Сурхондарёда оилавий тадбиркорлик: ривожланиш босқичлари ва муаммолар

22.02.2024, 11:04

Сурхондарёда оилавий тадбиркорлик: ривожланиш босқичлари ва муаммолар

Бугунги кунда республикамизда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш орқали аҳоли даромадларини кўпайтириш, уларнинг яшаш фаровонлигини ошириш мақсадида кўплаб лойиҳаларга қўл урилмоқда. Мазкур саъй-ҳаракатларнинг самараси ўлароқ бугун ўз бизнесини бошлаган тадбиркорлик субъектларининг фаолияти, уларни қийнаётган муаммолар,  аҳолининг бизнес ташаббуслари Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Сурхондарё вилояти туман ва шаҳар Кенгашлари ҳузурида ташкил этилган ишчи гуруҳлари томонидан жамоатчилик назорати тартибида ўрганиб чиқилди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги O'zLiDeP депутатлик гуруҳининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилишида ушбу ўрганишлар натижалари муҳокама этилди. Эшитув тарзда ўтган йиғилишда вилоят маҳаллабай ва тадбиркорликни ривожлантириш бошқармаси ҳамда Марказий банкнинг Cурхондарё вилояти бош бошқармаси вакиллари 2023 йил давомида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолини тадбиркорликка жалб этилиши, иш ўринларини яратилиши ҳамда кредит маблағларининг мақсадли сарфланиши бўйича амалга оширилган ишлар хусусида ҳисобот беришди.

Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 31 январдаги “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида аҳолининг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлашни янги босқичга олиб чиқишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, ўтган йилда вилоятда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун 890 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилган. Шундан 444 миллиард сўм маблағ хотин-қизлар ҳиссасига тўғри келади. Натижада минглаб фуқароларнинг бандлиги таъминланган.

Жумладан, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш соҳаси ва  ишлаб чиқариш, ҳунармандчиликни ривожлантиришга қаратилган ва бошқа йўналишлар бўйича ишлаб чиқилган лойиҳаларга биноан тегишли миқдордаги имтиёзли кредитлар ажратилган. 

Яна 8476 гектар ер майдони 14 447 нафар дафтарларда рўйхатда турган фуқароларга экин экиш учун бўлиб берилди. Эндиликда 2024 йилда 2540 та микро лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилмоқда. Натижада эса 8 минг иш ўрни яратилади. Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси маблағларидан бу йилга яна 28,7 миллиард сўм субсидия ажратилиши кўзда тутилмоқда.

Бироқ вилоятда оилавий тадбиркорликни ривожлантиришда айрим камчилик ва муаммолар ҳам йўқ эмас. Эшитувда ушбу масала юзасидан депутатлар қатор оғриқли масалаларни ўртага ташлашди. Ушбу дастурлар доирасида ажратилган кредитларнинг 4 900 таси муаммоли эканлиги ёки бўлмаса, таъминотчи корхоналарнинг етказиб бераётган маҳсулотлари ҳар доим ҳам кўнгилдагидек эмаслиги, бу аҳолининг эътирозларига сабаб бўлаётгани таъкидланди.

Қолаверса, оилавий тадбиркорлар етиштираётган маҳсулотини тўғридан тўғри экспортга чиқаришга қийналишаётгани ҳам айтиб ўтилди.

–  Тадбиркорликни бошлаш арафасида турган ҳамюртларимиз ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларга ҳар томонлама кўмаклашиш, ажратилаётган кредитлардан мақсадли фойдаланишга ўргатиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир, – дейди. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Дилбар Сувонова. – Ушбу муҳим масалага партиямиз фаоллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, ҳамкор ташкилотлар томонидан ҳам жиддий ёндашилса, жумладан, муаммоли кредитларни ҳам ўз вақтида қайтариш имконияти яратилган бўларди.

  • Кўрилди
    185
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+