Деҳқонободлик тадбиркор 1 гектар майдонда лимонзор барпо қилди

23.01.2024, 11:49

Деҳқонободлик тадбиркор 1 гектар майдонда лимонзор барпо қилди

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Хаитов раҳбарлигидаги республика ишчи гуруҳи аъзолари Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида томорқачиликни ривожлантириш борасидаги ишлар билан танишишди.

Карашина маҳалласида яшовчи Одил Дониев катта йўл ёқасидаги сайхонликда лимонзор ташкил этган экан. 1 гектар майдонга 2 минг дона лимон кўчати экиб, ҳар йили 4-5 тонна сифатли ҳосил олмоқда. Лимонларнинг олди ҳосилга кирган. Оқова сув бу ерларда мутлақо йўқ. Машинада ҳовузга тўктириб, қувурлар орқали томчилатиб суғоришади. Лимон кўчати етиштириб, катта даромад қилаётган оилавий тадбиркорлар ҳам бор. Бир ёшли бир туп лимон кўчати 25 минг сўм сотилмоқда.  Айридевол МФЙ Чамбил қишлоғида яшовчи Ихтиёр Азимов 6 сотих майдонда 4400 дона коврак кўчатини экиб парваришлаяпти. Оилавий тадбиркор етти йилдан сўнг коврак ҳосил бера бошлагач, ҳар йили катта даромад қилишни режалаяпти. Маҳаллада кўпчилик коврак кўчати етиштиришни йўлга қўйган. Бир килограмм коврак уруғи экилса, 50 минг дона кўчат етиштириш мумкин. Томорқа ер эгаси Дилафрўз Азимованинг таъкидлашича, икки йиллик коврак кўчати 3 минг сўмдан сотилмоқда.

Катта Ўра дарёси ёқасидаги Бозортепа қишлоғи боғбонлари узумдан мўл ҳосил олишиб, рўзғорларига барака киритишаяпти. Оқработ қишлоғида яшовчи Исмоил Қулназаров 5 камерали 12 тонналик совуткич қурмоқчи эканлиги, келгусида етиштирилган кишмиши, тоифи узумларини шу ерда сақлаб, қиш ойларида яхшигина нархда сотиб, олган даромади эвазига  олган молиявий кўмагини тўламоқчи эканлигини билдирди. Унга банкдан кредит олишга  амалий ёрдам бериладиган бўлди.

Мулоқотлар чоғида ишчи гуруҳ аъзолари томонидан инкубатордан жўжа очтириб, парвариш қилиш, тоғ шароитида эчкичиликни ривожлантириш, “Деҳқонобод қулупнай мактаби”га асос солиш юзасидан тавсиялар берилди. 

  • Кўрилди
    147
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+