ТАРИХИЙ ИСЛОҲОТЛАР

18.09.2023, 12:33

ТАРИХИЙ ИСЛОҲОТЛАР

Халқчил суд-тизим яратилиши асоси бўлмоқда

Охирги йиллар ҳаётбахш ва тарихий ислоҳотлар даври сифатида мамлакатимизнинг шонли тарихига кирди. Айниқса, бу борада Янги Конституция қабул қилингани, унда инсон омилига алоҳида эътибор қаратилиб, унинг шаъни, қадр-қиммати улуғлангани ҳам келгусидаги ишларнинг дебочаси сифатида жаҳон жамоатчилиги томонидан алоҳида эътироф этилди. Хусусан, амалдаги бош Қомусимизда: “Инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир.

Ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмас”, дея алоҳида қайд этилди. Ушбу хайрли ишлар мутаносиб равишда изчил давом эттирилмоқда.

Яқинда Муҳтарам Президентимизнинг фармони билан келгусидаги улкан мақсад ва вазифаларни амалга оширишда дастуриламал бўлиши белгиланган «Ўзбекистон–2030» стратегияси қабул қилинди. Мазкур ҳужжатда ҳам қонун устуворлигини таъминлаш, қатор устувор мақсад ва вазифалар қаторида инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни юқори даражага олиб чиқиш, адвокатура институтининг салоҳиятини тубдан ошириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини инсон манфаатлари, қадр-қиммати ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишга йўналтириш, давлат органлари ва мансабдор шахслар устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ва суд ҳокимиятининг мустақиллигини кучайтириш сингари қатор соҳага доир жиҳатлар ҳам қамраб олинган.

Хусусан, озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши амалиётини 30 фоиздан, 20 фоизга тушуриш, судга қадар босқичда низоларни ҳал қилиш самарадорлигини 50 фоизга ошириш, далилларни тўплаш ва мустаҳкамлаш фаолиятини замонавий технологиялар ва сўнгги илмий ютуқларни жорий этиш орқали тўлиқ рақамлаштириш, адвокатлар сонини камда 2000 нафарга кўпайтириш, аҳоли пунктларида икки ва ундан ортиқ полосаали тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш йўлакларини(тугмали) светофорлар билан таъминлаш, шунингдек, судлар ва тергов органлари фаолиятида айрим процессуал ҳаракатларни масофадан туриб, амалга ошириш имкониятларини 2 баробарга ошириш белгиланган.

Албатта, суд-ҳуқуқ тизимида ҳам жаҳон тажрибаси асосида замонавий технологиялар, алоқа воситалари ва ахборот коммунакацион технологияларни жорий этиш нафақат соҳада ривожланишга туртки беради, шунинг баробарида фуқаролар учун ҳам бир қатор енгилликлар яратади. Айниқса, мамлакатимизнинг чекка ҳудудлари аҳолиси учун вақт ва маблағларни тежаш имконини беради. Бу ҳам фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, ижтимоий адолат принциплари асосида қонун устуворлигини таъминлаш йўлида муҳим аҳамият касб этади.

Эътибор қаратсак, бугун йўл-транспорт ҳодисалари ва бунда ўлим билан боғлиқ ҳолатлар ортиб бормоқда. Шу боисдан маъмурий тартиб-таомиллар принципларини йўл ҳаракатини тартибга солувчи белгилар ва ишораларга тўлиқ тадбиқ этиш ҳам «Ўзбекистон–2030» стратегиясида кўрсатиб ўтилган.

Яна бир муҳим жиҳати, «Ўзбекистон–2030» стратегиясида тадбиркорлик субьектларига нисбатан кўрилаётган жиноят ишларининг 100 фоизида ҳимоячи ёки жамоат ҳимоячиси таъминлашга эришиш белгиланган. Шу маънода тадбиркорлик фаолиятига аралашиш ва тўсқинлик қилиш, турли бюрократик тўсиқлар қўйиш афсуски, тадбиркорлар орасида кўплаб учраб туради. Янги тарихий ислоҳотлар натижасида иқтисодиётимизнинг асосий таянчи ва қанотига айланган тадбиркорлик субьектлари учун эса янада қулай имконият, жозибали тадбиркорлик муҳити яратилади.

Барқарор иқтисодий ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олиш, аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш, аҳоли учун қулай экологик шароитларни яратиш, халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш, мамлакатнинг суверенитети ва хавфсизлигини кафолатли таъминлаш каби улкан мақсадларни мужассам этган «Ўзбекистон–2030» стратегияси том маънода халқчил ҳужжат бўлди, десак ҳақиқатни айтган бўламиз.

Ўйлаймизки, мазкур ҳуқуқий ҳужжат халқимизнинг эркин ва фаровон, қудратли Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш, соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, барқарор иқтисодиётни шакллантириш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлаш йўлида дастуруламал бўлади.

Сардор ҒИЁСОВ,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси

раиси ўринбосари

  • Кўрилди
    284
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+