Янги соҳаларни қамраб олган жадал ҳамкорлик

09.02.2024, 15:33

Янги соҳаларни қамраб олган жадал ҳамкорлик

Ўзбекистон Беларусь давлати билан ҳар томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга катта аҳамият қаратмоқда. Ўзаро товар айирбошлаш  кўрсатгичларининг ўсиши,  иқтисодиётнинг турли тармоқларида кооперация лойиҳаларининг амалга оширилиши шароитида Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги  кўп қиррали  муносабатлар жадал ривожланаётганини алоҳида таъкидлаймиз. Маданият, киноматография ва спорт соҳаларида қўшма тадбирлар ўтказиб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенконинг  мамлакатимизга расмий ташрифи жараёнлари ва натижалари ҳам мазкур тенденцияларни тасдиқлайди.

Айни дамда, Беларусь Президентининг ушбу ташрифига тайёргарлик доирасида қатор тадбирлар, шу жумладан Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши, ҳудудлар, ректорлар, тиббиёт ходимлари форумлари муваффақиятли ўтказилди. Масалан, Ўзбекистон ва Беларусь ҳудудлари иккинчи форумининг якунлари бўйича қиймати 1 миллиард доллардан зиёд шартнома ва битимлар имзоланди.  Учрашувда кейинги йилларда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар сифат жиҳатидан янги, янада юқори босқичга кўтарилгани алоҳида таъкидланди. Томонлар халқаро тузилмалар, шу жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, МДҲ, ШҲТ доирасидаги сиёсий мулоқот ва ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттиришга аҳдлашиб олдилар.

Бундан ташқари, томонлар юк ташиш учун қулай шароит яратиш, халқаро автомобилда ташувчиларни тайёрлаш, Жанубий Осиёнинг катта бозорларига элтувчи мультимодал коридорлардан самарали фойдаланишга келишиб олдилар.

Савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ижобий суръатини алоҳида таъкидлаб ўтамиз. Ўтган йил якунларига кўра товар айирбошлаш ҳажми 15 фоизга ошди. Бундан ташқари, Презиеднтлар томонидан Ҳукуматлар олдига ушбу кўрсаткични яқин йилларда 1 миллиард доллардан зиёдга етказиш вазифаси қўйилди.

Бизнингча, ҳар икки мамлакат ҳам тегишли салоҳиятга эга. Масалан, Беларусь ташқи савдо ҳажми бўйича Ўзбекистоннинг 20 та асосий савдо ҳамкорлари қаторига киради. Сўнгги йилларда Ўзбекистон Беларусь ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик жадал ривожланиб,  янги ҳамкорлик  соҳаларини қамраб олмоқда. 2017 йилдан буён мамлакатимизда Беларусь капитали иштирокидаги  корхоналар сони қарийб 10 баравар  ортди (2017  йилда 22 тадан,  2023 йилда 209 тагача). Беларусь давлати ҳудудида Ўзбекистон сармояси иштирокидаги 100 дан зиёд  корхона фаолият юритмоқда.

2017  йилдан  2023 йилгача икки томонлама савдонинг умумий ҳажми 182,4 млн. доллардан 620,1 млн. долларгача ошиб, 3,4 бараварга ортди. Ўзбекистоннинг Беларусга экспорти (2017 йилда) 27,4 млн дан ( 2023  йилда). 119 млн. долларгача,  4,3 баравар ўсди.

 2023 йилда Ўзбекистондан Беларусга экспорт қилинган асосий товарлар тайёр кийимлар (36,6%), матолар ва ип-калава (17,8%), мева-сабзавотлар ва озиқ-овқатлар (17%), электр техника товарлари, жумладан, мис сим (6,6%), турли тайёр буюмлар (5,3%) бўлди. Ўтган йили Беларусдан импорт қилинган маҳсулотларнинг асосий қисмини ёғоч (25,1%), қорамол гўшти (16,5%), тракторлап ва мотор қисмлари (16,2%), сут маҳсулотлари (7,3%) ташкил этди.

Буларнинг барчаси мамлакатларимиз ўртасида ўрнатилган  божсиз савдо режими ҳамда бир-бирини тўлдирувчи иқтисодиётларнинг мавжудлиги самарасидир. Айни дамда, савдо-иқтисодий ҳамкорликни ва кооперация алоқаларини кенгайтириш учун  қулай шароит ҳам яратилган.

Учрашувлар якунида қабул қилинган қарорлар ва имзоланган келишувларни амалга ошириш бўйича қўшма “йўл харитаси”ни тайёрлаш ва қабул қилиш бўйича келишувга эришилгани  муҳим аҳамиятга эга.

Беларусь Президентининг ташрифи якунлари бўйича ўз навбатида, парламентлар, вазирлик ва ҳудудлар даражасидаги фаол алоқаларни давом эттириш муҳимлигини таъкидлаймиз. Юқори  даражадаги бундай ҳамкорлик  кооперациянинг устувор йўналишларини, хусусан, қишлоқ хўжалиги, енгил, озиқ-овқат ва электротехника саноати, фармацевтика, шаҳарсозлик, коммуникациялар ва бошқа соҳаларни қўллаб-қувватлаши керак.

Беларусь Ўзбекистондан тўқимачилик, чарм маҳсулотлари, мис буюмлари, алоҳида турдаги элепктр техника товарлари, мева ва сабзавотлар, жумладан, қуруқ мевалар, енгил автомобиллар, маиший кимё ва бошқа  тайёр маҳсулотларни етказиб беришни кўпайтириш учун ҳали амалга оширилмаган эккспорт салоҳиятига эга эканини алоҳида  таъкидлаймиз.   

Шунингдек, икки мамлакат ишлаб чиқарувчилари ўртасидаги кооперация алоқаларини кенгайтириш орқали Ўзбекистон ва Беларусь маҳсулотларини учинчи мамлакатлар, хусусан, Европа, Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ бозорларига олиб чиқишда бир-бирига кўмаклашиши мумкин, бу эса, ҳар икки мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш манфаатларига мос келади.

Актам ХАИТОВ,
O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси

  • Кўрилди
    176
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+