Хотин-қизларга бўлган эътибор йилдан йилга кучайиб бораётганига гувоҳ бўляпмиз

07.03.2023, 17:28

Хотин-қизларга бўлган эътибор йилдан йилга кучайиб бораётганига гувоҳ бўляпмиз

Бугун Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан давлатимиз раҳбарининг байрам табриги эълон қилинди. Шу жамиятнинг бир аъзоси сифатида мен ҳам ушбу табрикни жон қулоғим билан эшитиб, қувондим. Унда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳаёт ва меҳнат шароитларини яхшилаш, уларга дахлдор ижтимоий муаммоларни ҳал этишга устувор аҳамият қаратилаётгани ва бунинг негизида қилинаётган амалий ишларнинг натижаси ҳақида сўз борди.

Дарҳақиқат, шундай. Биз аёллари эъзоз топадиган азиз юртда яшаяпмиз. Чунки, хотин-қизларга бўлган эътибор йилдан йилга кучайиб бораётганига гувоҳ бўляпмиз.

Мисолларга келадиган бўлсак, ўтган йили 872 мингдан зиёд хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди. 233 мингдан кўпроқ аёлларга 4 триллион 700 миллиард сўм кредит ажратилди. 252 мингдан ортиқ опа-сингилларимиз меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарлар ва тадбиркорликка ўқитилди.

Айниқса, кўпдан буён қийнаб келган уй-жой муаммосини ечиш мақсадида катта дастурлар амалга оширилаётир. Агар 2017 йилда мамлакатимиз бўйича қарийб 8 минг квартирали 191 та кўп қаватли уй-жой қурилган бўлса, ўтган йили – 56 минг квартирали 1433 та уй-жой барпо этилди. Жорий йилда эса яна 90 минг хонадон учун турар-жойлар қурилади. Қолаверса, ўтган йили 14 мингга яқин опа-сингилларимизнинг уй-жой шароити яхшиланди, қарийб 7 минг нафар эҳтиёжманд хотин-қизларга ижара тўловлари қоплаб берилди.

Агар бундан 6 йил аввал олийгоҳларда 110 минг нафар хотин-қиз таҳсил олган бўлса, ҳозирги кунда бу рақам қарийб 5 баробар  кўпайиб, 500 минг нафарни ташкил этмоқда. Бу борада қизларимизнинг улуши 50 фоизга етгани тарихимизда мисли кўрилмаган натижадир.

Янги тартибга мувофиқ, магистратурада ўқиётган 10 мингдан ортиқ талаба қизлар учун 68 миллиард сўмдан зиёд контракт пуллари давлат томонидан тўлаб берилди. 65 мингдан кўпроқ талаба хотин-қизларга 727 миллиард сўмга яқин фоизсиз таълим кредити ажратилди.

Эҳтиёжманд оилаларда яшаётган қарийб 2 минг нафар қизлар, шунингдек, мутахассислиги бўйича беш йиллик меҳнат стажига эга бўлган 500 нафардан ортиқ хотин-қизларимиз олийгоҳларга алоҳида квота асосида ўқишга қабул қилинди.

Бу ўзгаришларнинг бари хотин-қизларимизнинг тинч ва бахтли яшаши учун қилинаётгани кундек равшан. Негаки, аёл илмли бўлса, миллат ҳам илмли бўлишини ҳаётий тажрибалар ўзи тасдиқлаб турибди.

Ваҳоланки, бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Аммо, бир нарса аниқки, биз аёллар ҳам шунга яраша ўз меҳнатимиз билан муносиб жавоб қайтармоғимиз, яхши она бўлиб фарзандларимизни юрт корига ярайдиган қилиб тарбиялашимиз, яхши рафиқа бўлиб оилада соғлом муҳитни яратмоғимиз, керак бўлса, танлаган касбимиз орқали соҳалар ривожига ҳисса қўшмоғимиз лозим, деб ҳисоблайман. Ва буни юртимиздаги барча аёлларимиз уддалашига ишонаман.

Феруза Раҳмонқулова,

O'zLiDeP Сурхондарё вилоят Кенгаши фаоли

  • Кўрилди
    926
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+