Экилгани эмас, кўкаргани ҳисоб

12.01.2024, 18:17

Экилгани эмас, кўкаргани ҳисоб

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманидаги Охунбобоев ҳудудидаги адирлар бағрида мевали боғ ташкил этишга бағишланган илмий-амалий семинар ташкил этилди.

Тадбирда Фарғона вилояти Қува томорқа ер участкаларини ривожлантириш илмий амалий маркази МЧЖ мутахассислари томонидан мевали дарахт кўчатларини экиш, озиқлантириш, қатор ораларига ишлов бериш юзасидан амалий машғулотлар ўтказилди.

Марказ мутахассиси Ахроржон Ўлмасовнинг таъкидлашича, марказ тасарруфида 400 гектар ер майдони бўлиб, ҳар йили 100 хил мевали кўчатлар  етиштирилади. Бу йил улар воҳа фермерлари ва томорқа ер эгаларига 100 минг тупга яқин кўчат етказиб беришни режалаштиряпти. Бугунги тадбирга 2 минг дона бодом кўчатлари олиб келишган. 

Семинарда O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Хаитов раҳбарлигидаги республика ишчи гуруҳи аъзолари ҳам иштирок этди.

Партия етакчиси Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги кўчат экиш ишларини ҳар бир фуқаро қўллаб-қувватлаган ҳолда ҳовлиси саҳнига бир дона бўлса ҳам кўчат ўтқазса, яхши ният билан экилган ниҳоллар яшилликка бурканиб, чор-атрофга гўзаллик бахш этибгина қолмасдан ҳавонинг мусаффолигини таъминлаши, шириндан-шакар мевалари эса аҳоли дастурхонини безашини алоҳида таъкидлади. 

 - Қамаши кенгликларини кезар эканмиз, адирликлар, йўл четларида  ўтган йили экилган айрим дарахт кўчатлари қуриб қолганлигини гувоҳи бўлдик, - деди O’zLiDeP Сиёсий кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси  Актам Хаитов. - Чунки лалмикор майдонларга кўчат экишдан олдин, уларни суғориш ҳақида ўйлаш керак. Электр таъминоти доимо ҳам бўлмаслиги мумкин. Шунинг учун плёнка қопламали ҳовузлар ташкил этиб, уларда йиғилган сув заҳирасини қувурлар орқали томчилатиб суғоришда ишлатиш яхши самара беради. Электр бор пайтда ҳовузни бир тўлдириб олсангиз, бир ҳафта томчилатиб суғоришга етади. Экилгани эмас, кўкаргани ҳисоб. Кўчатлар учун сарфланаётган маблағларни кўка совуришимиз керак эмас. Бу йилдан эътиборан ҳар бир ҳудудда яратилган боғлар учун масъуллар белгиланади ва улар ҳар бир кўчатнинг кўкариши учун жавобгар бўлади.  Қашқадарёнинг гўзал табиати ҳамиша меҳмонларни ўзига мафтун этиб келади.  Вилоят аҳолиси азалдан боғ яратишни эзгу анъанага айлантиришган. “Янги Ўзбекистонни яшил маконга айлантирайлик!” шиори остида ўтказилаётган кўкаламзорлаштириш ишларида депутатларимиз ва партиямиз аъзолари фаоллик билан қатнашишлари керак. Бугунги кунда кўчат экиш ишлари барча корхона, ташкилот ва муассаса, маҳаллаларда жадаллик билан олиб борилаётир. Депутатларимиз ўзи улғайган маҳалласи, таълим олган билим маскани ҳудудига кўчатлар экишиб, бошқаларга ибрат бўлишаяпти.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси – бу бир йиллик тадбир эмас, балки мунтазам равишда қилишимиз лозим бўлган эзгу аъмалдир. Дарҳақиқат, яшаб турган жойимизни озода сақлаб, биздан кейинги авлод ҳам муносиб табиий муҳитда яшашлари учун бугун биз табиатга меҳр ва эътибор берсак келажак авлод ҳам муносиб экологик шароитда яшайди. Бунинг учун чор атроф мусаффолигини таъминлаш мақсадида дарахт кўчатларини экишимиз зарур. 

Мазкур ҳудуддан Чироқчи туман томорқачилик илмий-амалий маркази учун 80 гектар ер майдони ажратилган бўлиб, мавсум поёнига қадар 70 минг дона мевали дарахт кўчатлари экиш режалаштирилган. Семинар бўлиб ўтган куни 8 минг туп кўчат замин бағрига қадалди.

  • Кўрилди
    255
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+