2030-йилгача мактабгача таълимга болаларни юз фоиз қамраб олинишига эришилади

01.07.2023, 14:54

2030-йилгача мактабгача таълимга болаларни юз фоиз қамраб олинишига эришилади

Учқўрғон туманида жойлашган “Узтех Гроуп” МЧЖ биносида Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёевнинг Наманган вилояти бўйича ишончли вакили Икромхон Нажмиддинов иштирокида сайловчилар билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Учқоʻргʻон туманидаги маҳалла фуқаролар йиғинлари, тиббиёт ва таълим муассасалари ходимлари, фахрийлар, бошланғич партия ташкилоти аъзолари, туман кенгаши депутатлари қатнашдилар.

Учрашувни O'zLiDeP Наманган вилоят Кенгаши раиси Солижон Мўминов кириш сўзи билан бошлаб берди. Сўнгра ишончли вакил президентликка номзоднинг таржимаи ҳоли,  сайловолди дастурида белгилаб берилган бешта мақсаднинг мазмун-моҳиятини атрофлича таништирди. Жумладан, ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароит яратиш йўналишида  2030-йилгача  мактабгача таълимга болаларни юз фоиз қамраб олинишига эришиш, “Йилига 500 минг ўқувчи  ўрни” дастури, барча шаҳар ва туманларда “Истеъдод –интилиш- истиқбол” деб номланувчи мактаб-интернатларни ташкил этиш кабиларга эътиборни қаратди.

Шунингдек, у “Одамларни ҳаётдан рози қилиш учун барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш” мақсадига тўхталар экан, вилоятда, шу  жумладан, Наманган вилоятида тадбиркорликни ривожлантириш бўйича эришилган натижалар мисолида келгуси етти йилга мўлжалланган вазифалар кўлами ҳақида тушунча берди.

Ишончли вакил  сув ресурсларидан тежаб-тергаб фойдаланиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва бунда жамоатчиликнинг ўрни ва роли, қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда  томчилатиб суғориш технологияларининг жорий этилиши ҳамда бундан кутилаётган натижаларни ҳам таҳлил қилиб берди. Президентликка номзоднинг қолган иккита мақсадида  белгилаб берилган вазифалар ҳам учрашув иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Шунингдек, тадбирда сўзга чиққан тадбиркор, ёшлар вакиллари ҳамда меҳнат фахрийлари Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурини, унда  белгиланган бешта мақсадни якдиллик билан қўллаб-қувватладилар.

  • Кўрилди
    380
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+