O‘zLiDeP: эркимиз ва эртамизнинг кафолати учун овоз берамиз!

06.04.2023, 14:26

O‘zLiDeP: эркимиз ва эртамизнинг кафолати учун овоз берамиз!

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳиятини аҳолига содда, аниқ ва тўғри тушунтиришга бағишланган давра суҳбатлари, учрашувлар, эвент-тадбирлар мамлакатимиз бўйлаб давом этмоқда. Партия фаоллари  иштирокидаги тадбирларнинг навбатдагиси водий вилоятларида қизғин тарзда ўтказилмоқда.

O‘zLiDeP Наманган вилоят ҳамда Чортоқ туман кенгашлари ташаббуси билан  тадбиркорлар, фермерлар, хотин-кизлар ва ёшлар иштирокида эвент тадбири ташкил этилди.

Очиқ осмон остида ўтган тадбирда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов, Олий Мажлис Сенати аъзоси Икромхон Нажмиддинов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари – Зафар Худайбердиев, Барно Мирзамова, Сардор Ғиёсов, вилоят кенгаши раиси Солихон Мўминов, аппарат раҳбари Орифжон Маҳмудов  иштирок этди.

- Асосий электоратимиз бўлган тадбиркорлар, фермерлар ва мулкдорларимизга шуни қувонч билан айтишим мумкинки, янгиланаётган Бош қомусимизда миллий иқтисодиёт ва тадбиркорликни ривожлантириш, мамлакатда инвестициявий муҳитни яхшилаш ҳамда мулк ҳимоясини янада кучайтиришга қаратилган нормалар киритилмоқда, – деди партия етакчиси ўз сўзида. – Жумладан, нафақат банк омонатлари, балки банк операциялари ва ҳисобварақларнинг ҳам сир тутилиши кафолатланмоқда. Солиқ ва йиғимлар адолатли бўлиши ва фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишига тўсқинлик қилмаслиги ўрнатилмоқда.

Давлат қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминланиши мустаҳкамланмоқда. Мазкур норма инвесторларнинг ишончини мустаҳкамлашга, тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга хизмат қилади.

Эътибор беринг! Тадбиркорлар қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ҳақли эканликлари кафолатланмоқда. Конституциямизга мазкур қоиданинг киритилиши эркин бозор иқтисодиётининг энг муҳим талабини ўзида ифода этиб, “қонунда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятга рухсат берилади” деган тамойилга асосланади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланмоқда.

Бошқа нотиқлар ҳам жамики ўзгаришлар негизида юртимизда кечаётган ислоҳотлар моҳиятини белгиловчи “Инсон қадри учун” улуғвор ғояси ётганини алоҳида таъкидлашди.

Айниқса, тадбир сўнгида партия лидери Актам Хаитовнинг “Мол-мулк дахлсизлигининг юксак даражада кафолатланиши ишбилармонлик ва инвестициявий фаолликни ҳам рағбатлантиради, шу боис, уни ҳеч иккиланмасдан янгиланаётган Конституцияни халқ Конституцияси дейиш мумкин” деган сўзларини барча қарсаклар билан олқишлади.

«Конституция меники, сеники, бизники! Конституция ўзимизники», “Янги Ўзбекистон Конституцияси учун овоз берамиз!”, деган чақириқлар тадбирга кўтаринки кайфият бағишлади.

  • Кўрилди
    269
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+