Жамаоатчилик назорати: иссиқхона учун субсидия зарур

13.02.2024, 09:24

Жамаоатчилик назорати: иссиқхона учун субсидия зарур

O'zLiDeP Сурхондарё вилояти Кенгаши вакиллари ва депутатларидан иборат ишчи гуруҳ ҳудудларда жамоатчилик назорати тадбирлари доирасида оилавий тадбиркорлар фаолиятини ўрганишда давом этмоқда.

Бунда 2023 йилда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида лойиҳаларни молиялаштириш учун йўналтирилган маблағларни ҳудудлар кесимидаги мақсадли ишлатилиши, уларнинг ягона электрон платформаси орқали маблағларнинг ажратилиши, ҳақиқий эҳтиёждан ҳамда молиялаштириш таклиф этилаётган лойиҳаларнинг истиқболи ва қўшимча иш ўринлари яратишга йўналтирилганлигидан келиб чиққан ҳолда, ажратилаётган маблағларни ваколатли банклар ва вилоятлар кесимида тезкор қайта тақсимланиш ҳолатига алоҳида эътибор қаратиляпти.

Жумладан, ишчи гуруҳ Жарқўрғон тумани “Қорақурсоқ” ҳамда “Суюнкамар” маҳаллаларидаги оилавий тадбиркорларнинг фаолиятини кўздан кечиришди. Улардан бири Хўжамурод Эшқобилов ўзининг хонадонидаги томорқасидаги 7 сотих жойга иссиқхона қуриб, помидор етиштирмоқда. Иссиқхонанинг бир четида эса 8 туп лимон кўчати ҳам экилган. Хонадон эгаси бу иссиқхонада етиштириб келаётган маҳсулотларидан йилига 20 миллион сўм даромад қилаётганлигини таъкидлади.

—  Фақат иссиқхонада полиз маҳсулотлари ва лимон етишитириш билан чекланиб қолмасдан, хонадон эгаси асаларичилик билан ҳам шуғулланар экан, — дейди ишчи гуруҳ вакили ЎзЛиДеП Сурхондарё вилояти Кенгаши депутати Гулбаҳор Тангирова. — 2017 йилдан буён асаларичиликдан (23 қути)  йилига 10 млн.дан ортиқ даромад олади. Бундан ташқари, хонадонда зотдор чорва моллари ҳамда паррандалар ҳам боқилиб, гўшт ва тухум маҳсулотлари ҳам етиштирилмоқда. Хонадонда ушбу фаолият орқали табиркорнинг ўзи, иккита келини ҳамда неваралари иш билан таъминланган. Ҳам оила аъзолари меҳнат қилишади, ҳам даромад олишади. Бундай хонадонлар ушбу маҳаллада кўпчиликни ташкил этади.

Ўрганиш жараёнида Хўжамурод Эшқобилов яна 9 сотих жойга иссиқхона қуриш учун субсидия ажратилиши ҳамда иссиқхоналарни иситиш учун табиий газ тармоғига улаш бўйича ёрдам сўради.

Албатта, жамоатчилик назорати доирасида ўрганилаётган бу каби муаммолар ва таклифларнинг ечими бўйича ишчи гуруҳ вакиллари мутасадди ташкилот раҳбарлар иштирокида депутатлик эшитувлари, доимий комиссия мажлислари ва сессияларда атрофлича муҳокамалар қилинади.

O'zLiDeP Сурхондарё вилояти Кенгаши матбуот хизмати

  • Кўрилди
    190
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+