Ота-она меҳрига муҳтож болаларни тарбиялаш бўйича вазифалар белгиланди

24.02.2024, 12:06

Ота-она меҳрига муҳтож болаларни тарбиялаш бўйича вазифалар белгиланди

Президентимиз раислигида 20 февраль куни ижтимоий ҳимоя соҳасидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ота-она меҳрига муҳтож болаларни тарбиялаш бўйича ҳам аниқ вазифаларни белгилаб берди.

Энди жойларда васийлик ва ҳомийлик масалалари, ота-она қарамоғидан маҳрум болалар билан маҳалладаги ижтимоий ходимлар шуғулланади. Бунинг учун ҳокимликлар ҳузуридаги Васийлик ва ҳомийлик комиссиялари тугатилиб, 1 августдан уларнинг ваколати “Инсон” марказларига ўтказилади.

Етим ва назоратсиз қолган болаларни қарамоққа олиш бўйича “ихтисослашган тутинган оила” тизими жорий этилади. Ихтисослашган 160 та таълим муассасасида босқичма-босқич “ғамхўрлик” гуруҳлари ташкил қилинади.

Ота-онасидан айрилган йигит-қизларга кўмаклашиш тизими ҳам ўзгаради. Энди “Ёшларга ҳамроҳлик” дастури асосида уларни қўллаб-қувватлаш 23 ёшгача этиб белгиланади.

Ички ишлар тизимидаги Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари “Ҳаёт мактаби” сифатида қайта ташкил қилинади. Улар тарбияси оғир болаларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш бўйича комплекс хизмат кўрсатадиган масканга айлантирилади.

Етим ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларга уй-жой бериш тизими ҳам қайта кўриб чиқилади. Бунда “Инсон” марказлари томонидан ҳақиқатда уй-жойга муҳтож ёшлар рўйхати шакллантирилади. Уларга бериладиган уй-жойнинг нархи бозор баҳосидан келиб чиқиб, ҳудудлар кесимида белгиланади.

Мутасаддиларга ҳозирда навбатда турган етим болаларни уй-жой билан таъминлаш бўйича ҳам кўрсатма берилди.

Зўравонликка учраган хотин-қизлар ва болалар реабилитация билан етарлича қамраб олинмагани қайд этилди. Шу боис бу борада маҳалла даражасида алоҳида тизим яратилади. Қийин вазиятдаги ёш оналарни қўллаб-қувватлаш, гўдаклар етим қолишининг олдини олиш учун “Оналар маскани” хизмати ташкил этилади. Шунингдек, туман шифохоналарида зўравонликка учраганларга тиббий ва руҳий ёрдам кўрсатиш учун туну кун ишлайдиган хоналар очилади.

Умуман олганда, давлатимиз етим ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларни ўз бағрига оляпти, уларнинг эртанги тақдири ва келажаги учун ғамхўрлик кўрсатяпти, гўдаклар етим қолишининг олди олиняпти. 

Мавлуда Ибрагимова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    162
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+