Аҳолининг доимий даромад манбаига айланувчи манзиллар

31.08.2023, 10:50

Аҳолининг доимий даромад манбаига айланувчи манзиллар

Президент Шавкат Мирзиёев ҳар сафар вилоятларга борганида жойларда ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, саноат ва хизмат кўрсатиш лойиҳалари билан атрофлича танишади. Энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида Самарқанд вилоятига ташриф чоғида ҳам шу анъана изчил давом этди.

Танишув Самарқанд туманида барпо этилаётган савдо, саноат ва сервис мажмуаси қурилиш майдонидан бошланди. Таъкидлаш жоизки, ҳалқа йўли бўйида жойлашган бу маскан ёнидан муайян муддат аввал ўтган кишининг нигоҳи қаровсиз, унуми паст, ташландиқ ерларга тушарди, холос. Энди манзара бутунлай ўзгармоқда. Янги ташаббуслар самарасиз ҳисобланган 37 гектарлик бу майдонни қанчалик ўзгартира олиши мумкинлигини бугунги ишлар яққол кўрсатиб турибди.

Бу ерда Самарқанд саноати ва иқтисодиётини янада ривожлантирувчи умумий қиймати 2 триллион 79 миллиард сўмлик 7 та лойиҳа амалга ошириляпти. Улардан биринчиси – яқинда ишга тушадиган автомобиллар эҳтиёт қисмлари бозоридаги савдо дўконларида 3 мингта иш ўрни яратилади. Лойиҳа қиймати 500 миллиард сўмга тенг мажмуа нафақат ишбилармонлар, балки ҳудуд аҳолиси, ҳайдовчилар учун катта туҳфа бўлади.

Мазкур савдо мажмуасидан ярим чақирим нарида Янги ариқ маҳалласи жойлашган. 6200 дан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган бу маҳалланинг ишсиз фуқаролари ҳам шу ердан юмуш топди. Қўшни ҳудудлардан ҳам минглаб одамлар иш билан банд бўлмоқда. Хусусан, Чилқудуқ, Дўстлик ва Бўзи маҳаллаларининг фуқаролари ҳам шу ерга келиб ишлашади.

Айни пайтда ҳудудда газоблок, пенопласт, оҳак ва зичлагич ишлаб чиқариш корхоналари қурилиши давом этмоқда. Улар шу йил охирида фойдаланишга топширилади. Шунингдек, келгуси йилларда “Кўксарой автомолл” савдо ва кўнгилочар маркази, ойнага ишлов бериш, пластик ва алюмин ромлар корхонаси қуриб битказилиши режалаштирилган.

Бу шунчаки ишлаб чиқариш қувватлари эмас, аксинча, Самарқанднинг энг олис тумани Нурободидан Каттақўрғонигача вилоят аҳолисининг даромад манбаига айланувчи манзиллардир. Умуман, ушбу лойиҳаларда ўн мингга яқин аҳоли доимий иш билан таъминланади.

Президент бу истиқболли лойиҳаларнинг беқиёс аҳамиятига алоҳида тўхталиб, уларни тезлаштириш, ишлаб чиқаришни инновацион тарзда йўлга қўйиш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ҳамда ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш бўйича масъулларга қўшимча топшириқлар берди.

Ташриф давомида Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳридаги “Азия металл проф” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан ҳам танишди. Наврўз маҳалласидаги бу жойни одамлар яхши эслайди. Гарчи Самарқанд шаҳар таркибида бўлса ҳам, 4-5 йил олдин шу атрофга чиқиндилар яширинча ташлаб кетиларди. Чунки эгаси йўқ эди-да.

Ушбу йирик заводда 2018–2022 йилларда хитойлик ҳамкорлар билан қиймати 110 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилди. Шундан 33 миллион доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициядир. 2018 йил декабрда бу ерда рух ва полимер билан қопланган металл листлар тайёрлаш бошланган бўлса, 2021 йилдан металл қувурлар ва профиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 2022 йил февралдан буён иссиқ ўрамали металл листлар ва қурилиш учун профиллар ҳам ишлаб чиқарилмоқда.

Бугун бу маҳсулотларнинг харидорлари қаторида МДҲ ва Европа давлатлари бор. Экспорт кўрсаткичлари эса тобора юқорилаяпти. Шу тарзда Самарқандда ишлаб чиқарилган металл маҳсулотлари бирин-кетин дунё юзини кўрди. Айни пайтда корхонада 520 нафар ишчи меҳнат қиляпти.

Аҳамиятлиси, бу маҳсулотлар олдинлари Ўзбекистонга тўлиғича четдан олиб келинарди. Бугунги кунда ана шу импорт ўрнини босадиган, экспортбоп сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариляпти.

Давлатимиз раҳбари лойиҳанинг тўртинчи босқичи – арматура ишлаб чиқариш корхонасининг қурилиш майдонида ҳам бўлди. Бу ерда йилига 390 минг тонна арматура қуйиш қуввати ҳамда 150 та янги иш ўрни яратилади. Давлат тадбиркорига, тадбиркор эса давлатига ишонса, муваффақиятлар занжири бир-бирига уланавериши шу ердаги мулоқотда ҳам ўз тасдиғини топди.

Президент қурилиш саноатидаги барқарорлик учун бундай ташаббуслар зарур эканини, маҳаллийлаштириш ва таннархни тушириш орқали экспортда рақобатбардошликни ошириш кераклигини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда йил якунига қадар амалга оширилиши лозим бўлган асосий вазифалар бўйича ўтказган танқидий-таҳлилий руҳда кечган йиғилишда қайд этганидек, бугунги кунда ҳудуд саноатининг қарийб ярми Самарқанд шаҳрига тўғри келади. Ўтган етти ойда вилоятда 600 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилган. Лекин уларнинг 78 фоизи Самарқанд шаҳри, Каттақўрғон, Пастдарғом ва Самарқанд туманлари ҳиссасига тўғри келган. Сўнгги беш йилда электр истеъмоли 1,5 баравар ошган. Қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик, сувни тежаш етарли эмас.

Шу боис маҳаллаларда тадбиркорлик ва деҳқончиликни қўллаб-қувватлаш, узум ва писта етиштиришни кўпайтириш, серқатнов йўллар бўйида хизмат кўрсатиш соҳасида аҳолини ишли қилиш зарурлиги таъкидланди.

“Ургут” эркин иқтисодий зонасининг 15 та тумандаги ҳудуди ва вилоятдаги 106 та саноат зонасини инфратузилма билан таъминлаш учун шу йилнинг ўзида 170 миллиард сўм ажратилган. Лекин уларда 620 гектар ер бўш турибди. Мутасаддиларга инфратузилма муаммосини ҳал этиб, ушбу майдонларга тадбиркорларни жалб этиш бўйича топшириқ берилди. Аҳолини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш масаласи ҳам муҳокама марказида бўлди. Оқдарё ва Пастдарғомдаги подстанцияларни янгилаш, йил якунигача Каттақўрғон тумани ва Самарқанд шаҳрида қуввати 250 мегаватт бўлган 2 та қуёш электр станциясини ишга тушириш вазифаси қўйилди. Шаҳар ва туманларнинг фойдаланилмаган имкониятларини, захираларини ишга солиш ҳисобига айтилган топшириқларнинг ижросини таъминлаш йўллари ҳам кўрсатиб берилди.

Мақсад эса ҳаммамиз учун аниқ – халқни рози қилиш! Марказдан то энг чекка ҳудудларгача ислоҳотлар натижадорлигига эришиш!

Наврўз РИЗАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    290
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+