Ислоҳотлар давом этади – янги Ўзбекистон янги марраларга интилмоқда

17.07.2023, 11:13

Ислоҳотлар давом этади – янги Ўзбекистон янги марраларга интилмоқда

Шу йилнинг 14 июли  халқимиз, жумладан, партиямиз электорати, фаоллари орзиқиб кутган, мамлакатимиз тараққиётида навбатдаги, янада юксак  босқич бошланган кун сифатида янги Ўзбекистон тарихига муҳрланади. Зеро, бир ҳафта аввал мамлакатимизда бўлиб ўтган президентлик сайловида 87,05 фоиз овоз билан халқимиз ишончи ва меҳрига сазовор бўлган муҳтарам Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида Президентлик лавозимига киришиш олдидан тантанали қасамёд қабул қилди.

Мазкур маросимда давлатимиз раҳбари  нутқ сўзлади. 

“... Бугун елкамга қандай улуғвор масъулият олаётганимни, Ватанимиз мустақиллиги, 36 миллиондан зиёд азиз халқимнинг тинчлиги ва фаровонлиги учун шахсан жавобгар эканимни юрак-юрагимдан ҳис этиб турибман.Мана шундай юксак ишонч учун, ҳурмат ва эътибор учун кўпмиллатли, мард ва донишманд халқимизга фарзандлик меҳри ва садоқати билан таъзим қиламан”, деди Шавкат Мирзиёев.

Кейинги йилларда юз берган ҳаётбахш ўзгаришлар, янгиланишларга гувоҳ бўлаётган юртдошларимиз Президент сайловида тўғри танловни амалга оширганликларини яна бир карра чуқур ҳис этдилар. 

Президентимиз ўз сўзида барчамизни янада қатъият ва шижоат билан ишлашга ундадилар:Халқимизнинг бизга билдирган юксак ишончи барчамиздан – депутат ва сенаторлар, вазир ва ҳокимлар, давлат ва нодавлат ташкилотлари раҳбарларидан, ҳар бир юртдошимиздан белимизни янада маҳкам боғлаб, аввалгидан икки-уч карра кўпроқ ғайрат ва шижоат билан ишлашни талаб этади”.

Мамлакатимиз раҳбари Ўзбекистон учун келгуси йиллар сиёсий, иқтисодий-ижтимоий, маданий-гуманитар соҳаларда туб бурилиш ва улкан ўзгаришлар даври бўлишини таъкидлади.

Хусусан, партиямиз асосий электорати саналган, тадбиркорлик янада кенг қулоч ёзишидан манфаатдор ишбилармонлар, фермерлар учун яқин истиқболда имтиёзлар, енгилликлар бериш сиёсати изчил давом эттирилади. Солиқ тизимини соддалаштириш ва барча тадбиркорлар учун тенг имкониятлар яратиш, келгуси йилларда бизнес учун қўшилган қиймат, фойда, айланмадан олинадиган ва мол-мулк солиғи бўйича ставкалар оширилмаслиги қатъий кафолатланади. Вақтида солиқ тўлаётган корхоналарда қўшилган қиймат солиғини қайтариш муддати бир кун этиб белгиланиб, солиқ текширувлари ўтказилмасдан уларга  давлат харидларида устунлик берилади. Шунинг баробарида “Очиқ мулоқот”лар орқали бизнес муаммоларини ҳал қилиш, бизнесга ноқонуний аралашувга йўл қўймаслик ва хусусий мулк дахлсизлиги борасида йўлга қўйилган ишлар қатъий давом эттирилади.

Тадбиркорлик қўллаб-қувватланишининг қанчалик муҳимлигини ҳамма яхши тушунади. Айниқса, иқтисодий тараққиётни тадбиркорларнинг фаолиятисиз тасаввур этиб бўлмайди. Тадбиркор нафақат ўзини ва оиласини, балки халқни ҳам, давлатни ҳам боқади, янги иш ўринлари ташкил этиб, аҳоли  бандлигини таъминлайди. Тадбиркорлик ривожланса, жамият барча жабҳаларида ўзгариш, ривожланиш бўлади, одамлар ҳаётдан кўнгли тўлиб, руҳи кўтарилиб, янги-янги марраларга интилади.

