Мулк ҳуқуқи дахлсизлиги таъминланса тадбиркорлик ривожланади

06.09.2023, 09:51

Мулк ҳуқуқи дахлсизлиги таъминланса тадбиркорлик ривожланади

Мулк дахлсизлиги ҳар кимнинг ўз бойликларига эгалик қилиш, фойдаланиш ва бошқариш ҳуқуқига эга эканидир. Бу ҳуқуқ одамларга ўз мулкидан қандай фойдаланишни эркин танлаш имконини беради ва қонун олдида тенгликни яратади.

Қолаверса, мулкдор ўз мулки ишончли ҳимоя қилинишига ишонсагина инвестиция киритади. Тадбиркор бизнесини ривожлантиришга бор вужуди билан ҳаракат қилади. Демак, ҳам мулкдор, ҳам давлат иқтисодиёти ривожланади.

Юртимизда сўнгги йилларда тадбиркорлар ҳуқуқлари янада кенг ҳимоя қилинаётгани ҳам бежиз эмас. Соҳа эгаларининг ҳуқуқий ҳимояси кучайтирилаётгани, уларга кўплаб имтиёз ва енгилликлар берилаётгани уларни руҳлантирибгина қолмай, иқтисодиётимизнинг ривожи, халқимиз фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Яратилаётган қулай имкониятлар туфайли кейинги 6 йилда тадбиркорлик субъектлари сони 6 баробар кўпайиб, бугунги кунда 2 миллионга етди. Даромади 1 миллион доллардан ошган тадбиркорлар сони 26 минг нафарга, 220 нафар тадбиркорнинг даромади эса 100 миллион долларга етди.

Тан олиш керак, хусусий мулкни ҳимоя қилиш соҳасидаги амалга оширилган ислоҳотлар ва кўрилаётган чораларга қарамасдан хусусий мулк дахлсизлиги билан боғлиқ муаммо ва низолар мавжуд эди.  Хусусан, давлат органи мансабдор шахснинг ноқонуний қарори асосида хусусий мулкни “снос” шаклида олиб қўйиши, мулкдорга етказилган зарарни қопламаслиги, асоссиз важлар билан кўчмас мол-мулкни бузиш кабилар мулкдорларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётганди. 

Суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар, жумладан янги таҳрирдаги Конституциямизга ҳаётбахш нормаларнинг жорий эътилиши туфайли мулк ҳуқуқи кафолатлари, судларда уларнинг ҳимояси ва дахлсизлигини таъминлаш мустаҳкамланди. Жумладан, Конституцияда илк маротаба ер хусусий мулк бўлиши мумкинлиги назарда тутилди. Ушбу норма асосий қонундаги ҳақиқий инқилобий янгиликлардан бири сифатида мулкчилик муносабатларидаги бўшлиқни тўлдирди.

 Шу билан бирга, ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланиши белгиланди.

Бунда уй-жой мулкдорларига нисбатан 2 турдаги муҳим конституциявий кафолат белгиланди: суд кафолати ва уй-жойдан маҳрум этилганда компенсация олиш кафолати. Суд кафолати уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқи суд қарорисиз маҳрум этилишига йўл қўйилмаслигини англатади. Бунда суд томонидан мулк ҳуқуқини бекор бўлишига сабаб бўлувчи ҳолатлар амалдаги қонун ҳужжатлари асосида объектив тарзда кўриб чиқилади. Албатта, мазкур тартиб мулкдор ҳар қандай ҳолатда асоссиз равишда мулк ҳуқуқидан маҳрум этилмаслигини кафолатлайди.

Иккинчи кафолат, яъни уй-жойдан маҳрум этилганда компенсация олиш кафолати мулкдор иқтисодий манфаатлари ҳимоясига йўналтирилгани билан эътиборга молик. Мазкур норма қонунда белгиланган ҳолларда ва тартибда уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорни шу уй-жой ва етказилган зарар учун тенг қийматда компенсация олишини кафолатлайди.

Бундан ташқари, суд орқали хусусий мулк ҳимояси ва дахлсизлигини таъминлаш мақсадида хусусий мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқини бевосита ёки билвосита чеклашни назарда тутувчи, мулкий муносабатларда бозор иқтисодиёти тамойилларини тўлиқ жорий этишга тўсқинлик қилувчи тартиблар, талаблар ва чекловлар бекор қилинди.

Хусусан, ер участкаларига бўлган ҳуқуқнинг вужудга келиши учун асос бўлган ҳужжатларни, шу жумладан Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳужжатларини уларнинг ўзи ёки юқори турувчи орган ва мансабдор шахслар томонидан, хусусан прокурор протести асосида бекор қилиш йўли билан ер участкасига бўлган ҳуқуқни тугатиш амалиётига чек қўйилди. Ушбу ҳужжатлар фақат суд томонидан бекор қилиниши ёки ҳақиқий эмас деб топилиши белгиланди.

Умуман олганда, Конституцияда мулкдорларнинг мулк дахлсизлиги тамойилларининг мустаҳкамлангани уларнинг мол-мулкига  ўзбошимчалик билан қонунга хилоф равишда тортиб олиш ва улардан фойдаланиш ҳолатларидан ҳимоя қилинишини таъминлайди. Бу мулкдорларнинг ўз мулкига эгалик қилишлари ва улардан фойдаланишлари учун замин яратиб давлатга бўлган ишончларини мустахкамлайди.

Зеро, мулкни муҳофаза қилиш тадбиркорликни ривожлантириш ва инвестицияларни жалб этишнинг зарур шартидир. Тадбиркорлар ва инвесторлар ўз мулклари қонун билан ҳимояланишига ишонч ҳосил қилсагина дадил одимлайди ва бу эса мамлакатимизнинг иқтисодий тараққиётига хизмат қилади.


Адҳам   ШОДМОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    263
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+