Энг эзгу мақсадимиз оилалар мустаҳкамлиги ва аёллар ҳуқуқий ҳимоясидир

21.09.2023, 10:23

Энг эзгу мақсадимиз оилалар мустаҳкамлиги ва аёллар ҳуқуқий ҳимоясидир

Қайси мамлакатда аёлларга эътибор кучли бўлса, ўша юртда ривожланиш ва тараққиёт авж олади. Бу гап бежиз айтилгани йўқ. Тарихда бунга ҳаётий мисоллар жуда кўп. Бугунги кунда хотин-қизларнинг жамият ва давлат бошқарувида фаол иштирок этиши энг долзарб масалага айлангани ҳам шундан.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида сўзлаган нутқида миллий сиёсатимиз марказида турадиган энг эзгу мақсад – оилалар мустаҳкамлигини, аёлларимизнинг ҳуқуқий ҳимояси ва осойишта ҳаётини таъминлашдан иборат экани ҳақидаги фикрлари ҳам тақсинга сазовор.

Давлатимиз етакчиси нутқида гендер тенгликка эришиш борасида ҳам юртимизда тизимли ишларни олиб борилаётгани айтиб ўтилди. Жумладан, ўтган йили олийгоҳларга қабул қилинган талабаларнинг 49 фоизини қизлар ташкил этди. Хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши эса биринчи марта 35 фоизга етди. Аёллар ва вояга етмаганларни зўравонликдан ҳимоя қилиш мақсадида алоҳида қонун қабул қилинди.

Мамлакатимизда “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти – Хотин-қизлар” тузилмаси билан ҳамкорликни янада кенгайтиришга катта эътибор қаратилмоқда. Биргаликдаги ташаббус сифатида аёлларнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш масалаларини муҳокама қилиш ва тажриба алмашиш учун келгуси йили Ўзбекистонда Осиё хотин-қизлари форумини ўтказиш таклифини билдирди. 

Аҳолисининг қарийб ярмини ёш авлод вакиллари ташкил этган Марказий Осиё учун ёшлар ва уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш масаласи айниқса долзарб аҳамиятга эга. Ушбу соҳада ҳамкорликни кучайтириш мақсадида яқинда минтақа давлатлари томонидан Ёшлар сиёсатининг умумий йўналишлари ҳақидаги битим имзолангани эътиборга молик. Айни пайтда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг ихтисослашган тузилмалари билан самарали ҳамкорлик ўрнатиш, бошқа минтақаларнинг илғор тажриба ва ютуқларини ўрганиш бўйича изчил иш олиб борилмоқда.

Шу муносабат билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузурида Марказий Осиё ёшларини ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этишни таклиф этаман, деди Президентимиз. Унинг доирасида “Марказий Осиё ёшларининг кун тартиби – 2030” дастурини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқдир.

Хулоса шундан иборатки, Президентимизнинг БМТ минбаридан сўзлаган нутқи жаҳон ҳамжамияти эксперт ва мутахассиларида ва кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда. Бундан Ўзбекистоннинг дунё мамлакатлари ўртасида ўз ўрни ва нуфузига эга бўлиб бораётганини англаш қийин эмас. Зеро, юртимизнинг дунёга юз тутиши ва тан олиниши мустақил тараққиёт сари дадил қадам ташлаётганидан далолат бериб турибди.

Мавлуда Ибрагимова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

  • Кўрилди
    171
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+