O'zLiDeP янги йилда ёшлар ва тадбиркорлик йўналишларидаги фаолиятини янада такомиллаштиради

04.01.2024, 10:14

O'zLiDeP янги йилда ёшлар ва тадбиркорлик йўналишларидаги фаолиятини янада такомиллаштиради

Президентимизнинг бир неча кун аввал Ўзбекистон халқига йўллаган янги йил табригида  2024 йил  мамлакатимизда “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”,  деб эълон қилинди. Бу ном Янги Ўзбекистонда бошланган туб ислоҳотларга ҳамоҳанг бўлиб,  инсон қадрини улуғлаш, халқимиз турумушини фаровонлаштиришга қаратилган янгиланишлар бардавом бўлишидан дарак бермоқда.

Эътироф этиш зарурки, кейинги етти йилда ёшларга эътибор ва ғамхўрлик, шунингдек, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсати даражасида олиб борилди.  Бошланган йилда эса мазкур йўналишларга янада кўпроқ эътибор қаратилади. Давлатимиз раҳбари табригида таъкидланганидек, янги йилда иқтисодиётимизга хорижий инвестицияларни жалб этиш, тадбиркорлик ва хусусий мулк учун кенг имкониятлар яратишни янада кучайтириш, илм-фан, инновация, IT каби соҳаларни, “яшил” ва рақамли технологияларни ривожлантиришга алоҳида диққат қаратилади. Ижтимоий соҳалар ривожи мутлақо янги босқичга кўтарилади.

Яқин истиқболда ана шундай улкан хайрли ишлар амалга оширилиши режалаштирилаётгани бежиз эмас. Ўзбекистон – ёшлар мамлакати. Аҳолининг 60 фоиздан зиёди келажагимиз давомчилари ҳиссасига тўғри келади. Ҳар йили мамлакатимиз аҳолиси 900 мингдан ортиқ нафарга ортаётганлиги эса,  жумладан,   таълим тизимидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш,  соҳани сифат жиҳатдан юқори босқичга олиб чиқиш, ёшларга касб-ҳунар ўргатиш тизимини мукаммаллаштиришни тақозо қилмоқда.

Шу ўринда “ёшлар” ва “тадбиркорлик” тушунчалари бир-бирига уйғун ва чамбарчас боғлиқ эканини қайд этишни истардик. Навқирон авлоднинг ҳаётда ўз ўринларини топиб кетишлари, уларнинг иш билан таъминланишида хусусий сектор катта аҳамиятга эга. Тадбиркорлик қанчалик ривожланса, жумладан, юқори малака, билим талаб қилинадиган жабҳаларда  ҳам унга шунчалик кўп ишчи-хизматчи керак бўлади. Бу эса аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлайди, уларни замонавий билим, ҳунарларни ўрганишга ундайди.  

Ёшлар мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришда катта куч. Республикамизда 230 мингдан ортиқ ёш тадбиркор ва фермер, моҳир ҳунармандлар фаолият олиб бормоқда. Эндиликда уларнинг сафи янада кенгайиши учун давлат томонидан кенгроқ шарт-шароитлар яратилади.

Юртимизда янги иқтисодий лойиҳаларнинг амалга оширилиши  ёшлар учун ҳам янги-янги иш ўринлари яратилиши ва аҳоли турмуш сифати ошишига хизмат қилади.

Ўз навбатида, партиямиз янги вазифаларга монанд иш юритади. Ёшлар, бизнес йўналишларида янги, самарадор лойиҳаларни йўлга қўяди. Жумладан, хусусий мулк дахлсизлиги масаласига алоҳида эътибор беради. Чунки айни омил тадбиркорлик равнақига ниҳоятда катта ижобий таъсир кўрсатади. Хусусий сектор вакилларининг ўзига тегишли мол-мулкка ўз хоҳишича эгалик қилиши қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлайди. Шу билан бирга юртимизда қарор топаётган очиқ ва эркин жамият асосларини мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан ҳам улкан аҳамиятга эга.

Партия белгиланган кенг кўламли чора-тадбирлар бўйича изчил жамоатчилик назоратини амалга оширади. Янги ҳаётни, Янги Ўзбекистонни барпо этиш учун бор куч ва имкониятларни сафарбар этади.

Дилшод Шоумаров,

O'zLiDeP Сиёсий кенгаши Ижроия

 қўмитаси раиси ўринбосари

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    351
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+