 Қишлоқ хўжалигида амалга оширилиши белгиланган чора-тадбирлар замирида ҳам халқимиз розилиги, турмуши фаровонлигини ошириш мақсади мужассам. Зеро, деҳқон эмин-эркин, бемалол ишласа, эл дастурхони тўкин бўлади.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотган фермерларга қўшилган қиймат солиғининг 50 фоизини қайтариш амалиёти йўлга қўйилиши уларни рағбатлантирувчи кучли омилга айланади. 2030 йилгача қишлоқ хўжалигида бир гектардан олинадиган ўртача даромадни 3 минг доллардан 5 минг долларга етказиш, ҳосилдорликни пахта бўйича ўртача 45-50 центнерга, ғалла бўйича – 80-85 центнерга ошириш учун зарур шароитлар яратилиши ҳар бир ер эгасига куч ва иштиёқ бағишлаяпти.

Қўшимча 300 минг гектар майдонлар ўзлаштирилиб, уларда интенсив боғ ва узумзорлар ташкил этилиши бошқа тармоқлар ривожига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳажмини ҳозирги 8 фоиздан 25 фоизга ошириш устувор вазифа сифатида белгилаб олиниши эса, жумладан, кўплаб янги иш ўринлари яратилишига туртки беради.

Агротармоқда 2,5 миллион тонна қувватга эга бўлган 100 та янги логистика марказини ишга тушириш, соҳада экспорт ҳажмини йилига 10 миллиард долларга етказиш чоралари кўрилиши, қишлоқ хўжалигига 15 миллиард доллар инвестициялар жалб этилиши соҳани янги босқичга олиб чиқади.

Мазкур вазифалар тадбиркорларимиз ҳамда қишлоқ мулкдорлари истак-интилишларига ғоят ҳамоҳанг.

Шу ўринда  сув тақчиллигининг олдини олиш бўйича ҳам талай ишлар режалаштирилаётганини ҳам тилга олиш зарур. Чунки ушбу ресурсни тежасак, унумли фойдалана олсаккина жамики мўлжалларимиз рўёбга чиқади.

Давлатимиз раҳбари, биз фақат деҳқончилик билан кун кўрадиган мамлакат бўлиб қолмаслигимиз кераклиги, атроф-муҳитга зарар етказмаган ҳолда, ишлаб чиқариш индустрияси кучли даражада ривожланган мамлакатга айланишимиз зарурлиги, бу борада йирик дастурлар қабул қилингани, улар албатта амалга оширилишини қайд этди. Биз нафақат моҳир пахтакор ва боғбонлар ўлкаси, балки IT бўйича юқори малакали мутахассислар, инженер ва энергетиклар, кончи ва металлурглар, физик ва кимёгарлар мамлакати бўлишимиз кераклигини таъкидлади. Президентимиз айни масалада ёшларга таянишини гапириб ўтди. Эндиликда ёшларни билимли, баркамол этиб вояга етказишга эътибор аввалгидан-да кучаяди, уларга яратилаётган имкониятлар янада кенгайтирилади.

Пировардида шуни айтишни истардикки, партиямиз Янгиланган Конституциямиз, Президентимиз сайловолди дастурида белгиланган шу каби  устувор мақсад ва вазифалар мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш ва тушунтириш ишларига киришмоқда. Ва, албатта, ЎзЛиДеП халқимиз Ватанимиз янада гуллаб-яшнашига қаратилган ишлар амалга татбиқ қилинишига муносиб ҳисса қўшади.

 Актам ХАИТОВ,

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси

  • Кўрилди
    464
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+