O‘zLiDeP ҳамиша ёшларга суянади

04.01.2024, 12:20

O‘zLiDeP ҳамиша ёшларга суянади

Отабек СОБИТОВ, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси бўлим мудири, Ёшлар парламенти раиси ўринбосари:

Ўзбекистонда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Мамла­катда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга зарур шароит ва имкониятларни яратиб бериш борасида мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган. Бу тизим замон талабларига ҳамоҳанг равишда такомиллаштириб борилмоқда. Хусусан, сўнгги етти йилда ёшларга оид 50 дан зиёд қонун ҳужжати қабул қилинди, 30 дан ортиқ халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ратификация қилинди.

Бугунги кунда Ўзбекистон аҳолиси умумий сонининг 56 фоизидан ортиғини шижоатли, ҳурфикр ёшлар ташкил этмоқда. Ёшлар таълими ва тарбияси, кадрлар тайёрлаш ҳамда ўғил-қизларимизни ҳар томонлама етук, билимли, салоҳиятли шахс сифатида камол топтириш ўттиз бир йиллик тарихимизда тизимли равишда такомиллаштирилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон халқига йўлла­ган Янги йил табригида 2024 йилга “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб ном бергани барча тенгдошларим қатори мени ҳам ғоят қувонтирди.

Қайд этиш жоизки, юртбошимиз мамлакат раҳбар­лигининг илк кунлариданоқ бу йўналишда ҳам янгича ёндашув ва муносабатни илгари сурди. Ўғил-қизлар­ни баркамол қилиб тарбиялаш, ҳаётга мустақил қадам қўйишлари учун барча шароитларни яратишга қаратил­ган комплекс чора-тадбирларни белгилаб берди. “Бугун туғилган бола улғайиб, ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етиб, жамиятда ўз ўрнини топиши, кексайганда эса муносиб фаровон ҳаёт кечириши мумкин бўлган” деган яхлит тизим стратегияси илгари сурилди.

Бу стратегия, энг аввало, шижоатли, креатив, жами­ятдаги мавжуд ижтимоий муаммоларга инновацион ечим топа оладиган, юрт тараққиёти учун замонавий ғояларни илгари сурадиган ташаббускор янги авлод вакилларини вояга етказишга қаратилди. Давлат ва нодавлат ташки­лотлар орқали ёшларга оид сиёсат самарадорлиги ва натижадорлигига эришиш бўйича аниқ вазифалар бел­гилаб олинди. Аҳамиятли яна бир жиҳати шуки, янги ти­зим мамлакатдаги барча ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатини қамраб олишга йўналтирилди.

Таъкидлаш жоизки, ўз навбатида ёшлар ҳам бугунги ислоҳотларнинг кузатувчиси эмас, талаба, ёш олим, дав­лат хизматчиси, тадбиркор, спортчи сифатида уларнинг иштирокчиси бўлишлари ҳамда давлат сиёсатини рўёбга чиқаришда фаол иштирок этиши жоиз.

Диёрбек СОАТАЛИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси:

Мамлакатимизда 2016 йилда бор-йўғи 77 та олий таълим муассасаси мавжуд бўлган бўлса, 2023 йилга ке­либ 210 тага етди. Ёшларнинг олий таълим билан қамро­ви эса 9 фоиздан 2023 йилнинг якунига қадар 45 фоизга етказилди.

Шунингдек, билим юртларида аъло баҳоларга ўқи­ётган талабаларнинг шартнома тўлови учун маблағлар бюджет ҳисобидан тўлаб берилиши йўлга қўйилгани, эҳтиёжманд оилалар дилбандлари учун ажратилган грантлар сони икки баробарга кўпайтирилгани илмга ошуфта ёшларга шижоат, илҳом бермоқда. Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёшлар учун Президент гранти, республикамиздаги хорижий олий ўқув юртларининг бака­лавриат босқичи талабалари учун Президент ва давлат стипендиялари жорий этилди.

Бундан ташқари, илм йўлини танлаган иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида докторантура босқичи учун квота икки баробарга оширилди. “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали эса юзлаб илм-фанга чанқоқ, истеъдодли ёшлар нуфузли хорижий олий ўқув юртларида бакалавр, магистратура ва докторантурада ўқиш имконига эга бўлди. “Ўзбекистон – 2030” страте­гияси орқали ҳам ёшларнинг таълим олишига қаратил­ган мақсадларнинг ҳаётда ўз исботини топаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз.

