқаётгани, ўткинчи ҳою-ҳавасларни деб одамлар ҳузур-ҳаловатини йўқотаётганини, бу эса алалоқибат халққа жабр бўлаётганини алоҳида таъкид­лаб ўтгани ҳам бежиз эмас.

Ҳақиқатан, мамлакатимизда инсон манфаатлари ва турмуш фаровонлигини таъминлаш, одамларнинг ҳаёт даражасини яхшилаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ёш оилаларни моддий-маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш йўлида катта ишлар амалга оширилмоқда. Лекин ўз оёғимизга болта урадиган, ортиқча чираниб, оила иқтисодини барбод этаётган урф-одатлар ҳам талайгина. Улуғ маърифатпарвар бобомиз Маҳмуд­хўжа Беҳбудий бундан бир асрча аввалроқ миллатимиз тараққиётига тўғаноқ бўладиган икки нарса бор: бу – тўй ва азадир, дея куйиниб ёзган эди.

Бугун тўйлар, оилавий тантаналар, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирлар ортида шуҳратпарастлик, атрофда яшаётганларнинг ҳолини билмаслик, халқимизнинг урф-одатлари ва анъаналарини менсимаслик, кўпроқ одамни жалб этиш сингари иллатлар бўй кўрсатмоқдаки, буни оқлаб бўлмайди.

Илгаридан халқимиз тўй орқали бирлашган, жипслашган. Элда ўзаро аҳиллик ва меҳр-мурувват туйғулари шу тушунчалар замирида шакллана борган. Миллатнинг мингйиллик маданияти, урф-одати ва менталитети ифодаси – тўй экани рост. Лекин долзарб масала – тўйлар дабдабаси ортидан юпун кишиларнинг моддий жиҳатдан дабдаласи чиқаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас.

– Афсуски, йиллар давомида миллий тараққиётимизга катта тўсиқ ва ғов бўлиб келаётган ушбу иллатга барҳам бериш, тўй-маъракаларни ихчам, замонавий кўринишда ўтказиш бир четда қолиб, минг турли керакли-кераксиз тадбирларни ўйлаб топиш, дабдабабоз­лик, ҳаддан зиёд исрофгарчиликка йўл қўйиш сингари тушунчалар тобора кучайиб бормоқда, – дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши бошқаруви раиси Шавкат Жавлонов. – Пул топиб, ақл топмаган, маънавий савияси паст айрим кимсалар, айниқса, босар-тусарини билмаётган баъзи мансабдорлар бу борада ахлоқ-одоб мезонларини унутиб, ўзларининг жамиятдаги мавқеини, бойлигини кўрсатиш илинжида камтарликни унутиб қўймоқда. Тўй-маъракалар ортидан ортиқча сарф-харажатлар минг­лаб оилаларнинг моддий аҳволи ёмонлашуви, қарз ва ғам-ташвиш ботқоғига ботишига, энг ачинарлиси, жамиятимизда қарор топган маънавий муҳит бузилишига омил бўлмоқда.

Дўппини бошдан олиб, чуқур ўйлаб кўрайлик. Бу ортиқча дабдабабозликлар ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатиб, ҳалол меҳнатга нисбатан беписанд муносабат ва енгил-елпи ҳаёт кечиришга ўчликни пайдо қилмаяптимикан?

– Тўй масаласи ҳам моддий, ҳам маънавий муаммони келтириб чиқармоқда, – дейди “Нуроний” жамғармаси бошқаруви раиси ўринбосари Шуҳрат Усмонов. – Борга қийин эмас, яхши дастурхон ёзади, йўқ эса қарз кўтаради, чўзилади, узилади. Белгиланган меъёрда тўй ўтказилса, ҳамма учун мақсадга мувофиқ. Кўпинча биз ушбу ҳаракатларни орзу-ҳавас билан боғлаймиз. Лекин ҳар нарсанинг чегараси бор. Эрталабдан кечгача меҳмон кутиш оила иқтисодига қанча зарар етказади. Бечора тўй эгаси йиллаб қозонини сувга ташлаб қўйишига тўғри келади. Дарҳақиқат, Қуръони каримда: “Енглар, ичинглар, лекин исрофгарчиликка йўл қўйманглар. Зеро, Аллоҳ таоло исроф қилгувчиларни севмагай”, деб буюрилган. Энди эътибор берайлик, тўйхонада қанча маҳсулот исроф бўлади. Ноз-неъматларни бева-бечораларга бериш ўрнига ахлат қутиларга улоқтириш ҳолатлари кўплаб учрамоқда. Аслида, бутун умр йиққан-терган маблағни ҳавога совуриш, ноз-неъматни исроф қилиш катта гуноҳ эмасми?

– “Одамлар нима деркин”, деган тушунча бугун эскиргандек, назаримда, – дейди педагогика фанлар доктори Муҳаммаджон Қуронов. – Одамлар нима дейиши қизиқтирмай қўйди кўпчиликни. Шу боис тўйда менталитетимизга ёт одатлар кўпайиб кетди. Бунинг олдини олмасак, эртага яна урчиб кетаверади. Тўйларни ихчам, камхарж, замонавий қилиб ўтказиш бўйича меъёрларни ишлаб чиқиш фурсати етди.

Дарҳақиқат, мурожаатномада таъкидланганидек, “Тўй ва маросимлар шахсий иш эмас, мамлакат ва миллат тақдирига дахлдор ижтимоий аҳамиятга эга масаладир. Халқимизнинг миллий табиатига мутлақо ярашмайдиган, оилаларнинг моддий аҳволини оғирлаштирадиган, турмушини издан чиқарадиган бундай бемаъни ҳолатларга барҳам беришни бугун ҳаётнинг ўзи талаб қилмоқда”.

Оддий ҳақиқат шу: ортиқча вақт, маблағ ва имкониятни бой бериб ўткинчи орзу-ҳавасларга берилиш ҳеч қачон наф келтирмаган, шундан эҳтиёт бўлайлик!

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    2006
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+