Замонавий тадбиркор аёл, у қанадай бўлиши керак?

03.08.2023, 15:25

Замонавий тадбиркор аёл, у қанадай бўлиши керак?

Айни кунларда Жиззах вилоятида ҳам “Ҳар бир кун - бу имконият, ҳар бир кун- бу келажак пойдевори” шиори остида O`zLiDePнинг истиқболли лойиҳаларидан бири – “Ишбилармон аёл – 2023 ” кўрик танловининг туман ва шаҳар босқичлари бўлиб ўтмоқда. Унда иштирок этаётган ишбилармон опа-сингилларимизнинг фаолияти, лойиҳалари билан танишиб, ўзлари билан яқиндан мулоқот қилган ҳар бир киши, мамлакатимиз иқтисодиёти, кичик бизнес ва хусусий секторнинг ривожланишида тадбиркор ва фермер хотин-қизларнинг фаол иштирокини таъминлаш, юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ислоҳотлар моҳиятини аёллар ўртасида кенг тарғибот-ташвиқот қилиш мақсадида ташкил этилган ушбу лойиҳанинг ўз ўрни ва мавқеига эга бўлиб улгурганига гувоҳ бўлиши мумкин. Хўш, бу йил лойиҳанинг ўзига хос томонлари нималарда акс этмоқда?

- Ишбилармон аёлларимизнинг замон билан ҳамнафаслиги, олдинги йилларга нисбатан дунёқараши, сиёсий фаоллиги ошгани яққол кўзга ташланмоқда, - дейди O`zLiDeP  Жиззах вилоят Кенгаши “Аёллар қаноти” гуруҳи раҳбари  Саида Умаралиева.  – Лойиҳада  иштирок этувчилар сони кўпаймоқда. Ишбилармон аёлларимиз фаолият юритаётган соҳалар, йўналишлар сони ҳам ошиб бораётгани кишини қувонтирмай қолмайди. Масалан, қишлоқ жойларда аёлларимиз нафақат қишлоқ хўжалиги,  ҳунармандчилик, тикувчилик ва бошқа шу каби анъанавий соҳаларда фаолият олиб бормоқдалар, балки туризм, қурилиш, сервис йўналишларида ҳам ўз имкониятларини синаб кўрмоқдалар. Шижоатли, изланувчан, ташаббускор  ишбилармон аёлларимиз катта-катта ишлаб чиқариш корхоналари бунёд этиш  саъй-ҳаракатларини бошлашган. “Кўрик-танлов”  улар учун ўзига хос мулоқот майдони вазифасини ўташи шубҳасиз.

Ҳамсуҳбатимизнинг гапида жон бор. Мисол учун, “Ишбилармон аёл – 2023” кўрик-танловининг Зомин туман босқичи ғолиби деб топилган   “Култепа пилла тутзори” фермер хўжалиги  раҳбари Дилором Хусанова айни пайтда 40 нафар ҳамқишлоқларини   доимий ва мавсумий иш билан таъминлашга ўз ҳиссасини қўшган. Бир неча йўналишларда фаолият олиб бораётган ишбилармон аёл ўз ҳудудида ипакни қайта ишловчи, ундан маҳсулот етиштирувчи корхона бунёд этиш тараддудида. Агар унинг бу лойиҳаси амалга ошса, мазкур ҳудуддаги бир неча қишлоқдаги 100 нафарга яқин хотин-қизларни иш билан таъминлаш имконияти юзага келади.

Кўрик-танловнинг Шароф Рашидов тумани босқичида 3 ўринга лойиқ деб топилган Оилавий тадбиркор Гулҳаё Куштаева эса 8 нафар ногиронлиги бор аёлларни иш билан таъминлабди.

Бундай эътиборга лойиқ мисолларни мазкур лойиҳада иштирок этаётган деярли барча иштирокчилар фаолиятида кузатиш мумкин.

Эътиборли яна бир жиҳат, кўрик-танлов иштирокчилари фаолиятига баҳо беришда  уларнинг билим даражаси, давлат ва чет тилларини билиши,  экспортга йўналтирилган ёки импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқаришга асосланганлиги,  O’zLiDeP томонидан ўтказилган семинар ва ўқувларда иштирок этиб келаётганлиги,  ўз фаолиятларида учраётган муаммолар, ғов ва тўсиқларни қай тарзда бартараф этаётганлиги каби жиҳатларга ҳам эътибор қаратилмоқда.

Айниқса, “Ҳар бир кун - бу имконият, ҳар бир кун- бу келажак пойдевори” , “Мустақиллик туфайли мулкдор бўлдим”, “Мустақиллик менга нима берди?” мавзусида ўз дунёқарашидан келиб чиқиб, содда ва жонли мисолларда фаолиятини баён қилиб бера олиши ҳам танлов шартларига киритилганини фақат қутлаш лозим. Чунки, ишбилармон аёл – авваламбор, иш берувчи. Шундай экан, у ўз қўл ости ишловчилар билан тил топа олиши, ҳамкорлар билан мулоқотларда муомала маданиятига амал қилиши жуда муҳим. Лойиҳада кўзда тутилган  “Замонавий тадбиркор аёл” имиджини ушбу фазилатларсиз тасаввур қилиб бўлмайди.

 Энг муҳими буни иштирокчиларнинг ўзлари ҳам яхши англаб етишган.

Баҳром Мирзақобилов

  • Кўрилди
    669
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+