2024 йил – “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да олий таълимга янада эътибор оширилиши, янги илм масканларини барпо этилишидан умидимиз катта. Бу ишларнинг самараси ва натижаси, албатта, биз ёшларни етук кадр бўлиб шаклланиб, Ватанимиз равнақи ва кела­жаги йўлида хизмат қилишимизга замин яратади.

Умиджон РАҲИМОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси:

Янги йилга ёшлар манфаати билан боғлиқ ном бе­рилиши барча юртдошларимиз қатори самарқандлик ёшлар қалбини ҳам қувончга тўлдирди. Қаерга бўлмай­лик, қай тенгдошимиз билан гаплашмайлик, бошланаёт­ган йил улар ҳаётида ўчмас из қолдирадиган йил бўлиши­га ишончи ортаётганини айтмоқда. Ўзимиз ҳам бу йўлда шижоат билан меҳнат қилишга тайёрмиз.

2023 йил “Инсон қадри учун” тамойили асосида келгуси тараққиётимизни белгилаб берадиган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш ишлари бошланди. Президентимиз таъкидлаганидек: “Ҳаёт бор экан, унинг ютуқ ва қувончлари, ташвиш ва муаммолари ҳам бўли­ши табиийдир. Аммо инсон ва халқ ақл-заковати, ҳалол меҳнати, мустаҳкам иродаси билан ҳар қандай синовлардан муносиб ўтишга қодир”.

“Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш” истагининг тагида олам-олам маъно мужассам. “Бизнес” сўзининг луғавий маъносига эътибор қаратсак, у инглизча business – иш, машғулот, корхона маъноларини англатади. Демак, бизнесни қўллаб-қувватлаш деганда бандлик, машғуллик, корхоналарни қўллаб-қувватлашни тушунишимиз керак. Шунингдек, фақат пул топишга қаратилган эмас, балки до­имий равишда эътибор, қўллаб-қувватлашга эҳтиёжи бор соҳани тушунишимиз лозим. Яъни давлат томонидан биз­нес қанчалик қўллаб-қувватланса, бундай субъектлар ҳам мамлакат ривожи, хизматлар сифати, мамлакат нуфузи­нинг ошиши ва халқ фаровонлигига хизмат қилиши дар­кор. Бизнес қанчалик ривожланса, унга шунчалик кўп ишчи керак бўлади, бу эса аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлайди, уларнинг ноқонуний миграцион жараёнларга жалб этилишини камайтиради.

Президентимиз табригида таъкидланганидек, янги йилда иқтисодиётимизга хорижий инвестици­яларни жалб этиш, тадбиркорлик ва хусусий мулк учун имкониятлар яратишни янада кучайтириш, илм- фан, инновация, ахборот технологиялари, “яшил” ва рақамли технологияларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Ижтимоий соҳалар ривожи мутлақо янги босқичга кўтарилади.

Жамолиддин ИМОМНАЗАРОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси:

Ҳозирги даврда дунёдаги иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий муаммолар ечими тўғридан-тўғри ёшлар билан боғлиқдир. Чунки бугунги ёшлар эртанги ку­нимизнинг етакчи кучи – лидерлари саналади. Шу ту­файли, улар муаммоларига халқаро форматлар дои­расида эътибор қаратиш, глобал ечимлар топиш ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Давлатимиз раҳбари ёшлар масаласида халқаро ҳамжамият билан конструктив мулоқотни йўлга қўйишни ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлиги ва ёшлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш борасида олдимизда турган муҳим вазифалардан бири сифатида белгилаб берди. Нафақат ўзбекистонлик ёшлар, балки дунёдаги ёш авлод вакилларини “Инсон қадри учун” тамойи­ли асосида фаровон ҳаёт кечиришини исташини билдирди. Шу туфайли, Ўзбекистон 2018 йилда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Ёшлар кенгашига, 2020 йилда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатларнинг Ёшлар ишлари бўйича кенгашига, 2021 йилда эса Осиёда ўзаро ишонч чоралари бўйича кенгашининг Ёшлар бўйича кенгашига тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида қабул қилинди.

Албатта, ёшларга оид янги тизим нафақат ички, бал­ки ташқи сиёсатда ҳам манфаатлар муштараклигини на­зарда тутади. Зеро, Янги Ўзбекистон ёшлари халқаро майдонда ҳам ўз ўрни ва сўзига эга бўлиши керак. Бунинг учун халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш, хорижлик ёшлар билан фикр ва малака алмашиш майдонини яратиш лозим.

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    180
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+