“Янгиланаётган Конституцияда яратилиши кутилаётган кафолатлардан мамнунмиз” дейишмоқда наманганлик талаба ёшлар

07.04.2023, 10:52

“Янгиланаётган Конституцияда яратилиши кутилаётган кафолатлардан мамнунмиз” дейишмоқда наманганлик талаба ёшлар

Наманган муҳандислик технологиялари институти олимлар, ўқитувчи ва талабалар билан гавжум бўлди. Янгиланаётган Конституциянинг мазмун-моҳияти  ва бўлажак референдумда аҳолининг иштирокини ошириш мақсадида ташкил этилган мазкур тадбирда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов ва партия фаоллари иштирок этди.

Партия лидери анжуманни ўз кириш сўзи билан очиб берар экан, жумладан шундай деди:

- Сўнгги йилларда жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳаларида туб ўзгаришлар бўляпти. Манзилли ижтимоий ҳимоя тизими яратилди, иқтисодиёт эркинлашиб, хусусий мулк эгалари кўпайиб боряпти, маданий ҳаётимизда, спорт соҳасида ёшларимизнинг ютуқлари кундан-кунга ошиб боряпти, парламентаризм ва суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам демократик ўзгаришлар қилиняпти. Халқимизни қарашлари ўзгариб, ҳуқуқий онги ошиб боряпти, давлат органлари устидан таъсирчан жамоатчилик назорати олиб бориляпти.

Бундан ташқари, нақд пул, валюта муаммолари ҳал қилинди, қўшни мамлакатлар билан орамиздаги муносабатлар яхшиланди ва ҳоказо яна бошқа ишларни санаб ўтиш мумкин. Бу ютуқлар, ҳуқуқ ва эркинликлардан нафақат ҳозирги, балки келажак авлодларимиз ҳам эмин-эркин фойдаланиши учун, уларни, албатта, Конституцияда муҳрлаб қўйиш лозим. Эътибор берсак, мамлакатимиз ҳар жиҳатдан катта давлатга айланмоқда. Аҳолимиз 2040 йилга бориб 50 миллионга етади, жамиятнинг ярмидан кўпини ёшлар ташкил қилади. Уларга муносиб ҳаёт шароити яратиш учун эса барқарор иқтисодиёт, хавфсиз давлат, самарали бошқарув, ижтимоий кафолатлар бўлиши лозим.

Булар ва бошқа кўпдан-кўп муаммолар ечими мустаҳкам ҳуқуқий пойдеворни – Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституциясини тақозо этади. Айнан шунинг учун ҳам юртимизда Конституциявий ислоҳотлар олиб борилди ва амалга оширилган ишлар натижаси бўйича Конституциямизнинг ҳам мазмунан, ҳам шаклан мутлақо янгиланган матни тайёрланди.

Учрашувда сўз олган партиянинг бошқа  вакиллари ҳам таъкидлаганидек, Конституцияда давлатнинг ўқитувчилар шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиш мажбурияти кучайтирилмоқда.

Бу қоидалар мамлакатимиздаги 685 минг нафардан ортиқ ўқитувчиларнинг профессионал ўсиши ҳамда ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватланиши уларнинг жамиятдаги ижтимоий мақоми, обрўсини янада оширишга хизмат қилади.

Бош қомусимизда олий таълим ташкилотларига академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқи кафолатланмоқда. Ушбу норманинг киритилиши олий ўқув юрти ва илмий-тадқиқот муассасаларининг таълим ва илмий-тадқиқот жараёнига давлат иштирокини чеклаб, профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг ўқув жараёнидаги мустақиллигини таъминлайди.

Юқоридаги янгиликлардан кенгроқ баҳраманд бўлган устоз ва талабалар яратилиши кутилаётган кафолатлардан мамнун эканликларини билдиришди. Шунинг баробарида бўлажак сиёсий жараён – референдумда фаол иштирок этишларини айтишди.

  • Кўрилди
    407
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+